Тошкент шаҳар ҳокимидан кутилмаган ташаббус: давлат ишхоналарида миллий либосларда юриш тавсия этилади

15:06 22 Январь 2025 Жамият
353 0

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов 2025 йил 21 январь куни «Тошкент шаҳрида миллийликни кенг тарғиб қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади. Мазкур ҳужжат доирасида шаҳарда миллийликни оммалаштириш ва унинг ижтимоий аҳамиятини ошириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилади. Қарор асосида «Миллий Тошкент» лойиҳаси тасдиқланди ва унинг ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар ишчи гуруҳи ташкил этилди.

Қарорга кўра, давлат ташкилотлари ходимлари учун иш кунларида миллий либосларда юриш тавсия этилди. Шунингдек, оммавий тадбирларда миллий либосларни кенг кўрсатиш, миллий ўйинлар, рақслар ва қўшиқлар танловларини ташкил этиш режалаштирилган. Энг яхши либослар танлови ғолибларига махсус совринлар топширилади. Маданий, маърифий ва спорт тадбирларида аҳолининг фаол иштироки таъминланади.

Шунингдек, шаҳарда миллийликни кенг тарғиб қилиш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилди. Миллий либосларни ва миллийликни оммалаштиришга қаратилган тарғибот материалларини ишлаб чиқиш, давлат ташкилотлари ва маҳаллалар билан ҳамкорликни кучайтириш, миллийликни тарғиб этувчи тадбирлар ва семинарлар уюштириш, миллий либослар ишлаб чиқарувчи тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, миллийликни кенг ёйишга қаратилган доимий назоратни таъминлаш шулар жумласидандир. Ойнинг ҳар жумаси шаҳар бўйлаб «Миллий либослар куни» этиб белгиланди.

Қарорда «Миллий Тошкент» лойиҳаси доирасида шаҳарнинг жамоат транспорти ва турли объектлари миллийлик орнаментлари билан безатилиши белгиланган. Умумтаълим мактабларида ҳар бирида намуна сифатида «Миллий ўзбек синфи» ташкил этилади. Савдо марказлари, музейлар, кинотеатрлар ва бозорлар миллий руҳда безатилиб, уларда миллийликка оид тадбирлар ўтказилади. Шунингдек, «Тошкентда миллийлик трендда» шиори остида ижтимоий видеороликлар ва блоглар танловлари ўтказилади.

Тошкент шаҳрида миллийликни тарғиб қилиш сайёҳлар учун ҳам катта аҳамиятга эга. Туристик маршрутларга миллий безакли объектлар киритилади. Шунингдек, меҳмонхоналар ва ресторанларда миллий либослар ҳамда ҳунармандчилик маҳсулотларини намойиш этиш тадбирлари ташкил этилиши ҳам белгиланмоқда. Сайёҳлар учун миллий либосларда фотосуратга тушиш имкониятлари яратилади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, бошқармалар ва маҳаллий ҳокимият органларига мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш топширилди. «Миллий Тошкент» лойиҳаси доирасида миллий қадриятларни тарғиб этиш бўйича ижтимоий тармоқларда контентлар жойлаштириш, оммавий ахборот воситаларида махсус материаллар тайёрлаш вазифалари белгиланди. Лойиҳа миллий маданиятни асраш ва ривожлантириш, аҳоли ўртасида миллийликни янада оммалаштиришга хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер