Тошкент Осиёда “Bike city”, яъни "велосипед шаҳри" мақомини олиш сари муҳим қадам ташлади

Яқинда Осиё велоспорт конфедерацияси (АСС) президенти, жаноб Осама Аҳмад Ал-Шафар расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Юқори мартабали меҳмонга Осиё велоспорт конфедерацияси президенти ёрдамчиси Мариам Мазин Ёқуб Ал-Саббоҳ, АСС ходимлари Абдурахмон Давидов ҳамда Дамико Фабрициолар ҳамроҳлик қилишмоқда.
Бугун эрта тонгдан меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамроҳлигида Тошкент шаҳрининг марказий кўчалари бўйлаб “Tashkent – bike city” велосайлида иштирок этишди.
«Бугунги кунда соғлом турмуш тарзига риоя қилиш жуда муҳим, айниқса пандемия даврида. Президентимиз томонидан соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга доир кўплаб қарорлар қабул қилинмоқда. Шаҳарлар ичида велойўлаклар ташкил этилмоқда. Биз шу каби инфратузилмаларни яратиш билан бирга аҳолимиз ўртасида турли спорт турларини тарғиб қилишимиз лозим. Бу борада велоспорт энг оммавий спорт тури сифатида айни муддаодир, зеро бу ҳам саломатлик, ҳам экология учун фойда бўлади. Бугунги велосайримизда ҳам Осиё велоспорт конфедерацияси президенти қатнашмоқда, кейинчалик бу каби тадбирларимизда таниқли давлат арбоблари, спортчилар ва санъат намоёндалари ҳам қатнашиб, мухлислар орасида велоспортни тарғиб қилса, велосипеддан фойдаланувчилар сони ортиб, шаҳарларимиз янада кўркам кўриниш олади. Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни бу каби тадбирларда қатнашишга чорлаб қоламан», - деди Азиз Абдуҳакимов.
Пойтахтимиздаги «Ҳумо Арена» спорт мажмуасидан старт олган велосайлда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Вазирлар Маҳкамаси, шунингдек турли вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, ёш ва фахрий велоспортчилар, санъаткорлардан иборат жами 100 нафарга яқин юртдошларимиз фаол қатнашди.
Ўз навбатида, бундай тадбирлар ҳамда шаҳар ҳудудида профессионаллар ва ҳаваскорлар иштирокида турли пойгаларнинг ўтказилиши Тошкентнинг “Bike city” халқаро мақомини олиш имкониятини оширади. Қолаверса, юқори давлат бошқаруви органлари ходимлари иштирокида ташкил этилаётган бундай тадбирлар соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш йўлидаги энг яхши воситадир.
Маълумот учун: бугунги кунда шаҳарда велосипеддан фойдаланиш ва шаҳар велосипед инфратузилмасини ривожлантириш бўйича дунёнинг етакчи шаҳарлари қаторига Монреал, Копенгаген, Утрехт, Амстердам, Страсбург, Малмё, Бордо, Антверпен, Любляна, Токио, Берлин, Вена сингари шаҳарлар киради.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг