Театрга нега бормай қўйдик?

17:21 10 Ноябрь 2025 Жамият
273 0

  Фарғона шаҳридаги мактаблардан бирида тарих фани ўқитувчиси Шоирахон Назирова яқинда бир гуруҳ ўқувчиларини олиб, вилоят мусиқали драма театри спектаклига тушди. Таассуротлар ҳаяжонли.

  — Театр – мўъжиза. Бир неча йилдан бери шу завқли оламдан узилиб қолганимдан пушаймонман, — дейди муаллим. — Ўқувчиларим беҳад мамнун. Улар ҳар ойда бир марта бўлсаям театрга тушишни ният қилганини айтишди. Бу таклифдан хурсандман. Энди бу сеҳрли оламдан узилиб қолмаймиз. Битта спекталь беш кунлик дунёда ҳаётнинг маъно-моҳияти, инсон умрининг асл қадр-қимматини англатиб қўйгандек.

  Дарҳақиқат, театр актёр ва томошабин ўртасидаги жонли мулоқот. Томоша залида ўтирган одам ижодкорнинг кўз қараши, юрак уриши, ҳар бир хатти-ҳаракатини теран ҳис қилади. Саҳнадаги актёр кулса кулади, йиғласа кўз ёши сел бўлади...

  – Ҳар бир саҳна асари томошабин учун унутилмас ҳаётий сабоқ, – дейди таниқли драматург Сайдали Одилов. – Эзгу туйғуларни тарбиялайди. Бугунги долғали замонамизда мунтазам равишда театрга ошно бўлиш нафақат маънавий юксалишимиз, балки соғлигимиз учун ҳам фойдали.    

  Аммо бугун орамизда театрдан бебаҳра оилалар кўп. Афсуски, тўй-маърака, гап-гаштакларда соатлаб ўтиришга вақт топилади, лекин театрга келганда эса... Энг завқли маданий ҳордиқ учун вақт ажратиш масаласида танбаллик қиламиз.

  – Ҳозирги кунда театрга томошабин жалб этиш масаласи энг оғриқли муаммога айланган, – дейди Фарғона вилояти мусиқали драма театри раҳбари Эминжон Ўринов. –   Шу сабабли кўпроқ бюджет ташкилотлари, таълим муассасалари, корхона-ташкилотларга бориб, раҳбардан илтимос қилиш орқали жамоавий ташрифларни ташкил этишга ҳаракат қиляпмиз. Боиси ҳамюртларимизнинг ўз ихтиёри билан театрга келиш кўрсаткичи жуда кам.

Биргина жорий йилнинг учинчи чорагида театр ижодий жамоаси томонидан 69 та спектакль намойиш этилиб, унга 25 минг томошабин жалб этилишига эришилди. Бу орқали ғазнага 103 миллион сўм тушум бўлди. Бир йил учун 4 та янги спектакль саҳналаштириш режаси белгиланган. Шу кунларда “Ўғрини қароқчи урди”, “Лайлаклар ноласи” номли янги спектакллар томошабинлар эътиборига ҳавола этилмоқда. Театр жамоаси учун бир йилда 390 та спектакль намойиш этиш, 140 минг томошабин жалб этиш режаси белгиланган. Ваҳоланки, бир йил 365 кундан иборат бўлса, гастроль сафарлари, ижодий таътиллар даври бор.

  — Театр томошабин билан тирик, — дейди Ўзбекистон халқ артисти Ёрқиной Ҳатамова. — Театримизнинг ўзига хос “ташриф қоғози”га айланган “Темир хотин”, “Тошкентга саёҳат” каби спектаклларини қайта тиклаш лозим. Ҳозирда ўзбек ва жаҳон адабиёти, драматургиясининг ноёб асарларини саҳналаштириш бўйича амалий саъй-ҳаракатларга киришилгани эътиборга лойиқ. Яқинда Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” асарини саҳналаштириш режалаштирилмоқда.

  Фарғона вилояти маданият бошқармаси мутахассиси Муроджон Камолиддиновнинг айтишича, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятдаги мусиқали драма, рус драма, қўғирчоқ, Марғилон шаҳар мусиқали мақом ва Қўқон шаҳар мусиқали драма театр томонидан ўз биносида 820 та, гастроль ва кўчма намойишларда 558 та спектакль томошаси ташкил этилди. Натижада мазкур спектаклларни кўришга 402 минг томошабин қамраб олинди. Бу вилоят аҳолисининг ўртача 10 фоизи деганидир.

  Фарғона вилояти театрлари ижодий жамоалари томонидан миллий байрамлар, “Очиқ эшиклар” куни муносабати билан томошабинлар учун саҳна асарлари бепул намойиш этилмоқда. Бу йил ҳам вилоят театрларида 10 та янги асар саҳналаштирилиб, навбати билан томошабинлар эътиборига ҳавола қилинмоқда. Вилоят театрларига спектаклларни саҳналаштириш учун Тошкент шаҳридан маҳоратли режиссёрлар ҳам таклиф этиляпти. Замонавий мезонлар асосида фаолият юритишда ижодий ҳамкорлик ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу йил вилоят театрларининг қўшни ва қардош мамлакатларга 8 та халқаро гастроль сафарлари уюштирилгани эътиборга лойиқ. Вилоят театр жамоаси халқаро миқёсда ўтказилган нуфузли танловларда ғолибликка эришди.

  Айни ўринда маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Театр – ибратхонадир” деган пурмаъно фикрини эслаш жоиз. Бу ҳеч қачон ўз аҳамиятини йўқотмайдиган ҳақиқатдир.

Ботир МАДИЁРОВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?