«Тўдакўл»даги Халқаро шахмат мактабида U-20 Ўзбекистон чемпионати старт олди

15:49 26 Январь 2026 Жамият
322 0

Сўнгги йилларда мамлакатимиз шахматчиларининг халқаро мусобақаларда қўлга киритаётган ютуқлари Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсида янада танилишига, шу билан бирга юртимизда шахмат спорт турининг оммалашишига мустаҳкам замин яратди. Бу, шубҳасиз, давлатимиз томонидан шахматни ривожлантиришга қаратилган изчил эътибор ва муносиб рағбатнинг амалий самарасидир. Зеро, спорт шундай соҳаки, унга кўрсатилган ҳар қандай эътибор ёки бепарволик натижада ўз аксини топмай қолмайди.

Бунга дунё амалиётидан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Айтайлик, миллионлар ўйини саналган футболнинг ватани ҳисобланган Англия терма жамоаси ярим асрдан ортиқ вақт давомида жаҳон чемпионатида ғолибликни қўлга кирита олмаяпти. Мутахассислар бу ҳолатни мамлакат ички чемпионатида маҳаллий футболчиларни ривожлантиришга етарлича эътибор қаратилмаётгани билан изоҳлайдилар.

Шахмат соҳасида эса эришилган марраларни янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 5 августдаги «Шахматни янада оммалаштириш ва ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, Қизилтепа туманининг «Тўдакўл» дам олиш базаси ҳудудида мактабдан ташқари давлат спорт-таълим муассасаси ҳисобланган Халқаро шахмат мактабини барпо этиш белгиланган эди.

Мазкур қарор ижроси доирасида замонавий халқаро талаб ва стандартларга жавоб берадиган, зарур шахмат анжомлари ва ускуналари билан тўлиқ жиҳозланган, мустаҳкам моддий-техник ҳамда ўқув-машғулот базасига эга Халқаро шахмат мактаби бунёд этилиб, фойдаланишга топширилди. Энг муҳими, турли даражадаги халқаро ва минтақавий мусобақалар — Шахмат олимпиадалари, Осиё ўйинлари, Жаҳон ва Осиё чемпионатлари, универсиадалар ҳамда бошқа нуфузли турнирларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қила оладиган юқори малакали шахматчиларни тайёрлаш мақсадида мактабга тажрибали мутахассис-тренерлар, психологлар ва услубчилар, жумладан, жаҳонга машҳур халқаро гроссмейстерлар жалб этилди.

— Мазкур мактаб фақатгина иншоот сифатида эмас, балки Президент қарорида белгиланган вазифалар асосида ҳар йили ёш шахматчилар учун тренинглар ва маҳорат дарсларини ўз ичига олган мавсумий оромгоҳ сифатида ҳам фаолият юритади, — дейди Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Лазиз Қаюмов. — Шунингдек, «Тўдакўл» брендини шакллантириш ва тарғиб қилиш орқали Халқаро шахмат мактаби фаолиятини оммалаштиришга хизмат қилади. Бугун старт олган 20 ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилувчи муҳим мусобақалардан бири ҳисобланади. У истеъдодли ёш шахматчиларни кашф этиш ва уларнинг маҳоратларини ошириш учун муносиб майдон бўлади.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, чемпионат баҳслари ўғил болалар ва қизлар ўртасида алоҳида гуруҳларда, айланма тизимда (11 тур) стандарт йўналиш бўйича ўтказилмоқда. Мусобақа ғолиблари қимматбаҳо совринлар билан бирга 2026 йилги Ўзбекистон чемпионати (Олий лига) йўлланмасини ҳам қўлга киритадилар.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер