Велосипед минган момо

17:04 02 Март 2020 Lifestyle
12719 0

Мабодо, йўлингиз Олтинкўл туманига тушиб қолса, бир кам юз ёшни қарши олган Робихон Имяминовани йўқлаб ўтишни унутманг. Момо билан суҳбатлашиб, бирга кечган вақтингизга ачинмайсиз. Ҳам суҳбатини, ҳам дуосини олайин, деб мен ҳам йўлни момо истиқомат қиладиган “Маслаҳат” қишлоғи томон бурдим. Ҳовлига кириб: ”Уйда ким бор?..” дея овоз беришимни биламан, қаршимдаги эшик ланг очилиб, чаққонгина аёл: ”Келаверинг, келаверинг!”,-дея пешвоз чиқди. “Келини бўлса керак” хаёл қилдим мен.
 

-Роби холанинг уйи шуми? Ўзлари бормикан?

-Роби холангиз сиздан айлансин, мана менда, Роби холангиз, болам!

Ёшига нисбатан чаққонлик билан бизни қарши олган момоси тушмагур ҳақиқатдан ҳам оёқ-қўли чаққон экан.

-Уйда ўтириб, зерикиб кетдим. Кир ювсамми, деб ҳамма нарсани йиғиштираётгандим,-уйда сочилиб ётган кўрпа-ёстиқ жилдларини йиғиштира бошлади қаҳрамонимиз.

-Ҳали кирни ҳам ўзингиз ювасизми? Келинингиз- чи?-сўраймиз ҳайрон бўлиб.

-Келинимнинг дастидан кир қолармиди, болам. Нимадир қилишим керак-ку, ахир. Бекор ўтирсам зерикиб қоламан-да. Ҳа-я, келиним қайда қолди? Сизга чой дамлаб келсин-а? Мен ҳозир.

Қаршилик билдиришимга қарамай хона эшигини очиб, ҳовли томон бўйлаган момо келинини чақирди: “Гулчеҳраюююююю....”

Юз ёш билан юзлашиб турган момонинг овози шу қадар ўткир эдики, менимча, бутун маҳалла эшитдиёв...

-Овозим ўткир эканми?,-кўнглимдан кечган ўйни уққандек юзланди онахон.. –Мен сизга айтсам, яхшигина ашулачиман. Ҳеч қайси мухбирга айтмаган яна бир сиримни айтайми, рақсга ҳам тушаман!

-Яна ҳеч ким билмаган сирингиз борми?,-сўрайман момога ўхшаб ҳазиломуз оҳангда.

-Бор, бўлганда қандоқ! Эсимни танибманки, физкультура қиламан. Спортчиман,-кулади кафти билан оғзини беркитганча Роби хола. –Шунинг учун ҳеч қачон семирмаганман, доим шунақа чиройли формада юраман.

-Ана энди велосипед минишингиз ҳақида ҳам гапириб беринг, хола,-ҳудди суҳбатнинг кулминацион нуқтасига келгандек онахонга яқинроқ келиб, қизиқсинаман мен.

-Энди сизга айтсам, велосипед минишни турмуш ўртоғим Солижон Имяминов ўргатган. Мактабда ўқитувчи бўлиб ишлардим. Ишга пиёда қатнаганим учун қийналмасин, деб ўзи ўргатган. Аввалига эриш туюлган. Ҳамқишлоқларимдан уялганман. Турмуш ўртоғим мажбур қилгач, мина бошлаганман. Кейинчалик бу одатий холга айланиб қолди. Ишгаям, тўй-маъракаларгаям велосипедимни миниб, “шув” этиб етиб борадиган бўлдим. Менга қолса ҳамма велосипед минсин, деган бўлардим. Шунда одамнинг ҳамма аъзоси ҳаракатда бўлади. Ҳаракатда бўлган одам менга ўхшаб юзга кирмаса мана мен кафил.

“Эл-юрт ҳурмати” ордени ва бошқа ўнлаб орден, медаллар соҳиби бўлмиш Роби хола Имяминова велосипед минишни ўрганганида 23 ёшда эди. Орадан шунча вақт ўтганига қарамай бу техника воситасини ўзидан айро этмади. Бутун умр қишлоқдаги 22-умумтаълим мактабида ўқувчиларга ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс берди. Бу орада 6 нафар фарзандни улғайтириб, эл қаторига қўшди. Уларнинг барчаси чет тиллари фанидан дарс беришади. 18 нафар невара, 23 нафар чеваранинг момоси бўлмиш Робихон холага қўйиб берса ҳозир ҳам велосипед минади. Шу десангиз келини Гулчеҳрахон қўймайди, холос. Йиқилиб тушмасин, деб авайласа керакда...
 

Момо билан шулар ҳақида гаплашиб турган пайтимиз хонага Гулчеҳра опанинг ўзи кириб келди:

-Ўғлимнинг мактабига кетувдим,-дейди хижолат ила аёл. –Бувимнинг (Андижонда ҳозир ҳам оналарни, қайноналарни “Буви” деб атайдиганлар кўп) “Гулчеҳраюююююю” деган овозини эшитиб, югуриб келдим. Бувимга келсак, мендан тетик, кўз тегмасин. Бир қарасам хонасини йиғиштираётган, бир қарасам овқатга уннаб кетган бўлади. Мен хизматини қилай, десам қайтанга менга ёрдам бериб юради. Шунинг учун бўлса керак, ҳар доим бардам –бақувват. Гоҳида шамоллаб ётиб қолсаям, бошқаларга ўхшаб “уҳ” демайди. Овозини баланд қилиб, ашулаларни айтиб ётаверади. Тузалиб қолгач: ”Касалниям жонига тегдим ашула айтавериб” дея кулиб қўяди.

Биз онахон билан хайрлашар эканмиз, келгуси йили яна хонадонига ташриф буюришни, юз баҳорни қаршилаганида ҳам қутлашни дилимизга тукканча ортга қайтдик.

Саминжон ҲУСАНОВ,

“Халқ сўзи”

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер