Томорқадан – барқарор даромад сари
Музработ туманининг “Орият” маҳалласида аҳолини барқарор даромад манбаи билан таъминлаш, томорқалардан самарали фойдаланиш ва иссиқхоначилик фаолиятини ривожлантириш мақсадида амалий семинар ташкил этилди. Унда Термиз тумани “Қаҳрамон” маҳалласида истиқомат қилувчи, “Дўстлик” ордени соҳиби, тажрибали тадбиркор ва деҳқон хўжалиги раҳбари Бобоёр Холбоев иштирок этди.
Семинар давомида иссиқхона шароитида етиштириладиган помидор, бодринг, қалампир, булғор қалампири ҳамда кўкатларнинг серҳосил навлари, уларни тўғри парваришлаш, ҳосилдорликни ошириш ва харажатларни камайтириш бўйича амалий тавсиялар берилди. Шунингдек, маҳсулотларни бозорга чиқариш, талаб юқори бўлган йўналишларни танлаш ва йил давомида даромад олиш имкониятлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Айниқса, томорқаларда кичик иссиқхоналар барпо этиш орқали оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш, мавсумдан ташқари пайтда ҳам бозорни сифатли маҳсулот билан таъминлаш масалалари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

— Иссиқхоначиликда энг асосий жиҳат илм ва меҳнат уйғунлигида, — дейди Бобоёр Холбоев. — Иссиқхона қуришнинг ўзи етарли эмас, ҳар бир экиннинг хусусиятини билиш, сув ва озуқа меъёрига амал қилиш керак. Агар томорқа эгаси режа билан ишласа, ҳатто кичик майдон ҳам оила учун барқарор даромад манбаига айланади.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар ҳамда иссиқхоначилик йўналишида фаолият бошлаш учун зарур бўлган амалий билим ва кўникмаларга эга бўлдилар.
Фарҳод ЭСОНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди
- Президент раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди
- АҚШ Ҳўрмуз бўғозида кемаларни кузатиб боришни бошлаши мумкин
- 14 март куни кузатиладиган об-ҳаво прогнози эълон қилинди
- Қийинчиликларда тобланган, ички куч ва оғриқларни жиловлай олган — «Инсон»
- Тошкент вилоятида Абдулла Орипов уй-музейи очилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг