Трампнинг рейтинги президентлик муддати бошланганидан бери энг паст даражага тушди

10:27 22 Апрель 2025 Дунё
286 0

Фото: Reuters

АҚШ президенти Доналд Трампнинг рейтинги 42 фоизга тушиб кетди, бу унинг президентликка қайтганидан бери энг паст кўрсаткичдир. Бу “Reuters” агентлиги “Ipsos” тадқиқот компанияси билан ҳамкорликда ўтказган сўров натижаларида маълум бўлди.

Олинган маълумотларга кўра, Трампни маъқуллаш рейтинги бир неча ой ичида беш фоиз пунктга тушиб кетган. Яъни январь ойида лавозимга киришганидан сўнг рейтинг 47 фоизни ташкил этган бўлса, апрель ойи бошида бу рақамлар 43 фоиз даражасида қолганди.

Сўров шуни кўрсатдики, америкаликларнинг қарийб 60 фоизи мамлакат амалдаги президент даврида халқаро ишончни йўқотмоқда, деб ҳисоблайди. Улар орасида респондентларнинг учдан бир қисми Республикачилар партиясини қўллаб-қувватлайди.

Бундан ташқари, респондентларнинг қарийб 75 фоизи Трампнинг бундай имконият ҳақидаги олдинги баёнотларига қарамай, учинчи муддатга сайловларда иштирок этишига қарши чиққан. Республикачиларнинг ярмидан кўпи ҳам унинг учинчи сайловига қаршилигини билдирган. Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, АҚШ Конституцияси президентнинг кетма-кет икки муддатдан ортиқ лавозимда туришини тақиқлайди.

Сўров шу йилнинг 16-21 апрель кунлари ўтказилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер