“Тенг бўлди Каъба била дайри Сўмнот манга...”

13:35 28 Январь 2025 Маданият
942 0

Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллигига

Хожа Ҳофиз Шерозий борлиқни “Ҳама жо хонаи ишқ аст”, яъни барча ер ишқ хонасидир, дея улуғлагани каби Алишер Навоий коинотдаги ҳар бир зарра, бутун борлиқ Аллоҳнинг гўзал исм ва сифатлари тажаллийсидан иборат эканини ҳароратли мисраларида бадиий ифодалаган.

Мумтоз ғазалиётнинг ноёб дурларини ижод этишга муваффақ бўлган Алишер Навоий инсон ҳаётининг барча жабҳаларини, унинг орзу-истагу ўй-хаёлларини ошиқона моҳият касб этувчи ғазалларда санъаткорона сингдира олганлиги билан беназирдир. У назм намуналарининг ошиқона, орифона моҳият касб этишига алоҳида эътибор қаратган. Ғазалда ватанни улуғлаш, унга бўлган чексиз муҳаббатни ҳароратли мисраларда бадиий ифодалаш учун шоирда ишқ машъалидан доимий ҳароратланиб турувчи қалб бўлиши талаб этилади. Аввало, Алишер Навоий каби мутасаввиф шоирларнинг бутун борлиқни Аллоҳнинг гўзал исм ва сифатлари тажаллийсидан иборат бир ойна сингари бадиий талқин этишининг ўзи бир поэзия эканини англамоқ зарур. Чунончи, улуғ шоирнинг Аллоҳ сифатининг мазҳари, яъни кўриниши – тажаллийси бўлмаганида ҳеч бир зот бўлмаслигидан келиб чиқиб, ботиндан хабарсиз зоҳидни кичик бир ашёга ҳақоратомуз қарашдан тийилишга чақиргани ниҳоятда ибратлидир:

Боқма, эй зоҳид, ҳақорат бирла ашё сариким,

Бўлмаган анинг сифоти мазҳари йўқ ҳеч зот.

Бу билан у бутун борлиқ Аллоҳ исму сифатларининг инъикоси экан, ундаги кичик бир нарса ҳам Яратувчидан айримаслигини бадиий талқин этишга муваффақ бўлади. Борлиққа айни тарзда муносабатда бўлиш, уни буюк Яратувчининг гўзал исму сифатларининг жилвалари тарзида англаш ҳар қандай кишини атроф-муҳитга бўлган муносабатини ижобий томонга ўзгартиради. Демак, буюк мутафаккир бобомиз ўша пайтлардаёқ Президентимиз томонидан илгари сурилаётган “яшил макон” концепциясига, табиатга зарар етказмаслик, уни асраб-авайлаш ишларига хайрихоҳ бўлганидан далолат беради.

Алишер Навоий борлиқни вайрон қилиш нари турсин, унга шикаст етказишдан тийилишга, ҳатто заррага ҳам шунчаки бир нарса тарзидан қарашдан ўзини тутиб туришга ундайди. У она юртга бўлган меҳр-муҳаббатини ўз асарларида таъриф-тавсиф этишда ҳам ўзининг буюк бир санъаткор эканлигини намоён эта олган. Бунинг учун, аввало, улуғ шоир “ватан” деганда, бизнинг тушунчаларимиздан фарқли ўлароқ аксарият ўринларда яшаш учун танланган масканни назарда тутганини англашимиз лозим. Шоирнинг ошиқона ғазалларида “ватан” сўзи кўнгилга нисбатангина туғилиб ўсган жой маъносида қўлланганлиги кузатилади:

Кўнгил то водийи ишқиға тушти, қилмади бир ҳам

Ватанни ёд ул оворайи бехонумон ҳаргиз.

Ушбу байтдан англашиладики, ишқ водийcига боришни майл қилган “оворайи бехонумон”, яъни уй-жойсиз, дарбадар кезишни ихтиёр этган кўнгил бир мартагина бўлса-да, ўз ватанини ёдига келтирмайди. Табиийки, кўнгилнинг ватани ошиқнинг кўкси саналади. У шу ерда туғилди, камол топди. Бироқ у ишққа мубтало бўлгани боис тан чекаётган қийинчиликлар билан ҳисоблашмай қўйди. Ғазалларнинг аксариятида ватан сўзи кишига нисбатан қўлланганида, юқорида таъкидланганидек, у яшаш учун танланган масканни англатади. Қуйидаги байтда ифодаланган маънодан Алишер Навоий қарашларига кўра, Аллоҳ гўзал исмларию сифатлари тажаллийсининг маҳсули бўлган борлиқ ва унинг бир қисми бўлган маскан – ватан ҳақидаги шоирнинг мушоҳадалар кўзга яққол ташланади:

Сўрма ҳажринда Навоий ёрину сарманзилин,

Ёр анга дардинг, ватан бир кунжи меҳнатхонадур.

“Меҳнат” сўзи мумтоз шоирларимиз ижодида машаққат, оғирлик маъноларида қўлланишини назарда тутадиган бўлсак, улуғ шоир “кунжи меҳнатхона” деганда, шундай сифатларни ўзида мужассам этган дунё, Ер юзининг муайян бир гўшасини назарда тутади. Аёнлашадики, ҳижрон изтиробларида ўртанаётган чинакам ошиқ учун бу “меҳнатхона”нинг қай бурчини маскан тутиш ёинки қай гўшасидада туғилиб, униб-ўсиш муҳим аҳамият касб этмайди. Негаки, унинг ҳар гўшасида Ёр сифатларининг зуҳуроти бирдек аксланади. Бироқ бу инъикос Ҳаққи мутлоқдан бўлса-да, табиийки, аксланган нарсалар У эмас.

Шу боис Алишер Навоийнинг анъанавий руҳда битилган ошиқона ғазалларида “ватан” сўзи мисолида она-юртни васф этиш ғояси ярқ этиб кўзга ташланмайди. Улуғ шоир бундай адабий ниятини ғазал бағрига сингдиришда “Ҳирот”, “Хуросон” сингари жой номлари ва уларга алоқадор сўзлардан ўрни билан фойдаланади. Ошиқона ғазаллар таркибидаги улуғ шоирнинг туғилиб ўсган юртини ифодаловчи ҳамда эътиқодий қарашларга кўра муқаддас маскан саналган жой номлари тилга олинган байтларда мутафаккир ижодкорнинг она – Ватанга бўлган чексиз самимий муҳаббати навоиёна услубда авж пардаларда бадиий ифодаланганлигига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Бунинг учун у ишқ билан алоқадор тажаллий ғояларини бадиий ифодалаб, ошиқона ғазалга ватан мотивини олиб киришга муваффақ бўлади:

Чу ёр айлар эмиш барча ерда жилвайи ҳусн,

Тенг бўлди Каъба била дайри Сўмнот манга.

Навоиё, чу эмас нася нақд бирла тенг,

Беҳишт воизи пургўғаву Ҳирот манга.

Кўчирилган байтларнинг дастлабкисида ошиқ учун ватан тушунчаси юқорида таъкидланганидек, бирмунча нисбий моҳият касб этиши теран бадиий ифодасини топган. Унда тасвирланишича, ёрнинг гўзал ҳусну жамоли барча ерда жилваланар экан, ошиқ учун мусулмонларнинг муқаддас зиёратгоҳи Каъба ҳам, Сўмнот дея аталувчи бут номи билан алоқадор бутхона ҳам моҳият эътибори билан бир-биридан фарқли эмас. Байтда қўлланган “Каъба” ва “дайри Сўмнот” сингари жой номлари эътиқодий тушунчалар билан алоқадор муқаддас ошёнлар бўлиши билан бир қаторда, умумийлик, жамлик маъноларини ҳам ўзида ифода этган.

Аёнлашадики, борлиқ Ҳаққи мутлақнинг тажаллийгоҳи экан, унинг барча гўшаси ошиқ учун бирдек муқаддаслик касб этади. Улуғ шоир ошиқона ғазалиётида борлиқни таҳлил жараёнига тортилган байтда кузатилганидек, айрича муҳаббат билан улуғларкан, она-юртининг васфини ундан-да бир поғона юқорига кўтариш билан ўзининг самимиятини бадиий ифодалайди. Олдинги байтда Каъба ва бутхона ўзаро қиёсланган бўлса, кейинги байтда Ҳирот билан сергап воиз томонидан жуда кўп васф этилган беҳишт, яъни жаннат муқояса этилиб, улар орасида тенглик кўрилади. Каъба ва Сўмнот дайри зиёратидан мақсад мусулмон ва бутпараст учун жаннатга ноил бўлиш истаги эканлигини назарда тутадиган бўлсак, шоир Ҳиротни бениҳоя улуғлаганлиги ойдинлашиб қолади.

Алишер Навоий ўз эътиқодий қарашларидан келиб чиқиб, Каъбатуллоҳни зиёрат этишни орзу қилганлиги ҳам айни ҳақиқат. Бу муқаддас ният унинг кўнглига анча эрта туғилганлигини “Ғаройиб ус-сиғар” девонидан ўрин олган ошиқона ғазаллари таркибидаги қатор байтлар ҳам далиллайди. Улар орасида ватанни мадҳ этиш нуқтаи назаридан қуйида кўчирилган байт алоҳида аҳамиятга эга:

Навоий ўлмасиға озими Ироқу Ҳижоз

Магар назоҳати мулки Ҳирий эрур боис.

Байтдан англашилган мазмунга кўра, Навоий Ҳирот мамлакатининг тозаю софлиги боис Ироқу Ҳижозга йўл олишга ният қилади. Ҳижоз – Арабистоннинг ғарби шимолий, Макка ва Мадина шаҳарлари жойлашган ҳудуди бўлиб, мусулмонлар бу муқаддас шаҳарларга ҳаж ва умра зиёратларини адо этиш учун йўл олишади. Ироқда жойлашган Бағдод шаҳри эса араб халифалигининг пойтахти сифатида донг таратган. Табиийки, бу пойтахт шаҳар илму маърифат, маданият маркази сифатида ўз даврида гуллаб-яшнаган. Аёнлашадики, улуғ шоир Ироқу Ҳижоздангина Ҳиротга тенглаша оладиган шаҳарларни топиш мумкин, деган ғояни байт бағрига сингдиради. Бу билан у она-шаҳри гўзаллигидан бениҳоя фахрланишини бадиий ифодалашга муваффақ бўлади.

Мутафаккир шоир ошиқ учун борлиқнинг барча гўшаси ёрнинг тажаллийгоҳи экан, унинг барча ери бирдек муқаддаслик касб этади, деган ғоядан келиб чиқиб ватан муқаддаслигини, уни севиш иймондан эканини бот-бот эслатиб туради. Қуйидаги байтлардаги “оҳанги Ҳижоз” бирикмаси Ҳижозга йўналиш, Ҳижозга бориш маъносини англатади:

Ҳар мақом ичраки бўлсанг айру бўлма ёрдин,

Эй Навоий, ҳожат эрмас қилмоқ оҳанги Ҳижоз.

Ёки:

Кўп Ҳижоз оҳанги тузма ёр ила бўл барча вақт,

Эй Навоий, гар Ажам бўлсун мақоминг, гар Ироқ.

Аёнлашадики, Алишер Навоий ошиқона ғазалиётида шуҳудий тавҳид ғоясига таянилган ҳолда борлиққа айрича бир тажаллиёт маскани сифатида қаралади. У Ҳирот ва Хуросонни Каъба ва Сўмнот дайри сингари мусулмон ва бутпарастларнинг муқаддас зиёратгоҳларидан, Ироқ, Ҳижоз, Бағдод сингари жой масканлардан тажаллий назариясига таянган ҳолда юксак мақомда эканини шоирона топқирлик билан ниҳоятда муболағали тарзда васф этади. Бу билан ўзининг ватанига бўлган муҳаббатини ибратли, мулоҳазага чорловчи мисоллар билан бадиийлаштиришга эришади. Улуғ шоирнинг ватанга нисбатан битилган бундай ошиқона сатрлари ҳар биримизнинг кўнглимиздан жой олиши, ёшларимиз учун маърифий қўлланма сифатида хизмат қилиши шубҳасиздир.

Ҳусниддин Эшонқулов,

Бухоро давлат университети профессори,

филология фанлари доктори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?