Туризм соҳасини ривожлантириш барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг муҳим омили сифатида
Глобаллашув шароитида давлатлараро мулоқотнинг муҳим кўринишларидан бири сифатида туризм алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ижтимоий-маданий ҳодиса сифатида туризм дастлаб кишиларнинг ҳордиқ чиқаришлари, янги манзилларни кашф қилишлари ҳамда ўзига хос мулоқот майдонига эга бўлишлари учун имкон яратган бўлса, ҳозирги кунда у глобал иқтисодий, гуманитар ва сиёсий жараёнларни қамраб олмоқда. Туризм иқтисодиёт соҳаси билан ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлгани боис, мавжуд соҳадаги ўзгаришлар унга таъсир ўтказмасдан қолмайди. Бугунги кунда туризм энг фаол ривожланаётган иқтисодиёт тармоқларидан бири саналади ва кўплаб давлатларнинг асосий даромад манбаига айланиб улгурган.
Ўзбекистон Республикасида ҳам сўнгги йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича бир қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда. Буни юртимизда кечаётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар замирида ҳам кузатиш мумкин. Туризм бизнесини жозибадор соҳага айлантириш мақсадида, аҳолига туризм хизмати кўрсатувчи тижорат ташкилотлари сони оширилмоқда. Натижада меҳнат бозорининг муайян сегментларида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда.
Мавжуд ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида, туризмни давлат томонидан тартибга солишнинг янги тизими яратилмоқда, соҳадаги давлат сиёсатини шакллантириш борасида янги ёндашувлар ишлаб чиқилмоқда ва қўллаб-қувватлаш механизмлари такомиллаштирилмоқда. Шу мақсадда, давлатимиз томонидан соҳанинг ривожини таъминлашга хизмат қилувчи ҳуқуқий асосни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда ушбу соҳани қўллаб-қувватлашга йўналтирилган бир қатор норматив ҳужжатлар қабул қилинганлиги бу фикримизни тасдиқлайди. Жумладан, 2016 йилнинг 2 декабрида “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4861-сонли Президент Фармони, 2023 йилнинг 26 апрелида “Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-135-сонли Президент қарори, 2019 йилнинг 16 апрелида эса “Туризм тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.
Туризм соҳаси жамият ҳаётининг турли соҳаларига таъсир кўрсатади. Бу маданий тараққиёт, аҳоли бандлиги, транспорт логистикаси, меҳмонхона-курорт мажмуалари, атроф-муҳит муҳофазаси, хавфсизлик ва халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш каби йўналишларда намоён бўлади. Шу боис, мазкур соҳани ривожлантиришда хавфсиз туризм масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур. Бугунги кунда туризм хавфсизлигини таъминлаш юзасидан ягона миллий сиёсат юритишда муайян қийинчиликлар мавжуд. Бу борада давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев: “Кейинги йилларда Ўзбекистонда туризм соҳасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, хавфсиз туризмни ташкил қилиш, юртимизга келаётган сайёҳлар оқимини кўпайтириш, ташриф буюрган сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда”, – деб таъкидлаган эдилар.
“Ўзбекистон-2030” стратегияси асосида давлатимиз ҳудудида ташқи ва ички туризмни ривожлантириш учун кенг шарт-шароитлар яратилмоқда. 2030 йилга қадар хорижий туристлар сонини 15 миллионга, ички сайёҳлар сонини 25 миллионга, зиёрат туризми бўйича келадиган туристлар сонини 3 миллион нафарга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, хусусий инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига республикада 30 та йирик туризм кластерлари ташкил этиш, меҳмонхона ўринлари сонини камида 2 баробарга ошириш, тоғли ҳудудларда 25 та дор йўл қуриш, туризм маҳаллалари сонини 175 тага етказиш кўзда тутилган. Шу билан бирга, туризм хизматлари экспортини 5 миллиард долларга, тиббиёт ва таълим туризми экспортини эса йилига 1,5 миллиард долларга етказиш юзасидан самарали ишлар олиб борилмоқда. Хорижий туристлар учун барча халқаро аэропортларда республикадан сотиб олинган ва расмийлаштирилган маҳсулотлар учун “Tax free” тизимининг жорий этилиши сайёҳлар оқимини янада кенгайтиришга хизмат қилиши табиий.
Хулоса қилиб айтганда, иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланган туризмни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар давлатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиши ва Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги мавқеини янада оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Нозима Ўктамова
Тошкент давлат юридик университети
Давлат Бошқаруви кафедраси катта ўқитувчиси, PhD.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг