Янги Наманган замонавий ва кўркам қиёфа касб этмоқда

14:20 24 Декабрь 2025 Жамият
413 0

Носиржон ҲАСАНОВ олган суратлар

Президент Шавкат Мирзиёев шу йил сентябрь ойида Наманган вилоятига ташрифи чоғида Норин туманидаги Шўрариқ маҳалласида тўхтаб, аҳоли билан мулоқот қилгани қишлоқ аҳли учун кутилмаган қувончли воқеа бўлганди. Давлатимиз раҳбари маҳалла инфратузилмаси билан танишиб, уни тубдан янгилаш ҳамда номини “Янги Наманган” деб ўзгартириш таклифини билдирганди. Мана орадан уч ойдан кўпроқ вақт ўтди. Хўш, маҳалла ҳаётида нималар ўзгарди, одамларнинг кайфияти қандай, режадаги ишлар-чи?

Президент ташрифидан сўнг атамада зоҳирдир инсон муроди

Мустақилликкача бўлган даврдаги яқин ўтмишимизни ҳаммамиз яхши биламиз. Ўзбекистонни пахта хомашё базасига айлантириш сиёсати оқибатлари ҳам барчамизга маълум. Бу сиёсат қурбонларидан бири — Норин туманидаги ўша давр ғояларидан келиб чиқиб “Пахтақишлоқ” дея номланган ҳудудда ташкил этилган “Ўзбекистон” жамоа хўжалиги эди. Бу ерда азалдан сабзавот ва боғдорчиликдан, чорвачиликдан барака топиб келаётган маҳаллий аҳоли фақат пахта экишга мажбурланган эди. Кейинчалик қишлоқ маркази ўша давр мафкурасига мослаб “Шўро” деб аталди.

Давлатимиз мустақилликка эришгач собиқ иттифоқ давридаги сохта атамалар янгиларига алмаштирилди. Бироқ бунда доим ҳам маҳаллий аҳоли хоҳиш-истаклари, интилишлари инобатга олинмади. Шўро қишлоғи ҳам маҳалла гузаридан кесиб ўтувчи ариққа нисбат берилиб, “Шўрариқ” деб атаб қўя қолинди.

Йиллар давомида Шўрариқнинг шўри маҳалла аҳли тақдирига ҳам салбий таъсир этди. “Пешонамизга шўр битган экан-да”, деб афсусланишарди... Негаки, маҳалла аҳлининг яшаш шароитлари ҳаминқадар эди.

Кортеж ўз йўналишини нега ўзгартирди?

2025 йил 16 сентябрь. Президентимизнинг Наманган вилоятига ташрифи тафсилотларини бутун халқимиз қизиқиш билан телевизор ва ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб турарди. Кутилмаганда давлатимиз раҳбари ташриф режасидан четга чиқиб, қишлоқлардан бирида тўхтагани ва маҳаллий аҳоли билан мулоқот қилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу Норин туманидаги Шўрариқ қишлоғи эди.

Давлатимиз раҳбари ўз сиёсатини халқ билан очиқ мулоқот асосида олиб бораётганидан хабардор бўлсак-да, бундай воқеалар кишини ҳаяжонлантирмасдан қўймайди. Чунки юзма-юз учрашувлар Президентимизнинг халқпарварлигидан далолат берибгина қолмай, балки аҳолини қийнаётган кўплаб муаммоларга ечим топилишига ҳам замин яратишига кўп марта гувоҳ бўлганмиз. Бу сафар ҳам шундай бўлди.

Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Акмалжон Холматовнинг айтишича, давлатимиз раҳбари ташрифидан кейин, эндиликда “Янги Наманган” деб номланаётган маҳалла ҳаётида катта ўзгаришлар бошланди.

Орадан икки кун ўтиб вилоят ҳокими маҳаллада кенгайтирилган йиғилиш ўтказди. Ўзаро маслаҳатлашиб олингач вилоят ҳокимининг Янги Наманган маҳалласи қиёфасини тубдан ўзгартириш бўйича тегишли фармойиши қабул қилиниб, ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари бошланиб кетди. Мана уч ойдирки, маҳалла катта қурилиш майдонига айланган. Ҳар бир кўчада таъмирлаш, янгиланиш жараёнлари давом этяпти. Юзлаб ишчилар маънан эскирган бир неча бинолар ўрнида янгисини барпо қилиш билан машғул. Давлат-хусусий шериклик асосида тикланаётган бу кўп қаватли бинонинг биринчи қаватида болалар ўйингоҳи, иккинчисида савдо, учинчисида хизмат кўрсатиш шохобчалари, тўртинчи қаватда эса ўқув марказлари очилади. Шунингдек, унда фитнес клуб, кинотеатр, саломатлик маркази, ҳуқуқ-тартибот маскани, маиший, савдо ва сервис хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилади.

Бундан ташқари, яна бир кўп қаватли бино қурилиб, биринчи қаватига маҳалла фуқаролар йиғини идораси жойлаштирилади. Оилавий шифокор пункти, хусусий мактаб ҳамда ёшлар учун стадион қад ростлайди. Маҳалладаги эски болалар боғчаси ўрнида ҳам 330 ўринли замонавий мактабгача таълим ташкилоти қурилиши режалаштирилган.

Шу маҳаллада яшовчи тадбиркор Нозимжон Режапов маҳалла гузарида умумий қиймати 6 млрд. сўмлик замонавий тўйхона қуряпти. Ҳозиргача 4 млрд. сўмлик иш бажарилган. Маҳалла раиси бир неча ой аввал у билан суҳбатлашиб, лотокларни янгилаш ҳақида гапирганди. Бу иш ҳам ижобий ечимини топадиган бўлди. Бундан ташқари, Наманган — Ҳаққулобод автомагистраль йўлининг Қўрғонча маҳалласидан то Ҳаққулобод шаҳригача бўлган 13 км. йўл бўйида саломатлик йўлакчаси ташкил этилади. Юксалиш кўчасидан ўтган ариқнинг 0,9 км. узунлигида бетонлаш ҳамда 1,1 км. масофасида тупроқ ишлари бажарилмоқда.

Қисқа фурсатда якунига етказилган ишлар ҳам талайгина. Маҳалла раисининг айтишича, илгари икки марта “Ташаббусли бюджет” орқали 3 км.дан жами 6 км. ички йўллар асфальтланган бўлса, ўтган бир ой давомида қолган 10,7 км. ички йўллар ҳам юз фоиз асфальтланди. Маҳаллада тадбиркорлар учун “Банк хизматлари офиси” очилди.

“Ичимлик суви таъминоти” корхонаси сув иншоотларини реконструкция қилиш, қарийб 14,1 км. тармоқ тортиш лойиҳасини ишлаб чиққан. Унга кўра қудуқ қазиш ва сув минораси учун ерлар ажратилди. Сув таъминоти тармоқлари ишчи ҳолатига келтирилди. Қишки мавсумда уй бекалари учун енгиллик яратиш мақсадида Баҳробод, Истиқлол, Мустақиллик ва Қўшчинор кўчаларидаги 441 хонадонга суюлтирилган газга мослаштирилган хавфсиз мосламалар ўрнатилди. Бу борадаги ишлар давом эттирилади.

Обод юрт обод хонадондан бошланади

Албатта, амалга оширилаётган ишларнинг ҳаммасини бир мақолада батафсил санаб ўтиш имконсиз. Бироқ айтиш мумкинки, улар норинликлар жонига оро киргани айни ҳақиқат.

Ва яна айтмоқчи бўлганимиз — Янги Наманган маҳалласидаги 8 та кўчага вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, ИИБ бошлиғи ҳамда туман ҳокими масъул этиб бириктирилган. Ташкилотлар куч ва имконияти бирлаштирилмоқда. Кўчаларда асфальтлаш, ариқларни бетонлаш, сўриток қилиш ҳамда уйларнинг олд қисмини жорий таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Кам таъминланган 35 та оила уйларини ҳомийлик ёрдами асосида таъмирлаб бериш чоралари кўрилмоқда.

Маҳаллада 1248 та уй хўжалиги бўлиб, аҳоли сони 5 минг 286 нафарни ташкил этади. Хонадон эгаларида қарийб 33800 сотих томорқа мавжуд. Улардан унумли фойдаланиш эвазига қўшимча даромад олиш ҳам лойиҳаларда кўзда тутилган. Меҳнат миграциясидан қайтган беш нафар аёл билан суҳбат ўтказилиб, икки нафари ишга жойлаштирилди. 14 нафар хотин-қизга тикув машинаси берилиши натижасида улар ўз-ўзини даромадли иш билан банд этди. Ишсиз аёллардан уч нафари тикувчиликка ихтисослаштирилган “МиРСИТи” МЧЖга ишга жойлаштирилди.

Бунёдкорлик ва ҳамжиҳатлик майдони

Асосийси, маҳаллада бошланган кенг кўламли ободонлаштириш ва қурилиш ишлари ёшу қарини ҳамжиҳатликка ундади. Бунёдкорлик бошланган илк кунданоқ нуронийлар ўз фикрларини билдириб, миллий қадриятларимизни унутмаслик, меҳнат муҳитида ҳам ўзбекона анъаналарни сақлаш ҳақида қайғуришди. Гузарга йиғилган отахонлардан бири “Ҳар куни юзлаб одам ишламоқда. Меҳмонлар ҳам кўп бўлади. Шундай экан, меҳнатга келган одамга нон-чой, ош тайёр бўлсин. Ўзбекчилигимизни унутмайлик!” деди. Отахоннинг фикрини ҳамма қўллаб-қувватлади. Маҳалла нуронийси, 73 ёшли Одилжон Исманов бу ташаббуснинг бошида турди.

— Албатта, шундай қилишимиз керак. Бу — фақат меҳмонга ҳурмат эмас, бу ўзимизга, юртимизга ҳурмат, — дейди у.

Биринчи ошни маҳалла нуронийлари дамлашди. Кейин эса чиройли анъана шаклланди: ҳар куни маълум бир йилда туғилган фуқаролар гуруҳи навбат билан ош қилиб бермоқда. Ҳар бир кун — янги дастурхон, янги табассум, янги руҳият!

Кўчада дошқозонда дамланган ош, ёнимизда қадрли нуронийлар, меҳнат билан шуғулланаётган ёшлар — буларнинг барчаси маҳалланинг ҳақиқий юраги ураётганидан далолатдир.

Эътиборли жиҳати, маҳаллада ҳеч ким четда тургани йўқ. Ҳар кимнинг ўз ҳиссаси бор — кимдир бел боғлаб ишламоқда, кимдир меҳнаткашларга чой узатмоқда, кимдир ошпазга ёрдамлашмоқда.

Бунёдкорлик фақат бетон ва ғишт билан эмас, меҳр-оқибат ва бирдамлик билан юз бераётгани инсонни қувонтиради. Одамлар “Президент келган маҳаллада яшаяпмиз!” деган ифтихор билан меҳнат қилишаётир. Бундай муҳитда ҳар бир фуқаро ўзини нафақат кузатувчи, балки ўзгаришларнинг бевосита иштирокчиси деб ҳис этмоқда.

Айнан шу дахлдорлик ҳисси, умумий масъулият туйғуси ва миллий қадриятларга муҳаббат туфайли бугунги бунёдкорлик ишлари нафақат маҳалланинг қиёфаси, балки одамларнинг тафаккури, бир-бирига бўлган муносабатини ҳам янгиламоқда.

Улуғбек РЎЗИМАТОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?