Уч вилоятда мансабдорлар пора билан қўлга тушди (+видео)
Сирдарё, Андижон ва Самарқанд вилоятларида коррупция ҳолатларига чек қўйилди. Бу ҳақида «Хавфсизлик» Telegram-канали хабар берди.
Хабарда айтилишича, жорий йил 7 ноябрь куни Сирдарё вилояти Солиқ бошқармаси бош инспектори Сирдарё туманида фаолият юритувчи МЧЖда ўтказилаётган текширув жараёнида солиқдан 400 миллион сўм миқдорида қарздорлик борлигини аниқлайди. Шундан сўнг, Солиқ бошқармаси шўба бошлиғи, бош инспектор билан келишган ҳолда ушбу қарздорликни 90 миллион сўмгача камайтириб беришни ваъда қилади.
У мазкур хизмати эвазига 1 минг 500 доллар миқдоридаги пулни олган вақтида ДХХ ва Прокуратура ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, солиқ қарздорлигини айтилган суммага камайтириш бўйича расмийлаштирилган тегишли далолатномани жамият раҳбарига берган вақтида бош инспектор ҳам процессуал тартибда қўлга олинган.
Ҳозирда мазкур солиқ ходимларига нисбатан ЖКнинг 210-моддаси 2-қисми «в» ва «г» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.
Шунингдек, Андижон вилояти Солиқ бошқармасининг бўлим инспектори вилоятнинг Улуғнор туманида қуёш панеллари ўрнатиш билан шуғулланувчи МЧЖнинг юридик манзилини ўрганиш бўйича текширув олиб борган. Натижада, у МЧЖ тегишли манзилда фаолият юритмаётгани, ҳисоботда кўрсатилган қолдиқдаги товар-моддий бойликлар бўйича бир қатор номутаносибликлар борлигини аниқлайди. У ҳолатга оид далолатнома расмийлаштириб, жамиятнинг банк ҳисоб рақами орқали амалга ошириладиган операцияларни тўхтатиб қўяди.
Аммо, ушбу солиқ инспектори ўз хизмат мавқейидан фойдаланиб, аниқланган камчиликлар бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомасини расмийлаштирмаслик ҳамда банк ҳисоб рақамига қўйилган тақиқни олиб ташлашини айтиб, МЧЖ ҳисобчисидан 500 АҚШ доллари талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизмати, Солиқ қўмитаси Шахсий хавфсизлик бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда солиқ идораси ходими 6 миллион сўм пул маблағини ўзининг қариндошларига тегишли 2 та банк пластик картасига ўтказдириб олган вақтида қўлга тушган.
Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.
Бундан ташқари, Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими давлат ижрочиси моддий манфаатдорлик эвазига фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг жавобгар шахсга нисбатан банк томонидан белгиланган 117 миллион 804 минг сўм қарздорликни банк фойдасига ундириш ҳақидаги фуқаролик иши бўйича чиқарилган ижро варақани суд тизимида ишловчи танишлари орқали бекор қилишни ваъда қилади.
Шунингдек, у суд ишни кўриб чиққанлиги учун белгиланган давлат божидан гўёки озод қилиш, жавобгарнинг автотранспорт воситасига қўйилган тақиқни олиб ташлашини ҳам айтиб, эвазига 500 АҚШ доллари беришини сўрайди. У талаб қилган пул маблағини ўзининг таниши орқали олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бюронинг вилоят бошқармаси шахсий хавфсизлик шўбаси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда давлат ижрочисига нисбатан Жиноят Кодексининг 25,168-моддаси 3-қисми «в» банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошлаб юборилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- “Доҳа — Қатарнинг юраги, тунги ритмда уриб турган шаҳар”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг