Туркия чемпионати: «Башакшеҳир» ўз майдонида нурсиз дуранг ўйнади

15:25 01 Сентябр 2025 Спорт
1258 0

Кеча, 31 август куни Туркия Суперлигаси мусобақасининг 3-тур ўйинлари якунланди. Сўнгги баҳсда ўзбекистонлик футболчилар Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев тўп сураётган «Истанбул Башакшеҳир» жамоаси ўз майдонида «Эйюпспор» клубини қабул қилди.

«Истанбул дербиси»да ҳисоб очилмади. Нурсиз ва голсиз дурангдан сўнг жамоалар 1 очкодан ишлаб олди.

Ўзбекистон терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов ўйинни асосий таркибда бошлади ва 90 дақиқа майдонда ҳаракат қилди. Аммо, ушбу учрашув Шомуродов учун омадли ўтмади. У бутун ўйин давомида 20 марта тўпга теккан бўлсада, фақат 70 фоиз узатмалари аниқ чиқди.

Учрашув давомида 12 марта елкама-елка курашда қатнашган футболчи атиги 2 бор ушбу дуэлларда ғолиб чиқди. Шундан келиб чиқиб, «Sofascore» портали Шомуродовнинг ўйинини 6,1 баллга баҳолади. Бу ушбу ўйинда «Башакшеҳир» футболчиларига қўйилган энг ёмон 3 та баҳодан бири эди.

Афсуски, ўша 3 та ёмон баҳодан яна бири ҳам ўзбекистонлик футболчига қўйилди. Ўйинни асосий таркибда бошлаган Аббосбек Файзуллаев 70-дақиқада Иван Брничга алмаштирилди.

Майдонда ҳаракат қилган дақиқаларида Аббос 34 марта тўпга тегинди ва 65 фоиз узатмалари аниқ чиқди. Кросс ва узун узатмаларининг бирортаси аниқ чиқмади. Шундан келиб чиқиб, «Sofascore» портали Аббоснинг ўйинини 6,2 баллга баҳолади.

Маълумот учун, «Башакшеҳир» клуби Туркия чемпионатидаги навбатдаги ўйинини 14 сентябрь куни «Бешикташ»га қарши ўтказади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?