Туркияда фоҳишаликка мажбурланган икки ўзбекистонлик қиз қутқарилди

Туркияда фоҳишаликка мажбурланган 19 ёшли икки ўзбекистонлик қиз қутқарилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент вилояти ИИББ тезкор ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Туркия Республикаси ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда тадбир ўтказилган. Натижада бир неча фуқароларнинг «одам савдоси» қурбони бўлишининг олди олинган.
Дастлабки суриштирувларга кўра, Олмалиқ шаҳрида яшовчи икки аёлга ҳозирда Туркияда истиқомат қилаётган «Шаҳноза» исмли таниши қизларини ушбу давлатга юборишини, уларни ўзи кутиб олишини ва яхши даромад топишларига ёрдам беришини ваъда қилган. У қизларни «юз массажи» йўналишида иш борлиги билан ишонтирган, бироқ қизлардан шаҳвоний мақсадда фойдаланишни кўзлаган ва уларнинг Ўзбекистондан Туркияга бориш учун авиачипта ва бошқа моддий харажатларни қоплаб берган.
19 ёшли икки қиз жорий йилнинг 6 февраль куни Тошкент халқаро аэропорти орқали Туркиянинг Анқара шаҳрига, сўнг Коня вилоятига етиб борган. Уларни кутиб олган уч нафар шахс (Туркия ва Ўзбекистон фуқаролари) шу заҳотиёқ қизларнинг паспортларини олиб қўйган.
Шундан сўнг, уларни интим хизматлар кўрсатувчи хонадонга олиб бориб, эркакларга интим хизмат кўрсатишга мажбурлаган. Қизлардан бири бунга рози бўлмагани учун калтакланган ва унга руҳий ҳамда жисмоний тазйиқ ўтказилган. Уларни ёпиқ шароитда сақлаб, такрорий қаршилик кўрсатишса, ўлдириш билан таҳдид қилишган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИББ тезкор ходимлари томонидан 12 февраль куни олинган маълумотга асосан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Туркия Республикаси ҳуқуқ тартибот органлари билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида 2005 йилда туғилган икки қизни Ватанга қайтарилишига эришилган. Қизлар зудлик билан реабилитация марказига жойлаштирилган.
Шунингдек, қизларни алдаб чақиртирган ва уларни шаҳвоний ишларга жалб қилган шахслар Туркияда ҳибсга олинган. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон фуқароси, 1987 йилда туғилган (Ш.Ж.) аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда ушбу шахсни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш чоралари кўрилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг