«Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!»

14:30 01 Июль 2021 Маданият
2498 0

Айни кунларда ҳудудларда Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан ана шу ғоя остида «Маънавият фестивали» ўтказилмоқда.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида старт олган ушбу фестиваль чинакам байрамга айланиб кетди. Дастлаб Нукус шаҳрида Қорақалпоқ тиббиёт институтида фестиваль ва унинг доирасида ўтказиладиган тадбирлар юзасидан матбуот анжумани уюштирилди. Унда «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзолари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда журналист иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар фестивалнинг аҳамияти, амалга оширилаётган лойиҳалар мазмун-моҳияти борасида фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

— Президентимизнинг «Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда «Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилаётган мазкур фестиваль доирасида турли учрашувлар, семинарлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда, — дейди «Маърифат» тарғиботчилар жамияти вакили Алишер Азимов. — Маънавий-маърифий йўналишдаги яна кўплаб лойиҳалар амалга оширилаётир. Бу эса халқимиз, айниқса, ёшлар кайфиятини кўтариб, улар орасидан турли йўналишларда иқтидорлиларни аниқлаш имконини ҳам бермоқда.

Худди шундай Гулистон шаҳрида бўлиб ўтган мазкур фестиваль ҳам эсда қоларли, десак, муболаға эмас. Айниқса, тадбир доирасида пойтахтимиздан ташриф буюрган таниқли санъаткорлар, ёзувчи-шоирларнинг чиқишлари томошабинларнинг олқишига сазовор бўлди.

— Фестиваль баҳона Сирдарё вилоятининг кўп жойларида бўлдик ва янги Сирдарё ҳар томонлама юксалиб, ривожланиб бораётганига гувоҳ бўлдик, — дейди Ўзбекистон халқ артисти, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси Гавҳар Зокирова. — Бу кунлар бизда жуда катта таассурот қолдирди. Вилоятнинг шаҳар ва қишлоқларида ўтган тадбирлар давомида томошабинлар санъаткорларимиз чиқишларини олқишлар билан қарши олишди. Муҳими, халқимизнинг эртанги кунига ишончи баланд. Мени мана шу беҳад шодлантирди.

«Маънавият фестивали» янги Ўзбекистонимизнинг бугунги шиддатли ривожига мос ва хос тарзда ташкил этилаётгани диққатга молик, албатта. Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикасида фестиваль доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.

Раҳим ШEРҚУЛОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер