Янги давр эшигин очган рассом
Ўзбек тасвирий санъатида шундай ижодкорлар борки, улар алоҳида асарлари билан эмас, балки бутун бошли бадиий йўналишга асос солгани билан ном қозонади. Андижонлик рассом Мурод Умар (Муроджон Умаров) ана шундай ноёб ижодкорлар сирасига киради. Унинг 3D шаклдаги тасвирлари шунчаки визуал тажриба эмас, балки Ўзбекистон рассомчилигида мутлақо янги йўналишнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган бадиий ҳодисадир. Илгари девор ва полотно икки ўлчам билан чекланар эди, Мурод Умар эса уларга ҳажм, чуқурлик ва ҳаракат туйғусини олиб кирди.
— Бир куни ҳамкасбимиз ишхонага ўғлини олиб келган эди, — дейди рассом суҳбатда. — Қуёш нури таъсирида боланинг сояси ғайриоддий даражада катта кўриниш ҳосил қилди. Шу манзара менда беихтиёр уни тасвирга кўчириш истагини уйғотди. Янги йўналишдаги ижодим айнан шу лаҳзадан бошланган.
Унинг илк 3D асари 2009 йилда Андижон шаҳридаги «Истиқлол» кўчасида оммага намойиш этилди. Эни 6 метр, бўйи 55 метрни ташкил этган улкан тасвир бутун бир бадиий макон сифатида кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Томошабин асарга қарабгина қолмас, балки у билан бирга ҳаракатланаётгандек ҳис қиларди. Ана шу ишдан сўнг 3Д тасвирлар санъат оламида оддий янгилик эмас, балки алоҳида бадиий йўналиш сифатида қабул қилинди. Мурод Умар номи эса ушбу йўналишнинг асосчиси сифатида тилга олина бошлади. Зеро, у нафақат мамлакатимизда, балки бутун Марказий Осиёда ҳали ҳеч ким қўл урмаган бадиий тажрибага асос солган эди.
2011 йилда Андижон шаҳридаги «Ўзбекистон» кўчасининг очилиш маросимида рассомнинг навбатдаги ижод маҳсули оммага тақдим этилди. Катта йўл сатҳига бўёқ орқали чизилган бу тасвир гўё ҳақиқий буюмдек кўзга ташланиб, кенг жамоатчиликда қизиқиш уйғотди. 2013 йилда эса Қўқон шаҳрида ўтказилган ҳунармандлар фестивалида яратилган асари уни халқаро санъат муҳитига ҳам танитди.

Санъат ривожи янгилик билан чамбарчас боғлиқ. Ҳар бир янги услуб эски шаклларни такрорлаш эмас, балки дунёга бошқача қарашни таклиф этади. Мурод Умарнинг 3D асарлари ҳам айнан шу вазифани бажарди. Улар ўзбек рассомчилигини икки ўлчамли тасвир доирасидан чиқариб, уни фазо ва ҳаракат билан уйғунлаштирди. Бу эса нафақат техник, балки фалсафий янгилик эди. Энди санъат фақат кўриш учун эмас, балки ҳис этиш учун ҳам яратила бошлади.
— Шу билан бирга, мойбўёқ орқали табиат манзараларини тасвирлашни ҳам жуда ёқтираман, — дейди ижодкор. — Тоғлар, кенг водийлар, тарих нафаси сақланиб қолган қишлоқ манзаралари менга алоҳида илҳом бағишлайди. Айниқса, Қирғизистоннинг Аравон қишлоғи атрофидаги тоғлар ҳамда Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги қишлоқлардан руҳий озуқа оламан. Бу маконларда ўтмиш билан бугун бир-бирига сингиб кетгандек туюлади.
Мурод Умар шу кунга қадар Тошкент шаҳрида олти марта шахсий кўргазмасини намойиш этган. У Қирғизистон Республикасида ўтказиладиган кўплаб халқаро тадбирларнинг доимий иштирокчисидир. Унинг асарлари Россия, Венгрия, Руминия, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Германия музейларидан жой олган.
Мурод Умар ижодига алоҳида рассом фаолияти сифатида эмас, балки Ўзбекистонда 3D тасвирий санъатга асос солган бадиий мактаб сифатида қараш тўғрироқ бўлади. Унинг ишлари якка асарлар мажмуаси эмас, балки янги тафаккурни, янги визуал тилни ва янги бадиий муҳитни шакллантирган ҳодисадир. Ана шу жиҳати билан у ўзбек тасвирий санъатида янги давр эшигини очган ижодкор сифатида тарихда қолади.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- Хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан Янги йилдан кейин амалда бўладиган қиймати эълон қилинди
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги
- Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентдаги “Шарқ баҳори” турар жой мажмуасининг қурилиш майдонига ташриф буюрди
- Ўзбекистоннинг Ғазодаги вазиятга нисбатан ҳозирги аниқ позицияси қандайлиги айтилди
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг