Тилсиз тилсим
Бугун қўлимиздан тушмаётган, бир қарашда ҳаётимизни енгиллаштираётгандек туюладиган телефон аслида кўпчилигимизни сездирмай ўз домига тортмоқда. У гапирмайди, аммо буюради. У чақирмайди, аммо ўзига тортади. Шу боис ҳам телефонни «тилсиз тилсим» деб аташ мумкин. Авваллари телефон алоқа воситаси эди: узоқдагилар билан гаплашиш, хабар алмашиш учун хизмат қиларди. Бугун эса у бутун бир дунёни ўз ичига олган майдонга айланди. Ижтимоий тармоқлар, ўйинлар, видеолар, янгиликлар — буларнинг барчаси инсонни реал ҳаётдан секин-аста узоқлаштирмоқда. Энг хавфлиси, бу жараённи кўпчилик сезмаяпти.
Телефонга қарамлик ёш танламайди. Катталар иш баҳонасида экранга қадалиб қолса, болалар ва ўсмирлар учун телефон кўнгилочар ўйинчоққа айланган. Натижада оилавий суҳбатлар қисқаради, бир дастурхон атрофида ўтирган одамлар ҳам бир-бири билан эмас, ўз телефонлари билан «мулоқот» қилмоқда. Бу эса инсонлар ўртасидаги меҳр, эътибор каби баъзи бир туйғуларни аста-секин сўндирмоқда.
– Телефонга ҳаддан ташқари боғланишнинг салбий оқибатлари кўп, –дейди Ширин шаҳар тиббиёт бирлашмаси шифокори Абдулазиз Мустафоқулов. – Бу ҳақда била туриб ҳам шундай қилишда давом этмоқдамиз. Аввало, бу ҳолат инсон саломатлигига таъсир қилади: кўзлар тез чарчайди, уйқу бузилади, асабийлик кучаяди. Бундан ташқари, диққатни жамлаш қийинлашиб, ўқиш ва иш самарадорлиги пасаяди.
Смартфон орқали виртуал оламга шўнғиб кетиш натижасида айниқса, айрим ёшлар вақтни беҳуда сарфлаб мақсад ва орзулар томон ҳаракат қилишда сусткашликларга йўл қўймоқда. Яна бир муҳим жиҳат — руҳий ҳолат. Ижтимоий тармоқлардаги сунъий «мукаммал ҳаётлар»ни кўрган инсон ўз ҳаётидан қониқмай қўйиши мумкин. Бу эса тушкунлик, ўзига бўлган ишончсизлик ҳиссини кучайиши каби муаммоларни келтириб чиқаради. Аслида эса кўплаб суратлар ва видеолар ҳақиқатни эмас, безатилган бир лаҳзани акс эттиради.
– Болаларнинг виртуал олам, хусусан, телефон ўйинлари билан банд бўлиб қолиши аввало уларнинг хотирасига, қолаверса, фикрлаши ва дарсларни ўзлаштиришига салбий таъсир кўрсатади, – дейди Гулистон туманидаги 7-умумтаълим мактаби олий тоифали ўқитувчиси Лобар Рўзимуҳаммедова. – Буни биз педагоглар амалиётда кўп кузатяпмиз. Масалан, Ўтган йили ўзим таълим бераётган 2-синфда ўтказган “Бир ҳафта телефонсиз ҳаёт” тажриба-синовимизга кўра ота-оналар бир ҳафта давомида телефон билан банд бўлмай, фарзандлари билан биргаликда фақат мутолаа билан шуғулланди. Ўқиш учун беш номдаги адабиёт тавсия этилди. Натижада улар бу билан ўқувчи фарзандларига китобхонлик бўйича ўрнак бўлиш баробарида мутолаанинг нақадар фойдали эканлигини ўзлари ҳам яна бир бор англаб етдилар. Энг муҳими, фарзандларининг таълим-тарбиясига етарли вақт ажратадиган бўлишди.
Албатта, муаммо фақат телефоннинг ўзида эмас, ундан фойдаланиш маданиятидадир. Телефон ҳаётимизга хизмат қилиши керак, ҳаётимизни бошқармаслиги лозим. Вақтни режалаш, экран қаршисида ўтиришни чеклаш, оилавий ва дўстона суҳбатларга кўпроқ эътибор қаратиш — булар телефонга қарамликдан қутулишнинг оддий, аммо самарали йўлларидир.
Телефон — кучли восита. У билим манбаи ҳам бўлиши мумкин, вақт ўғриси ҳам. Танлов эса ҳар биримизнинг қўлимизда. Агар биз уни бошқара олсак, телефон фойда келтиради. Акс ҳолда, у бизни реал ҳаётдан узиб қўядиган «тилсиз тилсим»га айланиб қолаверади.
Муштарий ТОШПЎЛАТОВА,
Ҳалима Худойбердиева номидаги
ижод мактабининг битирувчиси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Абдуқодир Ҳусанов яна бир бор «Реал Мадрид»га қарши ўйнайди
- Болалар саратонига қарши кураш: халқаро ҳамкорликдаги муҳим қадам
- Суперлиганинг 2026 йилги мавсуми бошланмоқда
- Ҳар бурчагида тарих яширинган шаҳар — Лондондан фоторепортаж
- Дзюдо бўйича Тошкент “Катта дубулға” мусобақаси бошланди
- 1 март — Зулфия таваллуд топган кун. «Бугун тунда келармиш баҳор»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг