“Timur Kapadze Kopa Junior” болалар футбол мактаби фаолиятини бошлади

13:59 26 Август 2025 Жамият
61 0

Фарғона шаҳрида “Timur Kapadze Kopa Junior” болалар футбол мактаби тантанали равишда фойдаланишга топширилди. Айтиш жоиз, кейинги йилларда Фарғона вилоятида “миллионлар ўйини” бўлган футболни жадал ривожлантириш ҳамда иқтидорли ёшларни тарбиялашга катта эътибор қаратилмоқда.

Айни жараёнда тажрибали мураббийлар ҳамда фахрий спортчилар ҳам кенг жалб этилаётгани ютуқлар омилини таъминлашда муҳим омил бўлаётир. Энг улуғ, энг азиз байрам – истиқлолимизнинг 34 йиллиги арафасида вилоятда яна бир замонавий футбол мактаби иш бошлагани бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давомидир.

— Фарғона вилояти истеъдодли футболчилар тайёрлашда ўзига хос тажриба мактабига эга, — дейди футбол фахрийси, таниқли мураббий Тоҳир Копадзе. — Айни пайтда ҳам илк сабоқларни Фарғона футбол мактабида олган кўплаб истеъдодли ёшлар футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси, мамлакатимизнинг энг машҳур клублари ҳамда хориждаги турли чемпионатларда муваффақиятли фаолият олиб бормоқда.

Ишонамизки, барча замонавий шароитлар муҳайё этиладиган ушбу футбол мактабидан ҳам яқин келажакда маҳоратли спортчилар етишиб чиқади.

Тантанали маросимда футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Темур Копадзе иштирок этиб, мактабга қабул қилинган илк ўқувчиларни самимий қутлади. Бўлажак футболчиларга миллий терма жамоа ва Фарғона вилояти ҳокимлиги мутасаддилари томонидан эсдалик совғалари тақдим этилди.

Таъкидлаб ўтилганидек, мазкур футбол мактаби фаолиятини жаҳон андозалари даражасида кенгайтириш учун Фарғона шаҳри ҳудудидан 3 гектар ер ажратиб берилади. Шунингдек, бир йил ичида айни йўналишда улкан тажрибага эга Европанинг етакчи клублари болалар футбол академияси лойиҳаси бўйича бино-иншоотлар бунёд этилади. Барча замонавий қулайликлар яратилади.  

Ботир МАДИЁРОВ

«Халқ сўзи».                                                                                                              

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?