Янги Ўзбекистонда миллий тарих ва миллий руҳ

16:07 24 Июль 2021 Жамият
1612 0

Уч минг йиллик давлатчилик тарихимизда салкам беш йил бурун бошланган янги босқич — янги Ўзбекистон воқеликка айланиб бўлди. Сифат жиҳатидан ушбу тарихий ўзгариш Америка қитъасидан Япон оролларигача бўлган улкан ҳудуд — бутун дунёда тан олингани ва олинаётгани ҳам бор гап. 2018 йили Покистон ҳукумати бошқарувига келган Имрон Хоннинг ўтган ҳафтада Ўзбекистонда бўлиши чоғида, биз ҳам янги Покистонни қуряпмиз, дея фахрланишига қараганда, миллий етакчимиз Шавкат Мирзиёевнинг давлат ва жамият турмушининг барча йўналишини тубдан янгилашга қаратилган ғояси бошқаларга ибрат бўлмоқда.

Одатда нима ибрат бўла олади? Ўзини оқлаган, тўғрилиги исботланган, кўпчилик томонидан тан олинган ғоя, ҳаракатгина шундай эътирофга эришиши мумкин.

Чиндан ҳам, сўнгги йилларда юртимизда юз берган ва бераётган сифат ўзгаришларини ўзимизгина эмас, узоқ-яқиндагиларнинг барчаси кўриб турибди. Шу билан бирга, уларни биринчи бўлиб туяётган ўзимиз бўламиз. Негаки, Ўзбекистон — бизнинг юртимиз, унинг кечаги ва бугунги кунларини солиштиришни биздан бошқа ҳеч ким холис эплай олмайди.

Шу ўринда, қандайдир 4-5 йилда тарих фанида содир бўлган, ҳеч бир муболағасиз, ақлбовар қилмайдиган ўзгаришлар ҳақида сўз айтиш ҳам фарз, ҳам қарздир, деб ҳисоблаймиз.

Умрининг йигирма саккиз йили мустамлака даврида ўтган инсон ва тарихчи олим сифатида каминада учта тарихий босқични солиштириш ва таҳлил этиш имкони бор.

Қарамлик замони бугун кўпчиликнинг эсидан чиқиб қолди. Бу ҳам етмаганидек, уни улуғлайдиганлар эндиликда ҳам орамизда учраб туради. 1985 йили катта умид ва жўшқинлик билан ФА Шарқшунослик ­институтига борганмиз. Бироқ айрим нарсалар ҳайрон қолдириш баробарида, норозилик ҳам уйғотган. Барча катта-кичик йиғилишлар, ҳатто фақат тўрт-беш қоракўз қатнашган йиғин ҳам рус тилида олиб бориларди. Институт илмий фаолияти асосий йўналишлари Москвада белгилаб берилган. Ўзбек миллати, давлати, давлатчилиги деб айтиш, ёзиш олимларнинг хаёлига ҳам келган эмас. Ҳар қандай илмий мавзу коммунистик мафкура нуқтаи назаридан ёритилиши лозим эди.

Мустақилликка эришгач, бошқа масалаларда бўлгани каби тарих фанимизнинг тақдирини ҳам ўз қўлимизга олдик. Илгари мумкин бўлмаган қараш, ёндашувлар юзага чиқди. Бироқ умуман, илм-фан тизимида бўлгани сингари, тарих фани бўйича ҳам ягона давлат сиёсати ишлаб чиқилмади. Каминанинг 1998 йилдаги уринишлари, бир қараганда, самара бергандек кўринса-да, аммо тез орада бу шунчаки «хўжакўрсин»га амалга оширилгани аёнлашиб қолди.

Тарихий шахсларимиз, айниқса, ўзбек аёлларининг хизматларини тарғиб этиш мақсадида битилиб, 2001 йил бошларида «Фидокор» газетасида эълон қилинган «Сароймулкхоним» мақоламиз учун «Азаматнинг қиладиган бошқа иши йўқми?» даккисининг сабабини ўша пайт тушунмагандик. Бироқ Тарих институти Миллий университет таркибига қўшиб юборилиши муносабати билан 2016 йилнинг ўрталарида мазкур таълим муассасаси ҳудудига кўчиб борганида рўй берган мана бу воқеа ҳар қандай виждонли киши юрагини ларзага солмай қўймайди: бино даҳлизи деворларига жадид боболаримиз — Беҳбудий, ­Фитрат, Мунавварқори, Абдулла ­Авлоний, Ибрат, Абдулла Қодирий, Чўлпон ва бошқаларнинг суратлари ўрнатилаётган пайтда келиб қолган жуда юқори мартабали амалдор «Йўқот буларингни», деганига бугун биров ишонади, биров эса йўқ.

Қанчадан-қанча олимлар бола-чақамни боқаман деб, шундай касбини ташлаб кўчага чиқиб кетгани-чи?! Кимдир киракашлик қилди, кимдир савдо-сотиқ, яна кимдир Россияга жўнади... Таълим, айниқса, унинг олий босқичи ҳаром-хариш ботқоғига ботиб кетганини айтмаса ҳам бўлади... Шу йўсинда, умуман, илм-фан, хусусан, унинг тарих каби ўта муҳим соҳасини ўлдирдик-қўйдик. Ушбу аччиқ ҳақиқат 1997 йили Фанлар академияси тизимини тарк этиб, орадан йигирма икки йил ўтгач Тарих институти директори сифатида яна мазкур катта тизимга қайтиб, институт, умуман, тарих фани соҳасидаги аҳволнинг ичига кириб борганимиз сайин тўла-тўкис ўзини кўрсатмоқда.

Шу муносабат билан бир муҳим омил ҳам кўзга ташланаётганини урғулаган бўлардик. Бошқа йўналишларда бўлгани сингари кейинги йилларда тарих фанида ҳам уйғониш, жонланиш юз берибгина қолмай, чиндан ҳам янгиланиш жараёни илдам кечмоқда. Аҳвол жуда оғир бўлганига қарамай, йилдан-йилга яққоллашиб бораётган кескин сифат ўзгаришлари сабаблари нимада?

Биринчидан, ҳар қандай замон ва халқ учун энг бирламчи зарурат — умум-эркинликнинг илк бор жамиятимиз турмушига ёппасига кириб келиши ва кундан-кунга чуқур илдиз отиб бораётганидадир. Шавкат Мирзиёевнинг тарихий шахс сифатида миллатимиз олдидаги энг улуғ ва бош хизмати худди шу тарихий ютуғимиз билан боғлиқ, десак, барча қўллаб-қувватлайди. Негаки, эркинликсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Бунинг исботи учун яқин, ўрта ва узоқ ўтмишимиздаги ҳаётимиздан етарлича далиллар топиш мумкин.

Иккинчидан, ниҳоят, миллат омили оғизда эмас, амалда юзага чиқди. Атиги ўн йиллар бурун тил, адабиёт, тарих, маданиятни ўзбек миллати билан боғлаш, «37 йиллар»чалик бўлмаса-да, ўшанга яқинроқ даражада «миллатчилик»да айбланиб қолишга сабаб бўлганига шахсан гувоҳмиз (2013 йили миллий маданий меросимиз қонунчилигига киритилаётган мантиқсиз ўзгартиришларга қарши чиқилганда, «халқ душмани» тамғасини қўйиш билан қўрқитишлар ҳали эсдан чиққани йўқ).

Учинчидан, ниҳоят, мустақил давлатнинг илм-фандек ўта ҳаётий ва ҳал қилувчи соҳада ўз давлат сиёсати пайдо бўлди. 2019 йили, яъни Истиқлолнинг йигирма саккизинчи йилига келибгина, тарихда илк бор «Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида»ги Қонун дунё юзини кўрди, шунингдек, илм-фан тизимининг энг асосий муаммолари бўйича қатор Фармон ва қарорлари қабул қилинди. «Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармон миллий илм-фан тизимини замон талабларига кўра ривожлантиришда катта воқеа саналади. Илм-фан ва технологияларни ривожланти­ришнинг устувор йўналишларининг белгилаб олиниши эса ҳар қандай давлат ва жамият учун ҳаёт-мамот саналмиш тармоқ оқилона бошқарила бошлаганини тасдиқлаб берди.

Тўртинчидан, илм-фан муассасаларининг моддий асосини тубдан яхшилашга жиддий эътибор берилаётганини урғулаш лозим. Ўн йиллар ичра қаровсиз ётган, тўкилиб тушган бинолар тикланмоқда, янгилари қурилмоқда, асбоб-ускуналар, ашёлар сотиб олинмоқда.

Мустақиллик йилларида илк бор ёш олимларга текинга ва имтиёзли равишда уйлар ажратилгани кечагина бировнинг тушига ҳам кирган эмас.

Энг муҳими, уч-тўрт йил ичида илмий ходимлар ойлик маоши камида уч марта оширилди. Кеча магистратурани битириб, бугун Фанлар академияси илмий муассасаларидан бирига стажер-тадқиқотчиликка қабул қилинган ёш йигит-қизлар ойлиги 3,5 миллион сўм, кичик илмий ходимники эса 4,3 миллион сўмга тенг. 2017 йили 1,2 миллион сўм стипендия олган таянч докторант (олдинги аспирант) энди 4 миллион сўм, 1,6 миллион сўм олган докторант 5,1 миллион сўмлик даромадга эга. Мазкур кескин — уч мартадан кўп, ижобий ўзгариш ўлароқ сўнгги йилларда илмга интилаётган ёшларнинг сони ошиб бормоқда, директор учун эса бу — бахт! Негаки, мутахассисларни чертиб-чертиб ишга олиш имкони туғилмоқда.

Президентимиз ташаббуслари билан илмий фаолият давлат хазинасидан молиялаштирила бошлангани, бундан ташқари, давлат илмий дастурлари доирасидаги лойиҳаларни молиялаштириш ҳам сақланиб қолгани, илм-фан ва таълимнинг узвийлигини таъминлаш мақсадида олимларнинг олий ўқув юртларида дарс беришлари рағбатлантирилиши, илмий даражаси борларга қўшимча 30 ва 60 фоизлик устама ҳақи белгилангани илм аҳлининг моддий аҳволини тарихда ҳеч қачон бўлмаган даражада юксалтириб юборди. Энг муҳими, мазкур тўрт асосий манба барчага баробар қоидасига кўра эмас, балки ўз устида тинимсиз ишлаётган, тарихчилик миллий мактаби тараққиётига ўз ҳиссасини қўшаётган, ёшларни тарихий тафаккур билан қуроллантиришда жонбозлик кўрсатаётган, касби ва миллатига садоқатли олимлар учун очиқдир. Бундай касбдошларимизнинг сони эса кўпайиб бормоқда. Масалан, бизнинг институтимизда фан докторлари орасида тилга олинган барча манбалар ҳисобидан ойлиги 22 миллион сўмга етадигани ҳам бор.

2020 йили «тожли оғу» авжига чиқиши муносабати билан туғилган иқтисодий қийинчиликлар, жумладан, давлат хазинаси даромадлари камайиши шароитида ҳам миллий етакчимиз илм-фанга мўлжалланган маблағдан бир ти­йин ҳам кесилмаслигини қаттиқ тайинлаганлари эса ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихида яна илм-фан асри тиклангани, учинчи Уйғониш босқичи шунчаки шиор эмаслигининг тасдиғилигини тушунган тушунади, тушунмаган ҳеч қачон тушунмайди.

Бешинчидан, ўзбек миллати ютуқлари билан боғлиқ бўлган, кишилик тарихидаги биринчи ва иккинчи Уйғониш давр­лари айнан ўша кезларда улуғ истеъдодларнинг борлиги билангина эмас, балки давлат арбобларимизнинг илм-фан, маданиятга бўлган рағбатларига ҳам боғлиқ бўлгандир. Бошқача айтганда, давлатимиз, ҳукуматимиз, вилоят ва шаҳарларимиз бошлиқлари илм, маданият ва маърифатда кучли ва ­серқирра бўлган пайтларда, биз ­юксалганмиз. Билим қадрланмай, олимлар ерга урилганида эса қолоқликка, турғунликка юзтубан бўлингани ҳам ҳақиқатдир.

Шу ўринда, илм-фан ривожида ­Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг билим ва илм-фан моҳиятини, уларнинг кишилик ва миллат, шахс юксалишидаги аҳамиятини чуқур англаш фазилати ўзбекнинг эндиги ва келажак авлодларининг ютуғидир, десак, ошириб юбормаган бўламиз. Миллий етакчимиз қайси соҳа ва масала бўлмасин, тиббиёт ёки қурилиш, ­хизмат кўрсатиш ёки деҳқончилик, ­ишлаб чиқариш ёки таълим, ҳарбий соҳа ёки ташқи сиёсат, барчаси ва ҳар бирининг замири ва ютуғида илм борлиги ва бўлишини таъкидлайдилар, уларни ривожлантиришни кечаги эмас, балки энг олди илм билан йўлга қўйишни талаб қиладилар.

Демак, янги Ўзбекистон ғояси ва жараёнининг ўзи илмдир. Бунга ҳеч бир шубҳа йўқ. Негаки, илмнинг биринчи талаби янгилик яратишдир.

Олтинчидан, давлатимиз бошлиғи ҳар бир чиқиши ва тадбирда улуғ аждодларимиз, бой ва қадим тарихимизни тилга олади. Буюк ўтмишимиз билан ғурурланиш туйғусини халқимиз, айниқса, ёшларимизга етказиш ишига тинимсиз урғу бериб келмоқда.

Шу йилнинг январь ойида Маънавият ва маърифат кенгаши йиғилишида Президентимиз масалани кўндаланг қўйди: «Миллий тарихни ­халқимиз, айниқса, ёшларимизга миллий руҳда етказиш, уларнинг қалбига, шуурига сингдириш керак. Акс ҳолда, унинг ­тарбиявий таъсири бўлмайди. Биз ёшларимизни тарихдан сабоқ олиш, хулоса чиқаришга ўр­гатишимиз, уларни тарих илми, тарихий тафаккур билан қуроллантиришимиз зарур. Бунинг учун, аввало, Ўзбекистонда тарих фанини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишимиз лозим. Тарих институтини бу фанни ривожлантириш бўйича «таянч илмий муассаса» этиб белгилаш зарур».

Адолат юзасидан айтганда, тарих фани юқорида тилга олинган омиллар шароитида яшамоқда ва бу биз — тарихчиларнинг бахти! Тарихчи олим учун эркинлик, миллат қайғуси устувор шароитда яшаш ва ишлаш, давлат ва жамият эътибори, айниқса, миллат етакчисининг узлуксиз қўлловидан бошқа яна нима керак?! Бундан буёғига фақат бир нарса талаб қилинади, холос: ишончни оқлаш! Бутун борлиғимизни бериб бўлсада, ушбу юксак ишончни оқлаймиз ҳам.

Азамат ЗИЁ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси,
ЎзФА Тарих институти директори,
тарих фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?