Туризм – Фарғонанинг брендига айланади

18:02 06 Апрель 2023 Welcome to uzbekistan
2336 0

Фото: Халқ сўзи

Президентимиз раислигида шу йилнинг 29 март куни мамлакатимиз туризм салоҳиятини ошириш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилишда соҳа ривожига тўсиқ бўлаётган муаммолар таҳлил ва танқид руҳида ўрганилди. Бу борада эртанги кун истиқболини таъминлаш  мақсадида бир қатор устувор вазифалар белгиланди. 

 Дарҳақиқат, бугун дунёда туризм мамлакат иқтисодиётини жадал ривожлантириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиш ва жаҳон ҳамжамиятида жозибадорлигини оширишда стратегик тармоқ ҳисобланади. Шу боис Франция, Испания, Германия, АҚШ, Туркия, Хитой ва Жанубий Корея сингари жаҳоннинг ривожланган давлатлари иқтисодиётида туризм инфратузилмасининг хизматлари беқиёс.

 Айни пайтда ушбу соҳа фаолиятини жаҳон андозалари даражасида ривожлантириш мақсадида Фарғона вилоятида кейинги йилларда кўзга ташланаётган янгиланиш ва ўзгаришлар эътиборга лойиқ.

Битта хорижий сайёҳ беш кунда 350 доллар харажат қилади

Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, бугунги кунда вилоятга келаётган чет элликларнинг аксарияти 50 ва ундан юқори ёшдаги сайёҳлардир. Хорижлик туристнинг икки кунлик сарф-харажати ўртача 182 доллар. Шу сабабли, биринчи навбатда туризм хизматлари жозибадорлигини ошириш ҳисобига сайёҳлар учун беш кунлик дастурлар ишлаб чиқиш белгиланди. Ҳисоб-китобларга қараганда, бир нафар чет эллик сайёҳ беш кунда вилоятда ўртача 330-350 доллар харажат қилади.

Фарғона вилояти туризм ва маданий мерос бош бошқармаси ахборот хизмати маълум қилишича, жорий йилда вилоятда умумий қиймати 1 трлн 117 млрд 245 млн сўмлик 66 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига туризм соҳасида 1,5 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилмоқда. 2023 йили вилоятда туризм  ва унга ёндош соҳаларда 18 мингта доимий иш ўрни ташкил этиш мақсадида шаҳар-туманлар кесимида аниқ режа ишлаб чиқилди.

Шу тариқа вилоятда туристик объектлар сони 370 тага етказилиб, сайёҳларга 100 га яқин туроператорлар хизмат кўрсатиши таъминланади. Умуман олганда, жорий йилда туризм ахборот марказлари, Wi-Fi зоналари, транспорт ва гидлар фаолиятини кенгайтирилиши ҳисобига соҳанинг хизмат кўрсатиш кўламини камида 30 фоизга ошириш режалаштирилмоқда.

2023 йили “Ўзбекистон бўйлаб сайёҳат қил!” дастури доирасида 1 млн 500 минг, шу билан бирга 300 минг нафар хорижлик сайёҳларни Фарғонага жалб этиш мақсад қилинган.

Сайёҳлик ҳар бир шаҳар-туманда ривожланиши керак

 Маълум бўлишича, бугунги кунда вилоятнинг Қўқон, Марғилон ва Фарғона шаҳарлари, Риштон туманида бошқа ҳудудларга қараганда туризм яхши ривожланган.

2022 йили вилоятда 15 та туристик хизматлар кўрсатилиб, туризм экспорти ҳажми 46,5 млн долларни ташкил этди. Мутахассислар жорий йилда вилоятда қўшимча хизмат турларини кенгайтириш орқали туризм экспорти ҳажмини 100 млн долларга етказиш мумкинлигини ҳисоб-китоб қилишди.

- Бу йил вилоятда туризмни драйвер соҳалардан бирига айлантириш мақсадида ҳар бир шаҳар-туман кесимида алоҳида “йўл харитаси” ишлаб чиқилди,-дейди Фарғона вилояти туризм ва маданий мерос бош бошқармаси мутахассиси Нодира Зокирова. – Хусусан, Данғара туманида сафари туризми, Олтиариқда агротуризм ва тиббиёт туризми, Ёзёвонда гастрономик ва Бешариқ туманида ов туризми бўйича туристик маршрутларни кўпайтириш, хизмат сифати ва салмоғини ошириш вазифаси белгиланди.

Қўқон – дунёда “латиф” мақомига эга ягона шаҳар

Президентимизнинг “Туркий давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Қўқон шаҳрида 12 та моддий-маънавий мерос объектларни реставрация қилиш ва мукаммал таъмирлашга киришилди. Латиф шаҳарда ташкил этилган янги туризм кўчалари ёритиш тизимини яхшилашга 2 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Ландшафт архитектураси бўйича барпо этилаётган сўлим хиёбонлар бўйлаб 500 та декоратив соябонли ўриндиқлар ўрнатиш кўзда тутилган бўлиб, бугунгача 100 дан ортиқ ўриндиқлар ўрнатилди.

Жаҳон ҳунармандлари шаҳри сифатида ҳам эндиликда Қўқоннинг довруғи етти иқлимда машҳур бўлмоқда. Бу борада Туризм соҳасида эксперт - Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги туризм бренди элчиси Софи Иббатсон бу қадимий кентнинг кўҳна қитъадаги “ташриф қоғози” бўлиб хизмат қилаётир. Хўқанди латифнинг туркий давлатлар, Осиё, Америка қитъаси мамлакатларидаги туризм элчилари ҳам шаҳарга бутун дунё сайёҳларини чорлаш учун астойдил ҳаракат қилмоқдалар.

Яқинда Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки делегацияси Қўқонда бўлиб, бу ерда амалга оширилаётган туризм лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга катта қизиқиш билдирди. Делегация раҳбари Питер Низетте ва шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов иштирокида ўтказилган мулоқотда маданий-тарихий мерос объектларини реконструкция қилиш, инфратузилма ва транспорт соҳасини ривожлантириш масалалари бўйича бир қатор келишувларга эришилди.

- Қўқон дунёда “латиф” мақомига эга ягона шаҳар,-дейди Қўқон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Норбоев. – Тарихий манбаларда келтирилишича, Қўқон адабий муҳити ўзбек мумтоз адабиётига 300 нафар ижодкорни тарбиялаб берган. Маданият, санъат ва ҳунармандчилик каби кўплаб соҳаларда ўзига хос мактаблар яратилгани таҳсинга лойиқ. Туризмни ривожлантиришда бу каби ўзига хос жиҳатлардан самарали фойдаланиш зарур.

Фарғонанинг эртанги кун истиқболи

2023 йил февраль ойининг дастлабки кунлари вилоятга ташриф буюрган давлатимиз раҳбари барча соҳалар ривожи йўлидаги дадил қадамлар, бевосита туризм равнақи йўлида ҳаётга татбиқ этилаётган эзгу ташаббусларни юксак эътироф этди. Фарғона аҳлини янги-янги ютуқлар сари рағбатлантирди.  

 Ҳақиқатдан ҳам жаннатмакон диёримиз марвариди сифатида эъзозланувчи дилбар Фарғона бугун ҳар жиҳатдан кенгайиб, муҳташамлик ва улуғворлик касб этиб бормоқда. Бу йил вилоятда экспорт ва хорижий инвестициялар ҳажмини тарихда илк бор бир миллиард доллардан ошириш кўзда тутилаётгани ҳам юрт равнақ-ривожи, элимиз фаровонлиги йўлидаги ҳаётбахш ислоҳотлар яқин истиқболда нақадар улкан самара беришидан далолат беради.         

Шубҳасиз, вилоятнинг эртанги кун истиқболини таъминлашда туризм асосий драйверлардан бирига айланажак!

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?