Ватан маҳалланинг остонасидан бошланади

16:05 16 Январь 2024 Жамият
400 0

Самарқандда вилоят маҳаллани қўллаб-қувватлаш Кенгашининг ташкилий йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Президентимизнинг “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қароридан келиб чиққан вазифалар ижроси муҳокама қилинди.

Шаҳар ва туманлардан делегат сифатида сайланган 169 нафар маҳалла фуқаролар йиғинларининг раислари, Маҳаллани қўллаб-қувватлаш бўйича вилоят кенгаши аъзолари, вилоят Нуронийлар жамоатчилик Кенгаши, Республика Маънавият ва маърифат марказининг вилоят бўлими, вилоят Касаба уюшмалари бирлашмаси, турли ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган ташкилий йиғилишни вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов олиб борди.

Вилоят ҳокими айнан ана шу фармон ва қарор мазмун моҳиятга, уларда белгиланган муҳим вазифаларга эътиборни қаратди. Унда сўз олган маҳалла раислари эса бу каби долзарб масалаларга ўз муносабатини билдиришди.

Йиғилишда шунингдек, давлатимиз раҳбари раислигида 2023 йил 22 декабрда ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгилаб берилган маҳалла тизими фаоллари зиммасидаги устувор вазифаларга эътибор қаратилди.

Ташкилий йиғилишда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг таъсис Конференциясига 10 нафар делегат сайланди.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?