Тоғлар елкалаб турган қишлоқ

14:04 13 Март 2025 Жамият
137 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Сурхондарё вилояти ўзининг бой тарихи ва гўзал табиати билан машҳур. Хусусан, Сариосиё туманидаги Сангардак қишлоғи ҳайратланарли масканлардан биридир. Тоғлар бағрида жойлашган бу манзил бетакрор манзаралари ва муқаддас қадамжолари билан сайёҳларни ўзига жалб қилмоқда. Бу қишлоқ Сангардак дараси ва шаршараси, ранг-баранг ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, булоқ ва чашмалари билан машҳур. Денгиз сатҳидан 2000 метр баландликдан тушадиган шаршара табиатнинг бетакрор мўъжизасидир. Камалак мисоли товланиб оқаётган сув баҳри дилингизни очиб, хушкайфият бағишлайди. Шаршаранинг муздек суви саломатликка фойдали.

Сангардак дарёси тепасидаги тоғ устида Хўжаи илғор зиёратгоҳи жойлашган. Хўжаи илғор зиёратгоҳининг номи Хўжаипеш, Хўжаи баланд, Хўжаи устун, деб ҳам аталади. Қабр тоғнинг тепасида бўлиб, устига бир хонали чоғроққина хонақоҳ қурилган. 2019 йилда зиёратгоҳ «Вақф» хайрия фонди Сурхондарё бўлими тасарруфига ўтказилиб, хонақоҳ олдига 1 минг 80 та зина барпо этилган. Бу маскан ёз фаслида зиёратчилар билан гавжум бўлади. Қия тоғ бағридан сизиб чиқадиган тўртта булоқ суви шифобахш хусусиятга эга.

— Кейинги йилларда Сангардак қишлоғи янада кўркам ва обод масканга айланди, — дейди Сангардак МФЙ раиси Ўрозбой Мирзаев. — Тоғ қўйнида кенг йўллар барпо этилиб, сайёҳлар учун зарур шароит яратилди. Мачит, ошхона ва бошқа хизматлар кўрсатиш шохобчалари қурилди. Битта меҳмонхона, йигирмадан ортиқ меҳмон уйи ташкил этилди. Тоғ бағрида етти қаватли муҳташам «Сангардак» санаторийси қад ростлади. «Сангардак чеварлари» тикувчилик корхонаси ишга туширилиб, кўплаб хотин-қизлар бандлиги таъминланди. Шу кунларда қишлоғимиз билан Қашқадарёни боғлайдиган янги автомобиль йўли ишга туширилиш арафасида. Бу йўл пойтахтдан сайёҳларнинг Сангардакка келишини 4-5 соатга қисқартиради. Сангардак туризм қишлоғи мақомига эга. Бу маҳаллий аҳолининг туризмдан даромад топишига қулай муҳитни яратмоқда.

Президентимизнинг 2024 йил 16 декабрдаги «Сурхондарё вилоятининг тоғли-рекреацион ҳудудларида туризм инфратузилмасини яхшилаш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш ва туризм объектларини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори воҳанинг туристик имкониятларини янада кенгайтирди. Қарорга мувофиқ, Сариосиё туманидаги «Сангардак», Бойсун туманидаги «Омонхона» туризм қишлоқлари ҳамда Жарқўрғон туманидаги «Оқтепа» сув омборининг қирғоқ бўйида «Обиҳаёт» туристик марказлари бунёд этиш ишлари бошлаб юборилди.

— Мазкур қонун ижроси доирасида 2025-2027 йилларда ушбу ҳудудларда меҳмонхоналар, оилавий меҳмон уйлари, хизмат кўрсатиш мажмуалари, дам олиш масканларини қуриш учун бўш ер участкаларини 10 йил муддатда тенг улушларда тўлаш шарти билан электрон онлайн аукцион савдога чиқарилмоқда, — дейди вилоят ҳокими ўринбосари Жўрабек Тўраев. — Лойиҳа 945,5 гектар майдонда амалга оширилади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳаларни амалга ошириш учун 1 триллион 604 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Уларнинг йиллик ишлаб чиқариш самарадорлиги 50,5 миллион долларни ташкил этиб, 753 кишининг бандлигини таъминланади. Сангардак қишлоғи ҳудудида 1,8 километрли осма дор барпо этилади. Бундан ташқари, хизмат кўрсатиш мажмуалари ва туризм инфратузилмаси объектлари, жумладан, меҳмонхоналар, оилавий меҳмон уйлари, соғломлаштириш, умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш иншоотлари, санаторий ва халқаро умуммавсумий курорт зона ташкил этилади. Унинг лойиҳа қиймати 887,7 миллиард сўмни ташкил этади. Ушбу мақсадлар амалга ошса, 400 дан ортиқ кишининг доимий бандлиги таъминланади.

Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш йўлида кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрлик туфайли энг олис ва чекка ҳудудлар ҳам улкан бунёдкорлик майдонига айланмоқда. Минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал, деганларидек Сангардак қишлоғига келинг, бунга ўзингиз амин бўласиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?