Темир билан тиллашган аёл
Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Шўрчи туманидаги Бўстон маҳалласида истиқомат қилаётган Қизлархон Тошпўлатова темирдан дарвоза, панжаралар ясаб келади. Ҳатто уларни ўрнатиб беришни ҳам ўзи бажаради. Темир билан тиллашадиган бу аёлнинг бир ойлик даромади 25 миллион сўмни ташкил этади.
Қалин темирни эгиб, унинг қаттиқлигини енгиб, нозик нақшларни яратадиган Қизлархон опанинг кўзларида шукроналик ҳисси мужассам, ҳар бир қараши ҳикоя сўзлаётгандек. Унинг бақувват қўлларида ҳунармандлик сири, меҳнат шижоати, ҳаёт таъми бор.
Ҳа, Қизлархон Тошпўлатованинг ҳунари — темир билан тиллашиш. Бу қаттиқ, совуқ жисм унинг қўлларида юмшоқ, итоаткор бўлиб, ўзининг гўзаллигини намоён этади.
Эркакларга хос ҳунарни нима учун танлаганини сўраганимизда, Қизлархон опа темирчилик оилавий анъана эканини, оилада 5 нафар ўғилнинг орасида вояга етганини, акаларидан темир билан ишлаб, дарвоза ясашни, темирларни пайвандлашни ўрганганини айтди.
— Олийгоҳда таҳсил олишим учун имкон бўлмади, — деди суҳбатдошимиз. — 30 ёшимда темирчилик билан шуғуллана бошладим. Тўғри, бу ҳунар аёлга оғирлик қилади. Унинг ўзига яраша қийинчилиги, масъулияти бор. Озгина эътиборсизлик ёки нотўғри ёндашув орқали одам ўзига жисмоний зарар етказиб қўйиши мумкин. Бугунги кунда уй хўжалигимизда мустақил иш олиб боряпмиз. 2022 йилда маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчисининг тавсияси билан 33 миллион сўм кредит олиб, фаолиятимизни кенгайтирдик. Ҳозир энг яқин кўмакчим ва ҳамкорим — турмуш ўртоғим. Айтайлик, битта дарвозани 5 кунда ясаб, хонадонга ўрнатиб берамиз. Бундан ташқари, темир панжара, эшик, крават ҳам ясаймиз. Даромадимиз чакки эмас, бир ойда соф 25 миллион сўм оилавий бюджетимизга кирим бўлади.
Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Холмирза Хўжақулов ҳунарманд аёл берилган имтиёзли кредитдан самарали фойдаланганини алоҳида таъкидлади. Уйидаги мўъжаз цехида маҳалладаги 4 нафар ишсиз ёшга ўз ҳунар сирларини ўргатиб келмоқда.
Бугун ўз ҳунари ортидан рўзғорига барака киритаётган оилалар кўп. Мустақил ўз оилавий бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган ҳунармандлар учун эса мамлакатимизда барча шарт-шароитлар, имконият ва имтиёзлар бор. Зеро, Қизлархон опа сингари эркакларга хос шижоатли аёлларнинг қўллари ҳаётнинг гўзаллигини яратувчи қўллардир.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- АҚШ молия вазири компьютерига хакерлар ҳужум қилди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ислам Махачевга Арман Царукян рақиблик қила олмайди. «UFC 311» олдидан содир бўлган нохуш хабарнинг барча тафсилотлари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг