Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши давлатлари вакиллари учун Фарғона вилояти бўйлаб мароқли саёҳат уюштирилди

07:48 24 Июнь 2021 Welcome to uzbekistan
24212 0

Шу йилнинг 24 июнь куни Қўқон шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши туризм вазирларининг олтинчи йиғилишига Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон, Озарбайжон каби мамлакатлардан ташриф буюрган делегация аъзолари учун бугун Фарғона вилояти бўйлаб саёҳат ташкил этилди.

Меҳмонлар дастлаб ипакчилар шаҳри Марғилондаги Ҳунармандлар марказида бўлишди.Бу ерда қўли ва қалби гул чеварлар томонидан тўқиладиган миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари барчада унутилмас таассуротлар қолдирди.

Икки қаватли марказда 200 дан ортиқ турдаги атлас ва адрас тўқиш, гиламчилик, тикувчилик, ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлиб, меҳмонлар атлас, адрас, шойи, бахмал, беқасам матолар тўқиш жараёнини бевосита кузатиш имконига эга бўлишди.

Шунингдек, тадбир қатнашчилари Риштон шаҳридаги халқаро кулолчилик маркази фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар. Риштонлик машҳур кулоллар Алишер Назиров, Шарофиддин Юсупов бошчилигида меҳмонлар учун оддий лойдан мўъжиза – санъат асари яратилиши жараёни билан боғлиқ маҳорат дарслари ўтказилди.

— Таассуротлар бир олам, — дейди Венгрия туризм агентлиги дастур директори Марта Фазекас. — Фарғона табиати, меҳмондўст ва самимий инсонлари, қўли гул ҳунармандлари, кулоллари меҳнатига тасанно. Юртингизда туризмни жадал ривожланиши учун барча шароитлар муҳайё. Ишонаманки, жаннатмакон диёр яқин йилларда дунё сайёҳлик марказларидан бирига айланади.

Ботир Мадиёров,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?