Ватан ҳимояси – олий бурч ва муқаддас масъулият

09:35 13 Январь 2026 Жамият
103 0

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар.

Мамлакатни ҳимоя қилиш – бу ҳар бир Ўзбекистон фуқаросига нисбатан қўйиладиган нафақат ҳуқуқий, балки ахлоқий талабдир, унинг маънавий бурчи ва умумий мажбуриятдир. Мазкур мажбурият мамлакатнинг ҳудудий бирлиги, суверенитети, мустақиллигини, аҳолисини, моддий ва маънавий қадриятларини ҳарбий муҳофаза қилишга қаратилган бўлиб, фуқароларнинг муддатли, муқобил хизматни, контракт асосидаги ҳарбий хизматни, шунингдек сафарбарлик чақируви резервида ва бошқа тарзда хизматни муносиб ўташ орқали ўз конституциявий бурчини адо этишда намоён бўлади.

Конституция “фуқаронинг бурчи”га ишора қилган ҳолда, мажбуриятнинг нафақат ҳуқуқий, балки ахлоқий жиҳатини ҳам назарда тутади. Чунки, “бурч” тоифаси “мажбурият” тушунчасидан фарқли тарзда, давлат билан фуқаро ўртасидаги муносабатларнинг ахлоқий жиҳатини белгилайди.

Асосий қонунда фуқаронинг Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш мажбурияти хусусида сўз юритилар экан, ушбу мажбуриятнинг конституциявий, яъни юридик куч борасида энг олий хусусиятга эгалиги алоҳида қайд этилади. Ушбу модданинг тузилишида “ҳимоя” атамаси қўлланилиб, мазкур норманинг моҳиятидан келиб чиқиб, фуқароларнинг республика суверенитети, яхлитлиги, ҳудуди ва чегаралари бўлинмаслиги ҳамда дахлсизлигини ҳарбий муҳофаза қилиши тушунилади.

Бош қомуснинг 64-моддасидаги нормалар Ўзбекистон фуқаросининг ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташ мажбуриятини белгилайди. Бунда ҳарбий хизмат деганда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Қуролли Кучлар сафида умумий ҳарбий мажбуриятни бажариш борасидаги давлат хизматининг алоҳида тури тушунилади.

Ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташ тартиби Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 12 декабрда қабул қилинган “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солинган. Қонунга мувофиқ Ўзбекистонда ҳарбий хизматнинг қуйидаги турлари белгиланган: муддатли ҳарбий хизмат; сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат; контракт бўйича ҳарбий хизмат; Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида ҳарбий хизматни ўтаган резервчилар хизмати. Шунингдек, тинчлик даврида оддий аскарлар ва сержантлар таркиби лавозимларида муддатли ҳарбий хизматга, шунингдек сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга ўн саккиз ёшдан йигирма етти ёшгача бўлган, саломатлигига кўра Қуролли Кучлар сафида ҳарбий хизматни ўташга яроқли эркак фуқаролар чақирилади. Шу билан бирга хотин-қизлар ихтиёрий равишда контракт асосида ҳарбий хизматни ўташга ҳақлидир.

 

Ўзбекистон Республикасида муқобил хизмат деганда фуқароларнинг умумий ҳарбий мажбуриятни бажаришининг чақирув бўйича ҳарбий хизмат ўрнига иқтисодиёт, ижтимоий соҳанинг турли тармоқларида кам малака талаб этиладиган (ёрдамчи) ишларни, шунингдек фалокатлар, ҳалокатлар, табиий офатлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш ишларини бажариш билан боғлиқ бўлган алоҳида тури тушунилади.

Мустақилликка эришгач, Ўзбекистонда барча турдаги ҳарбий ва муқобил хизматни ўташ миллий тизимини ислоҳ этиш борасида анча жиддий ишлар олиб борилди, натижада фуқароларнинг, умуман жамиятнинг армияга нисбатан муносабатини тубдан ўзгартиришга эришилди.

Жумладан, миллий армия ташкил топган илк йилларда унинг сафларини чақирилувчилар билан тўлдириш масаласида жиддий муаммолар мавжуд эди, аввалги шўро тузуми давридаги армияга хос эскилик сарқитларини – бўлинмаларда носоғлом руҳий муҳитни юзага келтираётган, устав қоидаларига зид бўлган ўзаро муносабатларни енгиб ўтиш ва йўқотиш талаб этилар эди. Бу муаммоларни ҳал этиш учун бир неча йил давомида ушбу салбий ҳолатларни йўққа чиқариш борасида изчил иш олиб борилди. Хусусан, муддатли ҳарбий хизматнинг давомийлиги бир йилгача қисқарди. Тизимли ислоҳотларни ўтказиш давомида, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий-маиший шароитлари, овқат рациони тубдан яхшиланди. Қонун ҳужжатларига мувофиқ захирага чиқарилаётган ҳарбий хизматчилар учун ишга жойлашиш ва олий таълим муассасаларига ўқишга киришда имтиёзлар тизими жорий этилди. Натижада ҳарбий жамоаларда соғлом маънавий ва ахлоқий муҳит шаклланишига кўмаклашди.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида мамлакатимиз хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини, жамиятимизда тинчлик ва тотувликни таъминлаш, юртимиз мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимизни ривожлантириш масалалари устувор йўналишлар этиб белгиланди.

Сўнги йилларда, “Халқ ва армия – бир тану бир жондир” деган эзгу ғоя асосида Қуролли Кучларнинг жанговар салоҳиятини ошириш, ҳарбий қурилиш соҳасини тубдан модернизация қилиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида миллий армияда туб ўзгаришлари юз бермоқда. Натижада унинг сафларида хизмат қилиш том маънода шон-шараф ишига айланиб бормоқда.

Шу билан бирга бугунги кунда ҳарбий хизматчиларнинг профессионал маҳорати ва обрў-эътибори жаҳон миқёсида ҳам юксалиб бормоқда. Буни мамлакатимиз Қуролли Кучлари вакилларининг нуфузли халқаро ҳарбий мусобақаларда фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келаётгани мисолида яққол кўриш мумкин.

Ёш авлодни Ватанни ҳимоя қилишга доир ўз бурчини адо этиши учун тайёрлаш юзасидан мамлакатнинг умумтаълим муассасаларида бошланғич чақирувгача тайёргарликнинг самарали тизими жорий этилган, у ўқувчиларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг ажралмас таркибий қисми ҳисобланади. Бошланғич чақирувгача тайёргарлик техникумлар ва академик лицейлар ўқув дастурининг мажбурий фани бўлиб, ёшларни Ватанга садоқат, уни ҳимоя қилишга доир ўз конституциявий бурчини адо этишга доимо шай бўлиб туриш руҳида тарбиялашга кўмаклашади.

Хулоса қилиб айтганда, замонавий, мобил, жанговар армияга айланган мустақил Ўзбекистон Қуролли Кучларининг замонавий қиёфаси – мамлакат Конституцияси негизида ва уни ижро этиш борасида тизимли, босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги, фуқароларнинг Ватанни ҳимоя қилиш бурчини тушуниш даражаси ортганлиги маҳсулидир.

 

 

Козимжон КАМИЛОВ – Конституциявий суд судьяси,

Шохрух МАЖИДОВ – Конституциявий суд Экспертлар гуруҳи раҳбари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер