Тараққиётга хизмат қилувчи ҳамкорлик

13:10 27 Февраль 2025 Жамият
180 0

Ўзбекистон — Марказий Осиёнинг Европа ва Осиё чорраҳаси сифатида қулай географик жойлашуви алоҳида аҳамият касб этадиган мамлакат саналади. Тарихимизга назар ташласак, Буюк Ипак йўлининг марказида жойлашган, табиий ресурсларга бой бу ҳудуд турли давлатлар, йирик бозорларни боғлайдиган муҳим занжир ўлароқ, экспорт-импорт алоқаларини таъминлайдиган маскан сифатида эътироф этилади. Ўзбекистон Республикаси Марказий Осиёдаги аҳолиси энг кўп, чуқур бой тарихи, 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил яшаб келаётган буюк давлат ҳамдир.

Ўзбекистон ва Покистон алоқалари, маданий-тарихи бир-бири билан узвий боғлиқдир. Буюк Ипак йўли нафақат савдо йўли, балки миллатларнинг ўртасида фикр, маданият, урф-одат алмашинувларини боғлашга хизмат қилган. Мамлакатларимизни ўзаро узвийлигини таъминлаб турган савдо, тарихий, маданий алоқалари икки мамлакатнинг муносабатларига хизмат қилувчи асос бўлади. Ўтиб бораётган шиддатли йиллар давомида икки давлат экспорт-импорт йўналишидаги ҳамкорликлари, савдо ва қишлоқ хўжалигидаги кўплаб келишувлар орқали ўзаро алоқани мустаҳкамлади. Бундай келишувлар Ўзбекистон Республикасининг табиий ресурслари билан Покистон Ислом Республикасининг барча савдо тизимига стратегик кириш имконини беради. Мамлакат пойтахти эса Покистон Ислом Республикасини Жанубий Осиё ва жаҳон бозорига кириш дарвозасидир, Покистон эса Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги муҳим шериги сифатида тан олади.

Ўзбекистон Марказий Осиёда Покистон билан икки томонлама транзит имтиёзли савдо битимини имзолаган ягона давлат эканлигиям ҳеч кимга сир эмас. Бу  икки мамлакатларнинг минтақавий инфратузилма лойиҳаларига киритган молиявий маблағлари эса дунё бўйлаб молиявий ва ҳар томонлама иқтисодий ўсиш  истиқболи, демакдир.

Покистон Ислом Республикаси Бош вазирининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи турли соҳалардаги шерикликни янада ривожлантиришга хизмат қиладиган долзарб ҳужжатларни имзолашлари, қишлоқ хўжалиги, илм-фан, технология, IТ ва инновация сингари кўплаб соҳаларни қамраб олган келишувлар, мамлакатлар фуқаролари учун визасиз тартиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тизим, касб-ҳунар таълими, ёшлар сиёсати ва миллий ахборот агентликлари ҳамкорлиги, шунингдек дипломатик алоқалар, пойтахтимиз ва Лаҳор шаҳарлари ўртасидаги битимлар шулар жумласидандир.

Мамлакатимиз раҳбари ҳамда Покистон Бош вазири қўшма матбуот баёнотида савдо ва алоқаларни кенгайтиришга ташаббускор эканликларини яна бир бор таъкидлади. Покистон Бош вазири Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий ўсиш тараққиётини юксак баҳолаб, Покистон Ислом Республикаси минтақавий алоқани темир йўл тизимлари орқали янада мустаҳкамлашдан манфаатдорлигини таъкидлади.

Ташриф доирасида “Технопарк” мажмуасида ҳам бўлиб, мамлакатимизнинг саноат ишлаб чиқариши соҳасидаги ютуқлари билан танишди, бу борада ҳам ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирди. Шу билан бирга, Лаҳор ва Тошкент ўртасидаги тўғридан-тўғри авиарейсларни йўлга қўйиш, бу йўналишдаги ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳим эканлигини таъкиланди.

Умуман, ушбу тарихий ташриф икки мамлакат тараққиётини таъминлаш, бу борада ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Жасур РАЗЗАҚОВ,

Тошкент давлат аграр университети Бухгалтерия ҳисоби, таҳлил кафедраси мудири, 

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?