Тошкентда ҳокимлик юрисконсульти катта миқдордаги пора билан ушланди

Видеодан кадр
Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ҳудудларда коррупцион ҳолатларга чек қўйилди, деб хабар бермоқда ДХХ.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Юридик бошқармаси юрисконсульти чет эл фуқаросига тегишли бўлган кўчмас мулк давлат эҳтиёжлари учун бузилгани сабабли, компенсация сифатида суд қарори билан давлат томонидан ажратилиши белгилаб қўйилган 8,8 млрд сўмни тезлаштириб олиб бериш эвазига, ўзининг 46 ёшли таниши орқали мазкур пул маблағининг 10 фоизини, яъни 70 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Акс ҳолда у суд қарори юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги номидан кассация шикояти бериб, кўчмас мулкни қайта баҳолаш йўли билан, белгиланган компенсация миқдорини камайтириши мумкинлигини айтган.
ДХХ ҳамда ИЖҚКД ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, воситачи хорижий фуқародан 70 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Сўров суҳбати давомида, воситачи бир муддат аввал юрисконсультга ўз ҳисобидан 50 минг АҚШ доллари бериб қўйганлигини айтиб, яна 15 минг долларни юрисконсультга олиб бориб беришини, қолган 5 минг долларни эса ўзининг воситачилик хизмати учун олиб қолишни режалаштирганлигини маълум қилган.
Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, юрисконсульт 15 минг долларни олган вақтида ушланган.
Шунингдек, юрисконсульт муқаддам ўзининг воситачисидан олган 50 минг доллардан 10 минг долларни компенсация маблағининг ўтказилиш жараёнини тезлаштириб бериши учун Тошкент шаҳар Иқтисодиёт ва молия бош бошқармасининг бош мутахассисига бергани аниқланган.
Юрисконсульт кўрсатмаси асосида бош мутахассис процессуал тартибда ушланган ҳамда юрисконсульт 40 минг долларни, бош мутахассис эса 10 минг долларни ихтиёрий равишда тақдим қилган.
Бошқа ҳолатда эса «Ҳудудгаз Сурхондарё» газ таъминоти филиалининг Термиз шаҳар бўлими Газ таъминоти объектларини техник тиклаш ва ишлатиш хизмати бошлиғи Косон туманида яшовчи фуқаро юк автомашинасини бошқариб кетаётиб, автотранспорт воситасининг том қисми билан табиий газ қувурига шикаст етказгани ҳолати юзасидан тузилган далолатномани йўқ қилиш ҳамда 11 млн сўм миқдорида жаримага тортмаслик эвазига, ундан 400 доллар ва 500 минг сўм талаб қилиб, 3 млн 900 минг сўм ва 100 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Терговга қадар текширув давомида, у аввалроқ 500 минг сўм олганлиги ҳам маълум бўлди.
Кадастр агентлигининг Жиззах вилояти Зомин тумани бўлими етакчи инспектори 28 ёшли фуқаро ўзбошимчалик билан эгаллаб олган ер участкасида қурилиш ишларини амалга оширганлиги ҳолати юзасидан қўлланилган 75 млн сўм миқдоридаги жаримани танишлари орқали камайтириб, ноқонуний қурилган турар-жой биносининг ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 400 доллар олган вақтида қўлга олинди.
Давлат кадастрлар палатасининг Қашқадарё вилояти Косон тумани бўлими кадастр муҳандиси ўз хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда маҳаллий фермер хўжалик раҳбари билан тил бириктириб, мансабдор танишлари орқали мазкур фермер хўжаликнинг 2 гектар сувли ер майдонини 60 млн. сўмга ҳамда тегишли ҳужжатлари бўлмаган 35 сотих ер майдонини турар-жой тоифасига ўзгартириб, кейинчалик эгалик ҳуқуқини берувчи ҳужжатни расмийлаштириб бериш эвазига 525 млн сўм, жами харидордан 585 млн сўм талаб қилиб, олдиндан 17 минг доллар олган вақтларида ушланди.
Мажбурий ижро бюросининг Қарши шаҳар бўлими давлат ижрочиси жиноят оқибатида етказилган зарарни ундириш тўғрисидаги ижро иши юзасидан жабрланувчи фуқарога қайтарилиши лозим бўлган 554 млн сўмни унинг пластик картасига ўтказиб бериш эвазига муқаддам 2 млн. сўм ва 100 доллар олиб, қўшимча 2 млн сўм олган вақтида қўлга олинди.
«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖга қарашли «Энергосавдо» корхонасининг Сирдарё вилояти Ховос тумани бўлинмаси инспектори маҳаллий фермер хўжалик томонидан электр энергиясига ноқонуний уланиш натижасида давлат манфаатларига 14 млн сўм миқдорида етказилган зарарни йўқ қилиб, хўжаликни тармоққа қайта улаб бериш эвазига 7 млн сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг