«Тилга кирган» Нетаняҳу, қўмондон ўлими ва Британияда «сенсация» (+видео)

17:13 05 Июль 2024 Дунё
284 0

Исроил ҳужуми оқибатида «Ҳизбуллоҳ» қўмондони ҳалок бўлди

Ливан жанубида «Ҳизбуллоҳ»нинг юқори мартабали қўмондонларидан бири Исроил ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган.

Шундан сўнг гуруҳ Исроилга қарши ракета зарбаларини берди. Яҳудийлар давлати ҳарбийларининг айтишича, Ливан жануби-ғарбий қисмидан Исроилга қарши курашга масъул бўлган бўлинма қўмондони Муҳаммад Носир йўқ қилинган.

Ливандаги икки хавфсизлик манбасига кўра, Носир «Ҳизбуллоҳ»нинг ҳозиргача ҳалок бўлган қўмондонларнинг энг мартабалиларидан бири ҳисобланади.

Гуруҳ бунга жавобан Исроил ҳарбий базасига 100 та «Катюша» ва чегара яқинидаги Кирят Шмона шаҳридаги бошқа базага Эронда ишлаб чиқарилган «Фалақ» ракеталарини учирган.

Исроилнинг «Channel 12» телерадиокомпанияси Ливандан Исроил шимолига ўнлаб ракеталар учирилганини хабар қилди. Қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган. Ракеталарнинг аксарияти очиқ майдонга қулаган, баъзилари тутиб олинган.

«Reuters» маълумотларига кўра, Исроилнинг Ливандаги ҳужумларида 300 дан ортиқ «Ҳизбуллоҳ» жангчиси ва 87 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган.

Исроил томони эса Ливан зарбаси оқибатида 18 аскар ҳамда 10 тинч аҳоли ҳалок бўлганини маълум қилди.

Британия сайловларида «сенсация»

Буюк Британиядаги умумий сайловларда Кир Стармернинг Лейбористлар партияси мутлақ кўпчиликни қўлга киритиб, ғалаба қозонди. Буни халқаро ОАВлар катта «сенсация» сифатида талқин қилишган.

Қайд этилишича, ушбу сайловда лейбористлар камида 326 ўринга эга бўлди. Бу эса Вакиллар палатасида зарур бўлган 320 ўриндан кўп деганидир. Ушбу ғалаба Стармерни Буюк Британиянинг навбатдаги Бош вазири бўлиш йўлидаги энг катта қадамдир.

2022 йил 25 октябридан бери Бирлашган Қироллик бош вазири лавозимида ишлаётган Риши Сунакнинг Консерватив партияси тарихий мағлубиятга учради. Бу эса катта эҳтимол билан унинг курсисидан «айрилиб» қолишини англатади. Консерваторлар Вакиллик палатасида атиги 131 та жойни эгаллай олишган.

Путиннинг «Толибон» бўйича сиёсати ўзгармоқда

Россия Федерацияси президенти Владимир Путин Толибонни Россиянинг терроризмга қарши курашдаги иттифоқчилари деб атади. Путин «Толибон» ҳам Афғонистондаги барқарорликдан манфаатдор эканига ишонч билдирди.

«Умуман олганда, биз «Толибон» ҳаракати мамлакатдаги ҳокимиятни назорат қилаётганидан хулоса қилишимиз керак ва шу маънода, терроризмга қарши курашда «Толибон» биз учун иттифоқчидир», — деган Россия раҳбари.

Шунингдек, унинг қўшимча қилишича «Толибон» томонидан бу йўналишда ишлаш борасида бир қанча таклифлар олган.

Эслатиб ўтамиз, БМТ ва Россия 2003 йилдан буён «Толибон» ни террорчи ташкилот сифатида кўради.

Ғазо сулҳи қайта жонланди

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҲАМАС билан гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишувни муҳокама қилиш учун музокарачилар гуруҳини юборишга қарор қилди.

Ушбу келишувни Исроил номидан АҚШ президенти Жо Байден май ойининг охирида эълон қилган эди. ҲАМАСнинг ушбу дастурга тўлиқ муносабати ҳали эълон қилинмаган. Аммо Фаластин расмийсининг «BBC» га айтишича, гуруҳ Байден тақдим этган режа бўйича тўлиқ ўт очишни талаб қилмаяпти.

ҲАМАСнинг янги шартларига кўра, Исроил аскарлари Ғазонинг Миср билан жанубий чегараси бўйлаб ва Ғазо ҳамда Миср ўртасидаги Рафаҳ ўтиш жойидан чиқиб кетиши керак.

АҚШ маъмуриятининг юқори мартабали мулозимига кўра, ҲАМАС ўз позициясига муҳим тузатишлар киритишга рози бўлган.

«Бизда муҳим ўзгаришлар бор, аммо бу келишув бир неча кун ичида ёпилади дегани эмас», деган АҚШ расмийси. Унинг қўшимча қилишича Байден ва Нетаняҳу пайшанба куни телефон орқали суҳбатлашиб, гаровга олинганлар ва сулҳ музокараларини муҳокама қилган. Нетаняҳуга кўра, яҳудий давлати музокарага делегация жўнатишга тайёр. Урушни эса барча хоҳишлари амалга ошганидан сўнг тугатиши мумкин.

Шунингдек, чоршанба куни ҲАМАС сиёсий раҳбарияти келишувга эришиш учун муҳокама қилаётган ғоялар юзасидан Миср ва Қатар воситачилари билан боғланганини айтди.

Шу пайтгача гуруҳ урушни тўхтатиш ва Исроил қўшинларини Ғазодан тўлиқ олиб чиқиб кетишни талаб қилиб келган. Исроил эса ҲАМАСни йўқ қилмагунича жангларда фақат вақтинчалик танаффусларни қабул қилишини айтиб келади.

«Фақат иккимиз» — Трамп Байденга яккама якка «жанг» таклиф қилди

АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден модераторсиз дебатларда ўз малакасини намойиш эта олади. Ушбу фикрларни Республикачилар партиясидан президентликка номзод Дональд Трамп айтиб ўтди.

Кўплаб сиёсатчилар ва журналистлар Демократик партия Байдендан воз кечиб, бошқа номзодни кўрсатиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Назарий жиҳатдан, бундай имконият август ойида бўладиган конгрессда пайдо бўлади. Амалда, праймеризда ғалаба қозонган сиёсатчининг ўзи иштирок этишдан бош тортмаса, уни мусобақадан четлаштириш қийин.

Номзодлар ўртасидаги иккинчи дебат 10 сентябрга белгиланган. АҚШда президентлик сайловлари 5 ноябрь куни бўлиб ўтади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер