Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир

15:24 30 Апрель 2022 Жамият
1030 0

Президентимиз томонидан инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу ишлар бугун ҳаётимизнинг барча жабҳасига кириб борди. Хоҳ сиёсат, хоҳ иқтисодиёт бўлсин, хоҳ маданият, маърифат ва маънавият соҳаси бўлсин, уларнинг барчасида янгиланиш юз бермоқда.

Мамлакатимизда кейинги йилларда диний-маърифий соҳадаги ўзгаришлар, эътиқод эркинлигининг мустаҳкамлангани, буюк боболаримиз меросини ўрганиш ва авайлаб-асраш, тарғиб қилиш борасидаги чора-тадбирлар нафақат халқимизни мамнун этаётир, балки дунё жамоатчилиги эътирофига ҳам сазовор бўляпти.

Бу борадаги ислоҳотлар орасида марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хотирасининг абадийлаштирилгани, ҳаёти ва фаолияти, бебаҳо меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этишга юксак эътибор қаратилганини алоҳида қайд этиш жоиз.

Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев пойтахтимизда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги муҳташам мажмуанинг бунёд этилишига жиддий аҳамият бериб, бу ерга бир неча бор ташриф буюргани, қурилиш жараёнларини қатъий назоратга олгани маънавий-маърифий ҳаётимиздаги унутилмас воқелик бўлди. Зеро, илм аҳлига, уламоларга, дин пешволарига бундай ғамхўрлик динимизнинг тамал тоши бўлмиш Қуръондаги “Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир” деган ояти кариманинг ҳаётий ифодаси, дейиш мумкин. Шу билан бирга, бу — Ўзбекистонда диний, маърифий соҳада олиб борилаётган ишларнинг янгича мазмун касб этаётгани, янги босқичда юксалаётганини ҳам кўрсатади.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф нафақат юртимизда, балки бутун ислом оламида тан олинган олим эди. Ҳаётини муқаддас динимиз арконларини ўрганишга ва тарғиб этишга, халқимиз, ёшларимизни диний маърифат руҳида тарбиялашга бағишлади.

Бу инсоннинг ёзган асарлари, ҳаёт йўли биз ва келажак авлод учун нурли бир чироқдир.

Барчамизга аёнки, ўтган асрнинг 80-йиллари юртимиз мустабид шўро тузуми исканжасида, бир томонда халқимизнинг турмуши қийинлашаётган, жамиятда ҳалол-ҳаром аралашаёзган, одамларнинг онгу қарашларини бир қолипга солишга уриниш кучайган, бошқа томонда буюк алломаларимизнинг тарихий мероси, миллий ва диний қадриятларимиз топталаётган мураккаб пайт эди. Барча диний маросимларга ўтмишдан қолган “эскилик” деб, муборак Рамазон ойига эса бидъат ва хурофот, саломатлик душмани деб қаралар, рўза тутишга фақат қалбида имон-эътиқоди собит айрим кексаларгина журъат этарди. Мамлакатимиз зиёлилари ва илм-фан аҳлининг миллатни бу даражадаги маънавий қашшоқликдан халос қилиш борасидаги ҳар қандай ташаббус ва ҳаракатларига салбий баҳо бериларди. Ўтмишда бутун ислом оламида илм-фан ривожига беқиёс ҳисса қўшган алломаларнинг муқаддас Ватани ана шундай оёқости қилинганди.

Яратганнинг инояти билан шўро тузуми аста-секин дарз кета бошлади. Ана шундай кунларнинг бирида, 1989 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг 4-қурултойи чақирилиб, Тошкент ислом олий маҳадида ректорлик вазифасида ишлаётган Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мазкур диний идорага раҳбарлик лавозимига сайланди. У киши муфтийлик вазифасини бажаришга киришаркан, аввало, халқ ҳаётидаги маънавий бўшлиқни тўлдиришга эътибор қаратди. Чунки одамлардаги диний илмсизлик туфайли жамиятда бидъат ва хурофотлар кўпайган, қайси тарафга юз бурманг, худосизлик тарғиботига дуч келардингиз. Шу боис, биринчи галда одамларга ўзлари эътиқод қўйган муқаддас ислом дини ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот етказиш зарур эди. Фақат шу йўл билангина диний саводсизликка барҳам бериш, кишилар қалбида иймон нурини жонлантириш мумкин эди.

Собиқ иттифоқ ҳудуди ва яқин хориждаги мусулмонлар учун ягона диний билим юрти саналган Бухородаги Мир Араб мадрасаси ва Тошкент ислом олий маҳади тайёрлаётган диний ходимлар билан бу шарафли вазифани уддалаш қийин эди. Чунки улар ишга юборилаётган масжидлар сони бешала республикада ҳам бармоқ билан санарли бўлиб, имомларнинг дин, иймон-эътиқод ҳақидаги ваз-насиҳатларини бу ерга келувчи 50-60 чоғли кексалардан бошқа ҳеч ким эшитмасди. Бу собиқ шўро тузумининг буюк бир миллатни маънавий қашшоқлик исканжасида ушлаб туриш услубларидан бири эди. Шунчаки томошабин бўлиш билан халқнинг диний саводхонлигини йўлга қўйиб бўлмаслигини теран англаган муфтий ҳазрат мавжуд диний ўқув муассасаларидаги таълим бериш жараёнларини тубдан ислоҳ қилиш билан бир вақтда мамлакатдаги барча оммавий ахборот воситалари, босма нашрлар имкониятидан фойдаланишни лозим топди.

Жамиятда Қуръони карим оятлари мазмун-моҳиятини оддий халқ тезда англайдиган, содда тилда мукаммал тушунтирадиган тафсирга зарурат сезиларди. Буни англаган муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари “Тафсири ҳилол”ни ёзишга киришди. Бу китоб нашр этиларкан, ойнинг ҳилоли каби маънавий ҳаётимизга нур соча бошлади. Ўрта Осиё ва Қозоғистон давлатлари аҳолисида бу каби мукаммал асарни ўқишга эҳтиёж катталигидан китоблар тезда оммалашарди. Қисқа муддатда республикамиз ва қўшни давлатларда, жумладан, Россиядаги қатор босма нашрлар, оммавий-ахборот воситаларида чоп этилиб, эфирга узатилган диний-маърифий мақола ҳамда суҳбатлар яхлит тўплам сифатида нашрга тайёрланди. “Поклик иймондандир”, “Иймон”, “Шоядки тақводор бўлсак” номли китоблар чоп этилиши билан қўлма-қўл бўлиб кетди.

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1989 йилги сайловда СССР Олий Кенгаши халқ депутатлигига сайланди. Диний масалалар инон-ихтиёри ҳали Москванинг қўлида бўлгани боис, бу инсоннинг саъй-ҳаракати билан Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари вакилларини муборак ҳаж сафарига юбориш учун квота олишга эришилди. 1990 йили Марказий Осиё давлатлари тарихида илк бор 500 нафардан ошиқ зиёратчилар Тошкент шаҳридан Маккаи мукаррамага жўнаб кетишди. Кейинги йили уларнинг сони 2 минг нафардан ошди ва кетма-кет уч йилги сафар давомида муттасил кўпайиб борди.

У киши илм-фан аҳлини ниҳоятда эъзозларди. Шу боис мамлакат зиёлилари билан яқин муносабатда эди. Деярли ҳар куни у кишининг зиёратига шоирлар, адиблар, санъат, маданият арбоблари ташриф буюрарди. Шайх ҳазрат ҳаммага бир хилда илтифот кўрсатар, бировни бошқасидан устун қўймасди. Қабулига келган кишиларни ҳеч қачон куттирмасди. Ўзлари ҳам таклиф қилинган йиғин ва маъросимларда ҳеч кимни интизор қилмасдан етиб борарди. “Таклиф этилган жойга ўз вақтида боришлик мўминнинг юзи, ахлоқи”, дерди. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган бу суннатга қатъий амал қиларди. Таклиф этилган даврадаги вазиятни бир зумда англаб етар, суҳбат мавзусини мавжуд аудиторияга тезда мослаштирар, саволларга аниқ ва лўнда жавоб қайтарарди.

Шайх ҳазрат Тошкент ислом олий маҳадига ректорлик қилган йилларида Қуръон илмлари, ҳадис илмлари, фирқалар ва йўналишлар ҳақидаги, нотиқлик ҳақидаги фанларни ўқув дастурига киритишга эришди. Муфтийлик лавозимига сайлангач, диний таълим даргоҳлари ва масжидларнинг моддий-техник таъминотини яхшилашга бел боғлади. Дин расман давлатдан ажратилгани боис, моддий таъминот борасида ҳукуматдан мурувват кутиш саҳрода сув қидириб саробга эргашишдек гап эди. Ана шундай вазиятда диний идора ходимларининг ойлик маошини ошириш, турмуш шароитини яхшилаш, уй-жой билан таъминлаш, масжид ва мадрасаларга юқори савияли, билимдон мударрисларни жалб қилиш борасида ўз билим ва салоҳиятидан унумли фойдаланди. Мамлакатнинг ўша даврдаги раҳбарияти билан олиб борилган музокаралар натижасида илмга чанқоқ ёшларнинг Саудия Арабистони, Сурия, Миср каби давлатлардаги нуфузли таълим даргоҳларида таҳсил олишига эришилди. Масжид ва мадрасалар моддий таъминотини яхшилаш учун ҳудудларда вақф ерлари олиб, қишлоқ хўжалиги ва боғдорчилик маҳсулотлари етиштириш орқали диний идоранинг моддий эҳтиёжини қоплаш лойиҳасини илгари сурди.

Бу инсон 1989 1993 йилларда диний идорага раҳбарлик қилиш билан бирга эндигина мустақилликка эришган мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга ҳам муносиб ҳисса қўшди. Бир қатор хорижий давлатлар раҳбарларининг ўз шахсига бўлган эҳтиромидан Ватан манфаати йўлида унумли фойдаланди. 1992 йил бошларида Ливия Жамоҳириясидаги Бутун олам Ислом даъвати жамияти бош котиби доктор Муҳаммад Аҳмад Шариф бошчилигидаги делегация ташрифи асносида Ливия давлати билан Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон республикаларида фан-таълим, маданиятни юксалтириш, Оролбўйидаги экологик вазиятни изга солиш ва бошқа ҳудудларда чўлларни ўзлаштириш, сув чиқариш, ер ости табиий бойликларини қидириб топиш ҳамда бу ҳудудларда саноатни ривожлантириш соҳасида унумли лойиҳаларни ишлаб чиқишда иштирок этди. Мамлакатимиз ва яқин қўшни давлатлар аҳолиси турмуш маданиятини юксалтириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, ёлғиз кексаларни моддий қўллаб-қувватлаш борасида жуда кенг миқёсдаги лойиҳалар амалга оширилди.

Шайх ҳазрат тақдир тақазоси билан 1993 2001 йиллари дастлаб Саудия Арабистонида, кейинчалик Ливия давлатида истиқомат қилди. Муҳожирликда яшаган йилларда “Тафсири ҳилол”нинг қолган 27 жузъини ва “Ҳадис ва ҳаёт” тўпламини ёзди. Устоз 2001 йилда Ватанга қайтгач, илмий фаолияти янада серунум бўлди. “Ислом тарихи”, “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам”, “Одоблар хазинаси”, “Усулул фиқҳ”, “Кифоя”, “Бахтиёр оила”, “Соғлом бола”, “Ижтимоий одоблар”, “Олтин силсила” туркумидаги китоблар, “Зуҳд ва ҳаё” сингари 100 дан ошиқ мукаммал асарлар битди. Улар бугунги кунда қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, рус, уйғур тилларига таржима қилинган.

Муқаддас динимиз буюрган амаллар — Ватанга муҳаббатли бўлиш, ота-онага иззат-ҳурмат, қўшниларга мурувват кўрсатиш, Баҳоуддин Нақшбанд тариқатида кўрсатилганидек, қалбни доим зикр билан озиқлантириш шайх ҳазрат ёзган асарларда ёрқин ифода этилади. Биргина Имом ал-Бухорийнинг “Ал-адаб ал-муфрад” асари шарҳига бағишланган “Одоблар хазинаси”да кишилик жамияти ривожида зурур бўладиган амаллар, одамларнинг муқаддас суннатга таяниб бахтли яшаш йўл-йўриқлари кўрсатиб берилган. Китобда Абдуллоҳ ибн Амрдан келтирилган 19-ҳадисда бундай дейилади: “Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Ҳузурингизга ҳижрат учун байъат қилгани ота-онамни йиғлатган ҳолда ташлаб келдим”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Олдиларига қайтиб бор-да, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдир”, дедилар”.

Шайх ҳазрат бу ҳадисни шарҳларкан, фарзанд учун ота-она ризолигидан-да муҳимроқ нарса йўқлигига қатъий ишора қилади. Ҳатто Аллоҳ учун ҳижрат қилиш лозим бўлганда ҳам ота-она розилигидан устун бўлолмаслигини уқтиради. Бу бугун ҳижратни маҳкам тутиб, муқаддас Ватанини ташлаб, ота-онасини норози қилиб, хорижга чиқиб, турли ақидапараст гуруҳларга қўшилиб, умрини, иззат-ҳурматини, олтинга ҳам топилмас қимматли вақтини зое кетказаётганлар учун тўғри йўл кўрсатувчи юлдуздир. Ана шундай адашишларнинг олдини олиш, соф исломий таълим-тарбияни тарғиб қилиш мақсадида устознинг кўрсатмаси билан иш бошлаган “Islom.uz” портали таркибидаги турли йўналишларда илм-маърифат тарқатаётган йигирмадан ортиқ мустақил саҳифалардан бугун нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунёдаги мўмин-мусулмонлар унумли фойдаланмоқда.

Шайх ҳазрат ўз илмий фаолиятини аҳли сунна ва жамоа асосида олиб борди. Қуръон ҳукмлари, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларини қунт билан ўрганиш, унга амал қилиш бугунги таҳликали замонда мусулмон уммати учун ҳаётий зарурат эканлигини илгари сурди. У кишининг бош мақсади одамлар орасида исломий маърифатни ёйиш эди. Бу илм-маърифат миллат ва элат танламагани учун бутун дунёда катта қизиқиш, қувонч билан кутиб олинди. Айнан шу боис шайх ҳазрат миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик, ўзаро биродарликка даъват этувчи асарлари билан исломга хайрихоҳ барча давлатда катта шуҳрат қозонди.

Дунё олимлари томонидан “Фазилатли шайх” деган эъзозга сазовор бўлган Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ислом дини таълимоти йўлидаги шарафли меҳнати туфайли Россия Федерацияси, Ливия давлати, Миср Араб Республикаси каби хорижий мамлакатларнинг орден ва медаллари билан тақдирланди. Маккаи мукаррамадаги Ислом олами робитаси таъсис мажлиси, Бутун жаҳон тасаввуф уюшмаси, Бутун жаҳон мусулмон уламолар халқаро уюшмаси, Бутун дунё ислом уюшмаси, Бутун дунё мутафаккир уламолари йиғинининг ижроия қўмитаси, Иорданиядаги Олий Байт “Исломий тафаккур” қироллик академияси каби ўнлаб нуфузли халқаро ташкилотлар аъзолигига қабул қилинганди.

У кишининг бебаҳо илмий фаолияти туфайли мамлакатимиз аҳолиси орасида диний саводсизликни босқичма-босқич бартараф этишга киришилди ва бу жараён ҳазрат қолдирган маънавий мерос асосида давом этмоқда. Шайх ҳазрат ҳар йили муборак Рамазон ойи кириши билан “Руҳий тарбия” борасидаги туркум суҳбатларини бошларди. Устоз таклиф қилинган масжидларда шунчалик кўп одам йиғилардики, улар ададини билиш қийин эди. Ҳатто суҳбат бошлангандан кейин ҳам ярим тунгача одамлар оқими тўхтамасди. Чунки ёшлар ва барча тоифадаги кишилар бу суҳбатдан юксак маънавий озуқа оларди. Йиллар давомида қидирган саволларига жавоб, турмушдаги ижтимоий муаммоларига ечим топарди.

Имом ал-Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган бир ҳадисда бундай дейилади: “Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “Агар Аллоҳ бир бандани яхши кўриб қолса, Жаброилга: “Аллоҳ фалончини яхши кўради, сен ҳам уни яхши кўр”, дейди. Жаброил ҳам уни яхши кўради. Жаброил осмон аҳли орасида: “Аллоҳ фалончини яхши кўради, сизлар ҳам уни яхши кўринглар” деб, нидо қилади. Шунда осмон аҳли ҳам у бандани яхши кўриб қолишади. Кейин ер юзидаги ҳамма одамлар у банданинг сўзини қабул қиладиган бўлиб қолади”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ишоралари шайх ҳазратнинг ҳаёти мазмунига айланиб бўлганди. Бу инсон жамиятга фақат эзгулик уруғини сочиш билан машғул бўлди. Юртимизга хорижий давлатлардан суқилиб кирган, динимизга ёт турли ғоялар, ақидалар, оқимлар, фирқаларни соф исломий таълимот асосида бартараф этишда беқиёс хизмат қилди.

Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинки, ҳар бир оилада, миллионлаб кишилар қўлида шайх ҳазрат бугунги ва келажак авлод учун тасниф этган бебаҳо хазина — китоблар бор. Улар бутун мусулмон умматини тўғри йўлга солиб турган Имом ал-Бухорий ва у кишининг сафдошлари қолдирган маънавий хазиналар қаторидан муносиб ўрин олиб, асрлар оша келажак авлодларга илм-маърифат нурини сочиб туради.

Шодиёр МУТАҲАРОВ, (“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер