Вафо ва садоқатнинг асл тимсоллари

16:11 03 Декабрь 2025 Жамият
233 0

Жамиятнинг соғломлиги нималарда акс этади? Бу аввало ҳар бир инсоннинг қадри улуғланганида, ҳуқуқ ва манфаатлари доимо ҳимояда бўлганида намоён бўлади. Албатта, бундай жамиятда фуқаролар ўртасида ишонч, меҳр-оқибат ва ўзаро эҳтиром туйғулари қарор топади. Ана шундай ҳаёт даражасини таъминлашда маҳаллалардаги фидойи ва жонкуяр кишиларнинг хизмати беқиёс.

Шу маънода, яқинда пойтахтимизда «Нуроний» жамғармаси Тошкент шаҳар бўлими ташаббуси билан «Ёшлар тарбиясига масъулмиз» шиори остида ўтказилган «Бувижонлар мактаби» тадбири ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга ҳисса қўшаётган фидойи инсонларни эътироф этишга бағишланди.

Тадбирда «Нуроний» жамғармаси Тошкент шаҳар бўлими раиси, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раиси, сенатор Рустам Каланов, «Бувижонлар мактаби» раиси Озода Муҳитдинова, Оила ва гендер илмий тадқиқот институти вакиллари ҳамда бир қатор меҳмонлар иштирок этиб, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, ёшларни замонавий тафаккурга эга, ватанпарвар ва масъулиятли қилиб тарбиялаш масалалари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Анжуман доирасида «Бувижонлар мактаби» ва маҳалланинг фидойи аъзолари ёшлар тарбияси йўлидаги саъй-ҳаракатлари учун алоҳида эътироф этилиб, «Вафо ва садоқат учун» ҳамда «Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш» медаллари билан мукофотланди.

— Меҳнатимиз қадр топиб, кўксимизга медаль тақиб қўйишганидан жуда мамнунман, — дейди «Бувижонлар мактаби»нинг Олмазор тумани бўлими бошқаруви раиси Дилором Ҳамдамова. — Ёшлар тарбиясида биз каби кекса авлод вакилларининг ўрни беқиёс. Келгусида ҳам фаолликни қўлдан чиқармасдан, фарзандларимизнинг комил инсон бўлиб вояга етишиши йўлида астойдил хизмат қилишда давом этамиз.

Умуман, бундай тадбирлар нуронийлар тажрибасини ёшлар тарбияси билан уйғунлаштириб, жамиятда маънавий муҳитни соғломлаштиришга, тарбия жараёнини замон талаблари асосида янада кучайтиришга хизмат қилади.

Фахриддин БОЗОРОВ,
«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер