Тил — миллат кўзгуси

18:40 24 Июль 2022 Маданият
1048 0

Инсоннинг онгу шуурига, қалбига Она тили она алласи билан киради. Бир умр ёдидан кўтарилмайди, энг ширин, энг лазиз дамларни ёдга солади. Шунинг учун ҳам тилни миллатнинг ғурури, ифтихори даражасига кўтарамиз.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йил 21 октябрь куни «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон қабул қилинди. Унга биноан 21 октябрь санаси юртимизда «Ўзбек тили байрами куни» деб белгиланиши мамлакатимизнинг янги тарихи, янги тараққиёт босқичида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг ишончли самараси ҳамда мустақил Ватанимизнинг ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий, маданий-маънавий ҳаётида улкан воқеа бўлди.

Фармонга мувофиқ, она тилимизнинг истиқболдаги тараққиётига оид кўплаб масалалар ўз ечимини топаётир. Шу эзгу ғояга биноан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузи тобора ошиб бормоқда. Зеро, тил ҳар бир миллатнинг энг қадрли бойлиги, унинг маънавий қиёфаси, маданияти, ички дунёсини акс эттирувчи муҳим воситадир.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, она тилимизни асраб-авайлаш, уни ҳар томонлама ривожлантириш, тил сиёсатининг энг қуйи бўғинларгача етиб боришини таъминлаш мақсадида вазирлик, идора ҳамда хўжалик бирлашмаларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича раҳбар ўринбосарига тенглаштирилган маслаҳатчи лавозими жорий этилди.

Хусусан, «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамиятида ҳам ушбу лавозим жорий этилган.

Дарҳақиқат, оташқалб шоиримиз Усмон Носир, —

Симирдим, яшнайман тилсин дилимни,

Бемеҳнат севмайман тирик тилимни,

— деганидек, она тилимизни бемеҳнат севиб бўлмайди.

Чунки у шоир айтганидек, тирик. Унга доимий равишда ғамхўрлик қилиш, уни асраб-авайлаш, қайта-қайта сайқаллаб бориш зарур.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида белгиланган вазифалар ижросини самарали таъминлаш мақсадида «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти таркибидаги 7 та корхонада маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича бошқарув раиси маслаҳатчиси лавозими жорий этилди.

Ушбу лавозимга танлов асосида сараланган ходимлар тайинланиб, корхоналарда давлат тилини ривожлантириш бўйича амалга оширилиши белгиланган тадбирлар режасига кўра фаолият олиб бормоқда.

Шунингдек, тармоқ ташкилотлари маслаҳатчилари корхоналари раҳбарларининг, кўп минг сонли ишчи-ходимларнинг давлат тили бўйича малакасини ошириш, иш юритувидаги барча ҳужжатларнинг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлишни таъминлаш ишларида жонбозлик кўрсатмоқда.

Айтиш жоизки, марказий аппаратда ҳамда тармоқ корхоналарида барча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиб, уларни давлат тилига таржима қилиш ишлари амалга оширилди. Хусусан, «Ўзкимёсаноат» АЖ ижро аппаратида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида расмийлаштирилган хат-ҳужжатлар таҳлил қилинди.

Вазирликлар, идоралар ва ташкилотларга юборилган чиқиш хатлари, тармоқ корхоналарига юборилган хабарнома ва топшириқ хатлари, асосий фаолиятга оид, ички хизмат сафарига, хорижий давлатларга хизмат сафарига оид буйруқлар давлат тилида расмийлаштирилди. Шу билан биргаликда, хизмат хатлари, ўтказилган йиғилиш баённомалари, бошқарув раисининг фармойишлари давлат тилида ёзилиши таъминланди.

Давлат тилида иш юритиш сифатини ошириш мақсадида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида «Ўзкимёсаноат» АЖ марказий аппаратида ва тармоқ корхоналарида 2022 йил учун тасдиқланган режага асосан малака ошириш ишлари давом эттирилмоқда.

Қолаверса, АЖ марказий аппаратида ҳамда тармоқ корхоналарда ташқи ёзувлар, лавҳалар, эълонлар, рекламаларнинг давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига қатъий мос бўлишини таъминлаш чоралари кўрилди. Ходимларнинг саводхонлик даражасини баҳолаш, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида компьютер дастурларида тез ва тўғри ёзиш малакасини шакллантириш мақсадида «Тез ёз, тўғри ёз» танловлари ташкил этилди.

Шонли саналар муносабати билан ташкил этилган тадбирларда ходимларнинг малакасини янада ошириш мақсадида «Энг яхши эссе» танловларини ташкиллаштириш анъанага айланди. Эсселар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзилиши қатъий тарзда белгиланган.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, она тилимизнинг чинакам жонкуяри Эркин Воҳидов «Сўз латофати» асарида «Она тили умуммиллат мулкидир, демак, тил олдидаги масъулият ҳам умуммиллий. Мен ўзбекман, деган ҳар бир инсон ўзбек тили учун қайғурмоғи керак. Унутилган сўзларни тиклаш, борини бойитиб бориш, хорижий атамаларга муносиб истилоҳлар топиш ёлғиз тилшуносларнинг эмас, миллатнинг ишидир», дея таъкидлайди. Ушбу фикрлар ҳар биримизни она тилимизни севишга, унинг ривожланиши учун ўз соҳамиз бўйича оз бўлсада ҳисса қўшишга ундайди.

Умуман, ҳар бир ташкилот ва идора, ҳар бир тизимда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ҳурмат билан қаралса, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва обрўси кундан кунга юксалиб бораверади.

Санобар АБДУРАҲМОНОВА,

«Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси маслаҳатчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер