Тил билганга имкониятлар беқиёс
Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»
Пойтахтимиздаги 1-сон Республика Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми базасида “Германия тиббиёт академияси”нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди ва унда сўзга чиққан мутасаддилар давлатимиз раҳбарининг узоқни кўзлаб олиб бораётган оқилона сиёсати туфайли Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ошиб бораётганлиги, ёшларнинг ўзлари танлаган касбни пухта эгаллаган ҳолда нафақат юртимизда , балки чет элларда ҳам бемалол ишлаш олишлари учун беқиёс имкониятлар яратилаётганини алоҳида таъкидлашди.
Мазкур лойиҳа Миграция агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Германиянинг Ахен университет клиникаси ҳамда Швейцариянинг “Globogate Concept AG” компанияси ўртасидаги ҳамкорлик доирасида амалга оширилмоқда. Мақсад юқори малакали ўрта тиббиёт мутахассисларини Германия стандартлари асосида тайёрлаш, уларнинг касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва меҳнат миграцияси учун янги имкониятлар яратишдан иборатдир. Аслида бу хайрли ташаббусга ўтган йил 16 сентябрда Самарқандда, давлатимиз раҳбари ва собиқ Германия федерал канцлери Олаф Шолц ўртасида ўтказилган тарихий учрашувлар чоғида келишилган, шундан сўнг тегишли вазирликлар ва хорижий ҳамкорлар ўртасида муносабатлар амалий тус олган эди.

—Ўзбекистонлик ўқувчиларнинг билимга чанқоқлиги, ўзлари танлаган касбга меҳрини кўриб беҳад қувондим. Ёшларнинг немис тилига қизиқиши, хушмуомиласи эътиборимни тортди. Бўлғуси хамшира ширинсўзли бўлиш — бу жуда муҳим. Аминманки, лойиҳамиз келгусида юқори самара беради, — дейди “Globogate Concept AG” компанияси ижрочи директори Санг Ву Пан жаноблари.
Уч йиллик касбий таълим ва немис тилини мукаммал ўрганишдан сўнг Германияга йўл оладиган ёшлар мамлакатимиздаги 15 та Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумларнинг ҳар бирида 50 нафардан танлаб олинади. Уларга нафақат Ўзбекистон, балки Германия тиббий таълим дастурларига, нуфузли клиникалар талабига кўра сабоқ берилади. Мазкур техникум битирувчилари икки давлат томонидан тан олинадиган дипломга эга бўлиб, Германияда тўлиқ тан олинган ҳамшира сифатида иш бошлашади. Шунингдек ёшлар хорижда ўз фаолиятини бошлаган чоғидаёқ ўз оила аъзоларини Германияга олиб кетиши мумкин. Энг муҳими барча харажатлар лойиҳа ҳисобидан, ёшлар фақат тинимсиз ўқиши, билимдон ва хушмуомала бўлиши лозим.

—Мактабда ўқиган чоғларим немис тили курсига қатнаганман. Ниятим Германияда ўқиш эди. Буни қарангки, шу техникумга ўқишга киргач, омадим яна келди, танловдан ўтдим. Ота-онам озгина иккиланишдию, аммо уларни ҳам кўндирдим. Пулини давлат тўлаяпти, бизни Президентимизнинг ўзлари қўллаяптилар дедим. Ростдан ҳам шундай-да, — дейди Севинч Рамазонова. Унинг дугонаси Дилдорахон ҳам ҳамширалик ортидан хорижга чиқиш имкони туғилаётганидан хурсанд.
— Насиб этса, бораман, ишлайман ва яна институтда ҳам ўқийман. Дадамга энг зўр шифокор бўлиб Ўзбекистонга қайтаман, дея ваъда бердим,— дейди у.

Миграция агентлиги масъули Гулруҳ Тулаеванигнг таъкидлашича, бугунги кунга қадар “Globogate Concept AG” компанияси билан ҳамкорликда 1 200 нафардан ортиқ ўзбекистонлик фуқаролар ҳамширалик йўналишида ва немис тили курсларида таҳсил олган. Уларнинг 450 нафари Германияда иш фаолиятини бошлади, 160 нафари эса виза олиш жараёнида. Йил якунига қадар эса яна 350 нафар ҳамшира Германиянинг Ахен ва Асклепиос клиникаларига юборилади.
Тадбир якунида меҳмонлар Яшнобод туманидаги Миграция агентлигининг 320 ўринли ўқув биноси ва 350 ўринли ётоқхонага эга бўлган янги Халқаро тил ва кўникмалар мактабидаги шароитлар билан яқиндан танишдилар. Ноябрь ойидан бошлаб мазкур мактабда Германияда ишлашга тайёрланаётган ҳамширалар ва Японияни кўзлаётган ёшлар учун махсус тайёрлов курслари йўлга қўйилади. Шу тариқа ҳар йили 1,5 минг нафарга яқин фуқаро хорижий тиллар ва касбий кўникмалар бўйича халқаро стандартлар асосида тайёргарликдан ўтади.
Абдунаби Алиқулов,
“Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ламин Ямал «Барселона»ни тарк этиши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг