Янги Ўзбекистон — Янги Кенгаш: қарор қабул қиладиган давр бошланди
Куни кеча қабул қилинган Президентимизнинг Фармони билан маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Бу шунчаки ҳуқуқий ҳужжат эмас, балки Ўзбекистонда маҳаллий демократиянинг янги босқичга чиқишини бошлаб берувчи муҳим сиёсий воқеаликдир.
Ҳужжат нафақат маҳаллий Кенгашлар фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, балки мамлакатимизда жойлардаги халқ ҳокимиятини мустаҳкамлашга қаратилган тарихий қадам бўлди. Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган мазкур концепция маҳаллий Кенгашларни суҳбатчи эмас, балки амалий қарор қабул қилувчи, ҳақиқий таъсирга эга органга айлантиришни кўзда тутади. Қолаверса, биз, маҳаллий Кенгаш депутатлари учун фақат йўл-харита эмас, балки жавобгарлик ва имкониятларнинг янги босқичи ҳамдир.
Нега бу Концепция муҳим? Чунки бугунги кунгача маҳаллий Кенгашларнинг фаолияти кўпроқ маслаҳатчилик, тавсиявий характерда бўлиб келган бўлса, энди амалий қарор қабул қилувчи тузилмага айланмоқда. Яъни, депутат энди фақат гапирмайди — ҳаракат қилади. Фармон шунчаки ваколатларни санаб ўтгани йўқ, балки ҳақиқий таъсир кўрсатиш механизмларини ҳам яратиб берди.
Энг муҳими, бугундан бошлаб маҳаллий Кенгашлар ўз ҳудудининг ривожланиши учун масъулиятли қарорлар қабул қилиш, жойлардаги бюджет маблағларини қай тарзда, қаерга йўналтириш кераклиги ҳақида мустақил фикр билдириш ва уни амалга ошириш имкониятига эга бўлмоқда. Энди депутатлар ўз ташаббуслари билан маблағ ажратишни таклиф қилиши, фуқаролар эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда лойиҳаларни молиялаштириш йўлларини белгилаши мумкин. Бу — маҳаллий ҳокимият тарихида жуда муҳим янгилик бўлди.
Концепцияда маҳаллий Кенгашларнинг назорат функциясини кучайтириш, уларни ижро органлари фаолияти устидан тўғридан-тўғри жавобгар ва таъсирчан тузилмага айлантириш назарда тутилган. Бу эса депутатларнинг масъулиятини ошириш билан бирга, халқ олдида ҳисобдорликни ҳам кучайтиради. Шу билан бирга, маҳаллий Кенгашларнинг норма ижодкорлиги соҳасидаги фаолияти ҳам такомиллашади. Қарорлар ишлаб чиқишда жамоатчилик, олимлар, ННТ ва фуқаролик жамияти вакилларининг иштироки таъминланади. Энди Кенгаш қарори жамоат муҳокамаси, таҳлил ва фактлар асосида қабул қилинади.
Фармон билан маҳаллий Кенгашларга бир қатор муҳим ваколатлар берилмоқда. Масалан, давлат мулкини ижарага бериш нархларини маҳаллий Кенгашлар белгилайди. Қабристон хизматлари тарифлари, сақлаш ва тартибга солиш қоидалари ҳам маҳаллий Кенгашлар тасдиғи билан белгиланади. Йўллардаги ҳаракат тезлиги бўйича қарор ҳам маҳаллий даражада қабул қилинади, албатта йўл белгилари ва хавфсизлик қоидаларига мувофиқ ҳолда. Бу каби қарорлар аввал марказий органлар томонидан ҳал этиларди, энди эса жойлардаги реал ҳолат ва аҳолининг эҳтиёжига қараб маҳаллий Кенгашлар ўзлари қарор қабул қилади.
Концепцияда жамоатчилик билан мулоқотни институционал шаклда йўлга қўйиш ҳам назарда тутилган. Маҳаллий Кенгашлар ҳузурида ёшлар гуруҳлари ва маслаҳат кенгашлари ташкил этилади. Ёшларнинг фикри, ННТлар, олимлар ва оддий фуқароларнинг таклифлари эндиликда Кенгаш қарорлари орқали ҳаётга татбиқ этилади. Бу кенг жамоатчиликни давлат бошқаруви жараёнларига жалб этишда муҳим механизм ҳисобланади.
Маҳаллий Кенгашлар фаолиятида рақамлаштириш масаласи ҳам катта ўрин олган. “E-Kengash” электрон платформаси янада такомиллаштирилиб, Face ID, сунъий интеллект, блокчейн каби замонавий технологиялар жорий этилади. Бу депутатларнинг овоз бериш жараёни, қарорлар қабул қилиниши, ҳужжатлар айланмаси ва муҳокамаларни юритиш жараёнини шаффоф, тезкор ва хавфсиз қилади. Рақамли ечимлар бюрократияни камайтиради, вақт ва ресурсларни тежайди, энг муҳими — фуқароларга очиқликни таъминлайди.
Шу тариқа, Президент Фармони маҳаллий Кенгашларни ҳақиқий ислоҳотлар моторига айлантирмоқда. Бу энди депутатлардан фақат маърузачи ёки тавсия берувчи эмас, балки қарор қабул қилувчи, ташаббус кўрсатувчи ва амалга оширувчи шахс сифатида фаолият юритишни талаб этади. Албатта, бундай кенг ваколатлар катта масъулият ҳамдир. Лекин биз, халқ вакиллари, бу ишончни оқлашга, ўз сайловчиларимизнинг манфаатларини муносиб ҳимоя қилишга тайёрмиз.
Янги ваколатлар, янги имкониятлар ва янги сиёсий маданият — маҳаллий демократияни амалга оширишда фуқароларнинг ҳам иштироки, ҳам назорати муҳим аҳамият касб этади. Чунки янги Кенгаш — янги Ўзбекистон қурилишида фаол иштирок этувчи, халқ билан бевосита мулоқотдаги энг муҳим тузилмалардан биридир.
Бу Фармон — маҳаллий демократиянинг устуворлигини кафолатловчи, депутатни эса ҳақиқий халқ вакили сифатида ҳаракат қилувчи шахсга айлантиради. Маҳалла муаммоси, туман эҳтиёжи, ёшлар орзуси, тадбиркор ташаббуси — энди марказ эмас, маҳаллий Кенгашда муҳокама қилиниб, ҳал этилади.
Биз депутатлар — бу имкониятни масъулият деб қабул қилдик. Энди навбат сизда, азиз фуқаролар: мурожаат қилинг, қатнашинг, талаб қилинг. Чунки яқин келажакни биз бирга қуряпмиз — маҳаллангизда, шаҳрингизда, юртимизда!
Собир ТУРСУНОВ,
халқ депутатлари Сергели туман Кенгаши депутати,
педагогика фанлари доктори, профессор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг