Тарих ва табиат билан уйғун қадамжо

12:37 04 Август 2025 Жамият
132 0

Чилон — Шерабод тумани жанубий-ғарбий қисмида, тоғ бағрида жойлашган гўзал қишлоқ. Чилондаги энг муҳим зиёрат жойларидан бири — Ҳазрати имом Асқар Али зиёратгоҳи ҳисобланади. Ушбу зиёратгоҳ асрлар давомида маҳаллий аҳоли ва мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келадиган сайёҳлар учун муқаддас жойга айланган. Ривоятларга кўра, Ҳазрати имом Асқар Али ислом таълимотини кенг ёйишда фаол иштирок этган, ҳаётини маърифат ва эзгулик йўлига бағишлаган авлиёлардан бири бўлган.

Зиёратгоҳда сайёҳлар учун зарур шароитлар яратилган бўлиб, у диний ва маънавий тарбия ҳамда миллатимизнинг тарихий хотирасини асраб-авайлашда муҳим аҳамиятга эга.

Чилоннинг яна бир ўзига хослиги — табиатнинг ўзи яратган ноёб мўъжизаси — чилонжийда дарахтлари. Уларнинг шакли ўзгача: дарахтлар ерга эгилиб ўсади, баъзи ҳолларда шохлари ерга кириб, янги таналар ҳосил қилади. Бу табиий ҳолат ботаникада вегетатив кўпайиш деб аталади. Қизиғи, барча чилонжийда дарахтлари Ҳазрати имом Асқар Али зиёратгоҳи тарафга эгилган ҳолда ўсади.

— Чилон ҳудуди Сурхондарё вилоятидаги табиий ҳолати энг яхши сақланиб қолган, биохилмахилликка бой масканлардан бири ҳисобланади, — дейди Сурхон давлат қўриқхонаси давлат табиатни муҳофаза қилиш илмий тадқиқот директори ўринбосари Муҳиддин Маматқулов. — Бу ердаги чилонжийда дарахтлари, саксовул, бодом ва арча каби ўсимликлар табиатшунослар учун катта қизиқиш уйғотади. Шунингдек, ҳудудда турли қушлар, сутэмизувчилар ва тоғларда яшайдиган судралиб юрувчи ҳайвонлар мавжуд. Бундай тоғли экотизимларни муҳофаза қилиш экологик барқарорликни сақлашда муҳим аҳамиятга эга.

Шу боис, давлат ва жамият бу қадриятларни биргаликда асрашга масъулдир. Юртимизнинг ноёб бойликларидан бири саналадиган Чилоннинг тарихий зиёратгоҳлари ва табиати бутун Ўзбекистон учун ифтихор манбаи ҳисобланади.

Фарҳод ЭСОНОВ,

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер