Тошкентда «Аёл, бизнес, инновация» мавзусида республика ўқув семинари бошланди

17:53 14 Август 2025 Жамият
193 0

Акрам ХАМРАҚУЛОВ/«Халқ сўзи». Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, «Ҳамроҳ» компанияси ҳамда БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида «Аёл, бизнес, инновация» мавзусида икки кунлик республика ўқув семинари старт олди.

Тадбирда мамлакатнинг барча ҳудудларидан 165 нафар етакчи ва истиқболли тадбиркор аёллар иштирок этмоқда. Улар бизнесни ривожлантириш, ички ва ташқи бозорларга чиқиш, электрон тижорат, маркетинг ва шахсий бренд яратиш, ISO сертификатлаш жараёни ҳамда имтиёзли молиявий имкониятлар бўйича амалий билим ва кўникмаларга эга бўлишмоқда.

Семинарнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайхо Маҳкамова хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканини таъкидлади.

— Жорий йилда 156 мингдан ортиқ хотин-қизлар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. Уларнинг даромадли меҳнат билан таъминланиши учун 12,9 трлн сўм кредит маблағлари ажратилди. Шунинг 1,4 трлн сўми оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида тақдим этилди. Ҳар бир аёлнинг бизнесдаги қадамларини қўллаб-қувватлаш — иқтисодий тараққиёт ва ижтимоий барқарорликнинг гаровидир, — деди Зулайхо Маҳкамова.

«Ҳамроҳ» компанияси бош директори Дилфуза Нурматова эса компаниянинг бепул ўқув дастурлари, маслаҳат ва менторлик хизматлари, шунингдек, имтиёзли кредитлар олишдаги кўмак йўналишларини тақдим этди.

Семинар доирасида янги давлат дастурлари ва молиявий ресурслар ҳақида маълумотлар берилди, электрон савдо ва маркетплейсларда ишлаш бўйича тренинглар ўтказилди. Экспорт жараёни, маркетинг стратегиялари, шахсий бренд яратиш ва халқаро сертификатлар олиш масалалари эмпирик кейслар асосида тушунтирилди.

— Бу семинар мен учун янги эшикларни очди. Хусусан, экспорт жараёнларини тўлиқ англаш ва онлайн савдо имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича аниқ йўл-йўриқ олдим. Илгари биз маҳсулотларимизни асосан маҳаллий бозорда сотар эдик, лекин эндиликда халқаро маркетплейсларга чиқиш режаларини тузаяпмиз. Шу билан бирга, маркетинг стратегияси ва шахсий брендни ривожлантириш бўйича ўрганган билимларим менга янги мижозлар топишда ва бозорда ўз ўрнимизни мустаҳкамлашда катта ёрдам беради, — дейди Тошкент шаҳридан иштирок этган тадбиркор Муҳаббат Тошмуҳаммедова.

Семинарнинг иккинчи куни интенсив амалий машғулотларга бағишланади. Унда иштирокчилар мутахассислар билан яккама-якка ишлаш имкониятига эга бўлади. Кун якунида сертификатлар топширилиб, янги ҳамкорлик ва бизнес ғоялари муҳокама қилинади.

Тадбир хотин-қизларнинг бизнес салоҳиятини ошириш, уларни рақамли иқтисодиётга интеграция қилиш ҳамда ички ва ташқи бозорларда фаол иштирокини таъминлаш йўлида муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда. Шу билан бирга, у мамлакатда хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашнинг узоқ муддатли дастурларидан бири ҳисобланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?