Янги Марказий Осиёни шакллантириш жараёни бошланди

Бу тарихий ғоя БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилди
Марказий Осиё халқлари қадим-қадимдан бир тану бир жон бўлган. Бу бир бутунликни дастлаб мустабид тузум парчалаб ташлади. Мазкур бўлинишлар замирида ўзаро низолар келтириб чиқариш мақсади ётарди. Минг афсуски, минтақа республикалари мустақил мамлакат мақомига эга бўлганидан кейин ҳам мавжуд аҳвол яхши томонга ўзгармади, аксинча — ёмонлашди.
Вазият шу даражага бориб етгандики, халқаро кузатувчилар тез орада Марказий Осиёда юз берадиган қонли низолар ҳақида гапира бошлашганди. Баъзилари Марказий Осиёни порох тўлдирилган бочкага ўхшатишарди ва албатта, қачондир портлашини зўр бериб башорат қилишарди.
Марказий Осиё ер, сув, чегара, темир йўл, автомобиль йўллари, электр энергияси тақсимоти борасида боши берк кўчага кириб қолган эди. Чегаралар ёпилган, ҳатто чегара постларига олиб борадиган йўллар ҳам бузиб ташланган, тоғ-тошлар миналаштирилганди.
Чорак аср давомида оддий халқнинг кўз ёшлари дарё бўлди. Ота-бола, ака-ука, опа-сингил, она-болалар бир-бири билан учраша олмади. Мана шу алам ва изтироблар ичида армон билан ўтиб кетганлар қанча.
Бироқ 2016 йил Марказий Осиёда туб бурилишларнинг бошланиши сифатида тарих саҳифаларига муҳрланди. Ўзбекистон бошқарувига келган Президент Шавкат Мирзиёевнинг минтақа келажаги борасида ўз мақсадлари, ғоялари бор эди. Менинг назаримда, Шавкат Мирзиёев сиёсий фаолиятининг энг юқори нуқтаси — бир бутун Марказий Осиё.
Шавкат Мирзиёев, энг аввало, Марказий Осиёга сиёсий ишончни қайтарди. Аслида бу осон эмасди. 25 йил давомида йўқотилган ишончнинг яна пайдо бўлишини кўпчилик тасаввур қилолмасди. Ёлғон тарғибот, душман излаш васвасаси бутун бошли халқларнинг онгини заҳарлаганди. Аммо Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатъий позицияси Марказий Осиё давлатлари ўртасида бутунлай янги муносабатлар даврини бошлаб берди.
Давлатимиз раҳбарининг мустаҳкам сиёсий иродаси туфайли Марказий Осиёда манфаатлар мувозанатига эришилди. Ўзбекистон томони ташаббусни ўз қўлига олди. “Ўзгалар манфаатини ўз манфаатидан устун қўйиш” энг асосий тамойил сифатида белгиланди. Бу эса нафақат беркитилган эшикларнинг, балки ёпиқ қалбларнинг ҳам очилишига олиб келди.
Ўзбекистон Марказий Осиёда яхши қўшничилик, барқарорлик, ўзаро ҳамкорлик ва ривожланиш йўлидан асло орқага қайтмаслигини амалда намоён этди.
Марказий Осиё минтақаси эркин нафас ола бошлади. Ўз навбатида, “башоратчилар” ҳам тинч турмади. Улар бу вақтинчалик экани, мазкур минтақада ҳеч қачон тинчлик ва ҳамжиҳатлик бўлмаслигини зўр бериб тарғиб этишарди. Нега?
Чунки Шавкат Мирзиёевга мустақилликнинг дастлабки 25 йилидан жуда оғир муаммолар мерос бўлиб қолганди. Ўзбекистон — Тожикистон, Ўзбекистон — Қирғизистон чегаралари тўлиқ белгиланмаган, келишувга эришилмаган, ҳукумат комиссияларининг фаолиятида ҳеч қандай силжиш йўқ эди.
Шундай бир вазиятда Ўзбекистон раҳбарининг узоқни ўйлаб олиб бораётган оқилона сиёсати Марказий Осиё бутунлиги ва барқарорлигига йўналтирилди. Президентимизнинг қўшни мамлакатларга нисбатан самимий муносабатининг тарихи, қадим илдизлари бор, албатта. Ўзбекистон томони барча адоватларни унутиб, яқин тарихга эмас, қадим — ҳақиқий тарихга суянишга чақирди.
Ўзбек халқининг “Узоқдаги буғдойдан яқиндаги сомон яхши”, “Ён қўшнинг — жон қўшнинг”, “Қўшнинг тинч — сен тинч” каби пурмаъно мақолларига таянган Президентимиз аввал узоқдагиларни эмас, яқин қўшниларнинг эшигини очди. Ва бугун Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Бир бутун Марказий Осиё” Қояси ғалаба қилди дейишга бизнинг тўла асосларимиз бор.
2017 йил 20 сентябрь.
БМТ қароргоҳи...
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлаган Шавкат Мирзиёев “Тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий этган Марказий Осиё — биз интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифадир. Ўзбекистон ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдоридир. Биз Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳеч истисносиз барча масалалар бўйича оқилона муроса асосида ҳамкорлик қилишга тайёрмиз”, деган эди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг нуфузли минбаридан дунё ҳамжамиятига қарата айтилган бу фикрлар бугун ҳаётда ўз ифодасини топганини кўриб турибмиз.
2017 йил ноябрь ойида Самарқандда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида ўтказилган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро анжуманда минтақадаги фундаментал муаммолар муҳокама қилингани ҳам фикримиз далилидир.
Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё хавфсизлигининг гарови сифатида ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик муҳимлигини олдиндан кўра олган эди. Чунки Марказий Осиё давлатларидан бирортасида тинчлик бўлмаса, бу бутун минтақадаги тинчликка хавф солади. Тараққиёт эса, аввало, тинчликка боғлиқ. Марказий Осиёда 25 йил давомида англаб етилмаган ҳақиқат мана шу тақлид юзага чиқди.
2023 йил 20 сентябрь.
БМТ қароргоҳи...
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида нутқ сўзлаган Шавкат Мирзиёев “Ишонч билан айтиш мумкинки, бизнинг халқларимизни минтақавий ўзига хосликни англаш туйғуси бирлаштирмоқда ва бу туйғу тобора кучайиб бормоқда. Бизнинг нафақат тарихимиз, балки келажагимиз, ҳаётий муҳим манфаатларимиз ҳам умумий ва муштаракдир. Минтақавий ҳамкорлигимизни кенгайтиришдан бошқа йўлимиз йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас!” деди.
Марказий Осиёнинг бир бутунлигидан минтақадаги давлатларнинг барчаси манфаатдор. Бугун нафақат БМТ, балки Европа Иттифоқи ва бошқа халқаро тузилмалар ҳам Марказий Осиё ва унинг истиқболига ишонч билан қаратаётганлиги барчамизга фахр-ифтихор бағишлайди.
Марказий Осиё давлат раҳбарлари Маслаҳат учрашувлари минтақавий интеграцияни тобора чуқурлаштириш йўлида самарали механизмга айланаётгани ҳам бор гап, албатта.
2025 йил 24 сентябрь.
БМТ қароргоҳи...
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида нутқ сўзлаган Шавкат Мирзиёев “Бундан 8 йил муқаддам биз ушбу юксак минбардан туриб Марказий Осиёни тинчлик, яхши қўшничилик ва шериклик маконига айлантиришга қатъий қарор қилганимизни эълон қилган эдик. Бугун чуқур мамнуният билан таъкидлаш мумкин: биз бу стратегик мақсадга эришдик. Ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган баҳс ва низолар даври тарихда қолди”, дея алоҳида таъкидлади.
Шавкат Мирзиёевнинг Бир бутун Марказий Осиё Қоясига, кашфиётига тарих ўз баҳосини беришига ишонаман. Марказий Осиё давлат раҳбарлари Маслаҳат учрашувлари Марказий Осиё Иттифоқига асос бўлишига, тамал тоши қўйишига имоним комил.
БМТ Бош Ассамблеясининг юбилей анжумани — 80-сессиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёев жаҳон дипломатиясида янгилик бўлган яна бир Қояни илгари сурди — Янги Марказий Осиёни шакллантириш. Ҳа, биз шу кунларга етиб келдик. Энди олдингидек яшаб бўлмайди. Бир-биримизсиз на тинч яшаймиз, на ривожланамиз, на тараққий этамиз.
Унутмаслигимиз керак — тарихимиз ҳам бир, тақдиримиз ҳам бир. Бугун янгидан шаклланаётган Марказий Осиёга эҳтиёжимиз ҳар қачонгидан ҳам юқори.
Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Самарқанд давлат университети ректори,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг