“Канализацияга ташла, оқиб кетади” деманг

15:45 26 Март 2026 Жамият
326 0

Бугун республикамиз бўйича оқова сувларни чиқариб юбориш ва тозалаш даражаси қарийб 23 фоизга етган. Биргина пойтахтимизни оладиган бўлсак,учта Бўзсув, Салар ҳамда Бектемир оқова сувларни тозалаш иншоотлари кунига жами 1млн. 600 минг куб метр ҳажмдан ортиқ бадбўй сувларни қайта ишлаб, табиатга қайтармоқда. Таажжубки, худди шу жойда ғоят ачинарли ҳолат юз бераяпти. Пойтахтдаги бир қатор корхоналар қатори, ҳовлию кўп қаватли уйларда яшаётган аҳоли минг турли чиқиндиларни ҳам оқова сувлар тармоғига ташлаб юбормоқда. Бу ўз навбатида тозалаш иншоотларидаги ускуналарни ишдан чиқишига, шаҳар ҳавосининг янада ифлосланишига, экологияни кескин бузилишига олиб келяпти. Бу ҳақда республика Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасини назорат қилиш инспекцияси бош мутахассиси Илҳом Дадаходжаев шундай деди:

-Канализация – замонавий шаҳарнинг юраги, усиз экологик соғлом муҳит ҳақида сўзлашнинг ўзи ортиқча. Ана шу жараёнда аҳолининг маънавий қиёфасию тозалик-озодаликка эътибори ҳам яққол намоён бўлади. Афсуски, пойтахтимиздаги 15 та тўқимачилик корхонаси ва 3 та қушхона қатори аҳоли ҳам оқова сув тармоғига ўта бадбўй ва турли чиқиндиларни, кимёвий моддаларни муттасил ташлаб юбормоқда. Мол териси, уни калласи, эски кийим -кечак, йиртилган туфли, гўдакларнинг ишлатилган “памперси”,қўйингчи, хонадонда кераксиз туюлган барча нарса оқова сув қувурида сузиб келяпти ва тозалаш ускуналарига тиқилмоқда. Биргина “Салар ” корхонасининг ўзида кунига 4 тоннадан ортиқ сувда эримайдиган каттаю кичик чиқиндилардан 4 тоннаси кунига “ғалвир”га тиқилмоқда. Огоҳлантиришу жарималар қўллаш мутлақо самара бераётгани йўқ. Ўрганишлар натижасида бунга ўзимиз ҳам амин бўлдик.

Масалан, Бўзсув оқова сувларни тозалаш иншоотида бўлган чоғ, қип-қизил тусдаги сувни кўриб мутасаддиларга “нега бунақа” дедик. “Тўқимачилик корхонасининг чиқинди суви, ишлатиб бўлинган бўёқ “канализация” тармоғига ағдарилган. Энди буни тозалаб бўлмайди, далага ҳам шу зайл чиқиб кетади. Чунки корхонамизда оқова сувлар таркибидаги бўёқларни тозалайдиган технологиянинг ўзи йўқ, кўзда ҳам тутилмаган”, дейишди.

Аслида, тўқимачилик корхонаси турли заҳарли бўёқни қўллаш орқали маҳсулот ишлаб чиқараяптими, фойда оляптими, чиқиндига айланган бўёқни оқовага сувга тўкмай, ўзининг бирламчи тозалаш иншоотида чиғириқдан ўтказмоғи керак. Чунки заҳарли бўёққа тўйинган сув далага етиб боргач экинни ҳам қуритади, уни фойдасидан кўра зиёни кўп. Афсуски, кўпчилик корхоналарда бирламчи тозалаш тизимининг ўзи йўқ, борларини ҳам ортиқча харажат, дея ишлатишмайди. Чунки бизда оқова сувга заҳарли бўёқ оқизиш учун жавобгарлик чет элдагидек қаттиқ эмас. Э, ноинсоф, сувга тупуриш ҳам дину диёнатда йўқ, бу нима қилганинг, дея ҳеч ким бонг урмайди ҳам. Замонавий дунёда эса ичимлик суви ё оқова сув бўладими, ҳар иккисини ҳам булғаган одам жамияту давлат олдида қаттиқ маломату жазога рўбару бўлади. Аҳолининг турли маиший чиқиндиларни оқовага сувга ташлаб юбориши учун ҳам амалдаги қонунчилигимизда “қизил” чизиқ, қатъий жавобгарлик йўқ. Ана шу сабабли бугун “канализация” тизимидаги сунъий муаммолар, пойтахтнинг “Ўзгариш”, “Қумариқ”сингари ўнлаб маҳаллаларидаги ҳавонинг ифлосланиши одат тусини олмоқда. Айниқса ёз келди, дегунча аҳвол янада ёмонлашади. Менимча бунга қонуний йўл билан буткул барҳам бериш керак. Оқова сув иншоотларини шаҳардан ташқарига чиқариш, шу орқали дунёга юз тутган, сайёҳлик салоҳияти ошиб бораётган юртимиз пойтахтининг экологик қиёфасини, бебаҳо ҳавосини ҳавас қиладиган даражага келтириш эса давр талабидир.

Абдунаби АЛИҚУЛОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?