Янги китоблар тақдимоти бўлиб ўтди

19:47 28 Январь 2021 Маданият
3810 0

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Қорақалпоғистон халқ шоири Кенгесбой Каримовнинг «Оғабий» романи, таниқли ёзувчи Хайриддин Султоннинг «Одамлардан тинглаб ҳикоя» насрий китоби ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шодмонқул Саломнинг «Шеър сайёраси» номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққанлар ушбу китобларнинг маъно-мазмуни, адабиётимиздаги ўзига хослиги, муаллифларнинг бадиий топилмалари, маҳорати ҳақида сўз юритди.

Қорақалпоғистон халқ шоири Кенгесбой Каримовнинг тарихий мавзудаги «Оғабий» роман-дилогияси 2013 йил Нукусдаги «Билим» нашриётида чоп этилган эди. Асар икки китобдан иборат. Биринчи китоб – «Кўч»ни ўтган йиллар давомида Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон қорақалпоқ тилидан ўзбек тилига ўгирди. Роман дастлаб 2015-2016 йиллар «Шарқ юлдузи» журналининг 4 та сонида босилди. 2020 йилда эса Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан асар китоб ҳолида нашр этилди.

Қорақалпоқ халқининг сардорлари Эдегий, Ойдўстбий, Маманбий, Эрназарбий ҳақидаги асарларни ўзбек ўқувчилари яхши билишади. Бироқ шу пайтгача Оролбўйида яшаётган матонатли халқнинг яна бир жасур йўлбошчиси Оғабий ҳақида шу пайтгача бирон асар битилмаган эди.

— Асарда XIX аср қорақалпоқ халқи ҳаётидан лавҳалар бадиий тасвирланади, — дейди таржимон Рустам Мусурмон. — Бош қаҳрамон – Эрежеб Қулчи бий ўғли Оғабий тарихий шахс бўлиб, ўз халқининг эркин ва озод ҳаёти учун гоҳо қўшнилар билан дипломатик муносабатлар олиб борган, гоҳо жангу жадалларда от сурган. Унинг номи қорақалпоқ халқи юрагида баҳодир ва донишманд йўлбошчи сифатида абадий қолган.

Биринчи китоб «Кўч», иккинчи китоб «Ота юрт» деб номланади. Асарда XIX аср қорақалпоқ халқи ҳаётидан лавҳалар бадиий тасвирланади. Эрежеб Қулчи бий ўғли Оғабий юртдошлари тинчлигию фаровонлиги ва бахту саодати йўлида донолик, ботирлик ҳамда жасорат билан умри давомида кураш олиб борган. Икки китобдан иборат йирик асар композицияси Оғабий ҳаёти ва тақдирига оид воқеалар ва бадиий тасвирлар атрофида умумлашган.

Таниқли адиб Хайриддин Султоннинг «Одамлардан тинглаб ҳикоя» китоби ўттиз битта янги ҳикоядан иборат. Китоб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг «Адабиёт» нашриётида янги «Наср гулшани» рукнида илк китоб сифатида чоп этилди.

Тўпламга киритилган ҳаётномаларни муаллиф тўқиб чиқарган эмас, у фақат одамлардан эшитган ва бор ҳолида қоғозга туширган, холос. Ҳар бир қаҳрамон тақдирида шундоқ ёнимизда яшаётган турли инсонларнинг тарихи ва қисмати, бахтию бахтсизлиги, қувонч ва қайғуси ўзининг бадиий ифодасини топган.

Китобнинг «Одамлардан тинглаб ҳикоя», деб номланиши зукко ўқувчининг фикру зикрини ўзига тортади ва сўз заҳматкаши бўлмиш донишманд адибнинг мақсад-муддаосини савқи табиий равишда юрак-юракдан ҳис эта бошлайди.

Китобга сўзбошиси муаллифи Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид шундан ёзади:

«Илк таассурот шулки, китобга нозик дид ва маҳорат билан тартиб берилган. Оддий ўқувчи сифатида илғаганимиз – масалан, тўпламдаги биринчи асар – «Омад» ҳикояси «Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим» деган табаррук калом билан бошланади ва у гўёки бутун китобнинг мазмун-мундарижасини белгилаб беради. Сўнгги, «Мактуб» деб аталган, куйган кўнгил фарёди каби янграйдиган асар эса Яратганга муножот билан тугалланади. Ўттиз битта ҳикояда бир-бирини такрорламайдиган, бир-бирига ўхшамайдиган ёрқин характерлар, қаҳрамонларнинг ички дунёси, қалб туғёнлари уларнинг бевосита ўз тили, ўз нутқи орқали очиб берилади. Бу эса ёзувчининг бир қарашда жуда оддий, содда бўлиб туюладиган, аммо аслида ниҳоятда мураккаб бир ижодий услубни танлаб иш кўрганидан далолат беради».

Шодмонқул Саломнинг «Шеър сайёраси» китобига 200 ортиқ сараланган шеър киритилган.

Йилига фалакдан ерга қулайдиган беш юздан ортиқ метеоритнинг 99 фоизи океан ва саҳроларга тушади. Ер шаридаги миллиардлаб юракнинг айримларигагина шеър меҳмон бўлади. Биринчи табиат ҳодисасида тақдир бизни тош ёмғиридан асраса, иккинчисида ҳам, шубҳасиз, Худонинг меҳрибонлиги бор.

Моҳиятга қаралса, асл шеъру шоирнинг танқислиги ҳам худди юқоридаги каби илоҳий мўъжизадир. Шоирнинг шеърга кўчишдек ноёб палласини – қалбнинг изҳор бўлишини мўъжиза десак муболаға эмас!

«Шеър сайёраси» китобида жам бўлган сара шеърлари ўқирманни шундай еру само оралиғидаги сирларга чорлайди, ўзига ошно этади, деб ўйлаймиз.

«Шеър сайёраси» китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг «Адиб ва жамият» рукнида, «Ижод» жамоат фонди кўмигида, «Адабиёт» нашриётида чоп этилди.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер