Тошкент шаҳрида ноқонуний диний жамоат фош этилди

10:10 13 Февраль 2025 Жамият
274 0

Тошкент шаҳрида Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ва Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида ноқонуний диний жамоат фаолияти фош этилди. Маълумотларга кўра, пойтахтдаги миллий таомлар ошхоналаридан бирида тунги вақтда бир гуруҳ фуқаролар ноқонуний йиғилиш ўтказгани аниқланган.

Жамоат таркибида Божхона қўмитасининг уч нафар ходими, Тошкент давлат шарқшунослик университети талабаси, технопарк директори ўринбосари, хусусий автомактаб директори ўринбосари, “Сергели-авто” бозорида савдо билан шуғулланувчи шахслар ва бошқа касб эгаларидан иборат 17 нафар фуқаро бўлган. Уларнинг аксарияти асли Наманган вилоятидан бўлиб, ҳозирда Тошкент шаҳрида истиқомат қилади.

Олиб борилган суриштирув ишлари давомида маълум бўлишича, Божхона қўмитасининг бошқарма бошлиғи ўринбосари 2021 йилдан буён жамоат таркибидаги шахслар учун мунтазам равишда ноқонуний диний дарслар ташкил қилиб келган. У ҳар бир дарс учун жамоат аъзоларидан маълум миқдорда маблағ йиғиб, ушбу маблағларни устозларга тарқатган.

Шунингдек, гуруҳ аъзолари 1989 йилда Наманган вилоятида туғилган ва ҳозирда Миср Араб Республикасида бўлган шахсдан “Телеграм” мессенжери орқали онлайн тарзда сабоқ олишган. Тошкент давлат шарқшунослик университети талабаси эса мазкур жамоат аъзоларига оффлайн тарзда диний маърузалар ўтган.

Ҳозирда Божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари, божхона органлари тезкор ходими ва катта инспектори, шунингдек, Тошкент давлат шарқшунослик университети талабаси ҳамда жамоат аъзоларига Миср давлатидан туриб онлайн тарзда диний сабоқ берган фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 216-моддаси (Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш) бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Қолган фуқаролар жиноят иши доирасида гумонланувчи сифатида терговга жалб қилинган. Ҳозирда тезкор суриштирув ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?