Тошкентдаги ЙТҲларда 6 киши жабрланди

12:09 25 Май 2025 Жамият
211 0

Видеодан кадр

Тошкент шаҳрининг Сергели туманида 3 та, Чилонзор туманида эса 2 та машина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, бугун, 25 май куни соат 00:15 ларда Сергели туманидаги Қипчоқ кўприги устида катта тезликда ҳаракатланган «Lacetti» руль бошқарувини йўқотиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган. Шундан сўнг ўз йўналишда келаётган «Tracker-2» ҳамда «Matiz» русумли транспорт воситалари билан тўқнашган.

Мазкур ЙТҲ оқибатида «Lacetti» ҳайдовчиси, «Matiz» ҳайдовчи ва йўловчига биринчи ёрдам кўрсатилган.

Шу куннинг ўзида, соат 01:00 ларда Чилонзор тумани Бунёдкор шоҳ кўчасида 24 ёшли М.Т. «Nexia-3» русумли транспорт воситасида руль бошқарувини йўқотиб, ёритгичлар устунига бориб урилган. Тўқнашув оқибатида машина қарама-қарши йўналишга ўтиб кетган ҳамда 28 ёшли А.А. бошқарувидаги «Lacetti» билан тўқнашиб йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.

Ушбу ҳодиса туфайли ҳар иккала транспорт воситаси ҳайдовчиси ҳамда «Nexia-3» йўловчисига биринчи ёрдам кўрсатилган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?