Термиз ҳайвонот боғидаги ҳайвонларга электрон чиплар ўрнатилди

12:37 14 Май 2024 Жамият
259 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 майдаги «Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан Тошкент, Фарғона ва Термиз ҳайвонот боғлари Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги тасарруфига ўтказилган эди. Ҳайвонот боғларининг моддий-техник базасини яхшилаш, сақланаётган ҳайвонларни асраб-авайлаш, уларнинг сонини кўпайтириш мақсадида вазирлик томонидан бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг тегишли буйруғига асосан Термиз ҳайвонот боғида сақланаётган Ўзбекистон Қизил китоби ҳамда Йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвонлар ва ўсимликлар турлари билан халқаро савдо қилиш тўғрисидаги конвенция (CITES) иловаларига киритилган ҳайвонлар чиплаштирилиб, улар учун электрон паспорт тизими йўлга қўйилмоқда.

— Ҳайвонларнинг курак қисмидаги тери остига, баъзиларининг тўш орасига, қулоқ орқасига чиплар ўрнатилмоқда, — дейди Термиз ҳайвонот боғи ходими Баҳодир Жумаев. — Бу билан уларнинг қандай озуқа билан озиқланаётгани, уларга қандай ветеринария тадбирлари ўтказилаётгани, умуман, улар ҳақидаги маълумотлар ягона электрон базага келиб туради. Шу билан бирга, ҳайвонлар электрон рўйхатга олинмоқда, яъни уларнинг электрон паспорти яратилмоқда. Паспорт тизими йўлга қўйилиши жараёнида жониворлар ҳақидаги барча маълумотлар — қачон туғилгани, қаердан олиб келинганигача барча маълумотлар ягона электрон базага киритилади. Бу эса ушбу ҳайвонларнинг муҳофаза этилишини мунтазам назорат қилишга имкон беради.

Дастлабки чиплаш тадбирларида 4 бош йиртқич ҳайвон, қушлардан 2 бош Ўзбекистон Қизил китобига киритилган оқ бошли қумой, чўл бургути ҳамда туёқлилардан 2 бош жонивор — морхўр, Бухоро тоғ қўйига чиплар ўрнатилди.

Маълумот учун, бугунги кунда Термиз ҳайвонот боғида жами 488 бош ноёб ҳайвон сақланмоқда. Шундан йиртқичлар 40 бош, судралиб юрувчилар 84 бош, туёқлилар 47 бош ҳамда қушлар 317 бошни ташкил этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?