Таълим кластери: ғоядан амалиётга кўчган ташаббуслар

10:46 11 Сентябр 2025 Жамият
57 0

Бугун давр шиддати, замон талаби ҳар кун, ҳар лаҳза фаолиятимизга танқидий муносабатда бўлишни тақозо этмоқда. Айниқса, ёшлар тарбияси, уларнинг интилишлари, орзу-умидлари, таълим олиши ва ҳаётда ўз ўрнини топиши, бир сўз билан айтганда, фарзандларимиз камоли давлатимиз раҳбарининг доимий диққат марказида турган маҳал.

“COVID-19” пандемиясининг асорати, у келтирган ташвишлар ҳамон ёдимизда. Ўша кунларнинг аччиқ сабоғи бугун биздан янада теран фикрлашни, дунё эврилишларидан тегишли хулосалар чиқарган ҳолда яшаш ҳамда ишлашни талаб этяпти. Зеро, илмга, халқчил Қояларга таянмоқ умумтаълим мактаблари қатори олий таълим тизими учун ҳам бирдек муҳимдир.

Агар илмий қарашларга таянган ҳолда сўзлайдиган бўлсак, функционал тайёргарлик концепциясидан шахсни ривожлантириш концепциясига ўтиш, шу мақсадни кўзлаган ҳаракат шакллари ва турлари бугун олий таълим тизимида кенг жорий этилмоқда. Ҳар бир шахснинг имкониятларини ҳисобга олиш ва ёшларнинг ўзлигини англаши, ривожланишига ҳисса қўшиш таълимнинг индивидуаллаштирилган хусусиятини таъминлайдиган функционал тайёргарлик концепциясида ўз аксини топади. Олий таълим эса мавжуд ҳудудий муаммоларни мустақил ҳал қила оладиган, ҳаётда шунчаки томошабин эмас, балки жамиятнинг барча жабҳасида ижтимоий ривожланиш барқарорлигига ҳисса қўшадиган, фаол, ташаббускор ҳамда баркамол кадрлар тайёрлайдиган тизимга айлансагина муаммолар барҳам топади.

Президентимиз яқинда ўтказилган видеоселектор йиғилишида олий таълим тизимидаги ўзгаришларга эътибор қаратар экан, таълимни янада такомиллаштириш зарурлигини, битирувчиларни ишга жойлаштириш энг устувор вазифага айланмоғини алоҳида таъкидлади. Дарҳақиқат, олий таълимга катта орзу-умидлар билан ўқишга кирган ҳар бир ўғил-қиз талабалик даврида ўзи танлаган касбни пухта эгаллабгина қолмай, жамиятимиз эзгу манфаатлари йўлида жонкуяр бўлиши ҳам жуда муҳимдир.

Маблағ, имконият, шарт-шароит, қулайликлар — барчаси давлат раҳбари томонидан яратиб берилмоқда. Бунинг натижасида кейинги йилларда олий таълим тизимида катта ўзгаришлар юз бердики, санаб саноғига етиш қийин. Шунга қарамай статистик таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, бир қанча муаммолар ҳам кўзга ташланади.

Аввало, саноат корхоналари ва меҳнат бозорида малакали ишчилар ҳамда мутахассисларга талаб ошиб бораётир. Баъзи мутахассисликлар бўйича танқислик яққол сезиляпти. Кадрлар тайёрлашда таълим ҳамда тарбиянинг барча шакл ва усулларини қамраб оладиган ягона стратегия мавжуд бўлса-да, олий таълим ва битирувчиларни иш билан таъминлайдиган тизим ўртасидаги ҳамкорликнинг талаб даражасида эмаслиги, бу борада яхлитлик, муштараклик йўқлиги жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Фикримизча, ҳудудий ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишнинг энг мақбул ечими ҳудудларда таълим кластерларини қўйишдир. Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг ташаббусига кўра амалиётга кўчган бу Қоянинг моҳиятига эътибор қаратайлик. Таълим кластери, бу саноат соҳалари ҳамда корхоналари билан ҳамкорликда бирлаштирилган ўзаро боғлиқ касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари мажмуасидир.

Ёдингизда бўлса, бундан уч йил аввал мамлакатимизда саноат, нефть ва газ соҳасидаги таълим-ишлаб чиқариш кластери ташкил этилди. Натижада олий ва касб-ҳунар таълими тизими ҳамда бизнес олами ўртасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Мутахассислар тайёрлашнинг реал ҳаётий кўп босқичли тизими яратилди. Янги нефть-кимё ва нефтни қайта ишлаш комплекслари учун таълим жараёнини моделлаштиришнинг услубий ёндашувлари белгилаб берилди. Шу тариқа нефть-кимё ҳамда нефтни қайта ишлаш мажмуаси таълим кластерида узлуксиз касбий таълимнинг ҳудудий моделини яратиш концепцияси ишлаб чиқилди.

Айтиш жоизки, Ўқув нефть-кимё кластери нефть-кимё, нефтни қайта ишлаш комплекси ўқув кластерининг асоси — ихтисослаштирилган мактаблар (мактаблар, лицейлар), саноат корхоналарини малакали ишчилар билан таъминлайдиган таълим ташкилотлари, Тошкент кимё-технология институти ўқув ва илмий салоҳиятга, моддий-техника базасига эга бўлган таълим муассасаси каби ташкилий тузилмадан иборат.

Тошкент кимё-технология институтининг ишлаб чиқариш корхоналари билан ўзаро ҳамкорлиги тизимли йўлга қўйилган бўлиб, булар таълим дастурларини доимий назорат қилиш, индивидуал ўқув режаларидан фойдаланиш траекториялари яратишда намоён бўлади.

Ҳозирги шароитда таълим кластерида узлуксиз касбий таълимнинг ҳудудий моделини яратиш концепцияси ва методологиясини ишлаб чиқиш талаб этилмоқда. Бу эса юқори малакали мутахассислар тайёрлаш жараёнини янада такомиллаштириш имконини яратади.

Шу ўринда таълим кластерининг асосий фаолият йўналишлари нималардан иборат эканига тўхталиб ўтсак. Таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро интеграциясини таъминлаш, таълим ташкилотлари дастурларининг узвийлиги ҳамда узлуксизлигига эришиш, ўқув жараёнига илғор хорижий тажрибани, жумладан, замонавий таълим технологияларини татбиқ этиш, ишлаб чиқариш корхоналари эҳтиёжларидан келиб чиқиб, замонавий талаблар асосида халқаро таълим стандартларига мувофиқ мутахассислар ва илмий кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш шулар жумласига киради.

Қолаверса, ўқувчи ва талабаларни бевосита ишлаб чиқариш амалиётига кенг жалб қилиш ҳамда уларда амалий кўникмаларни шакллантириш, етакчи хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга тўғридан-тўғри татбиқ қилиш орқали нефть ва газ соҳаси маҳсулотлари ишлаб чиқаришни диверсификациялаш ҳамда соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, тармоқ малака рамкалари, касб стандартлари, хизматчилар лавозимлари ҳамда ишчи касбларининг тариф-малака маълумотномаларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш ҳам айни йўналишлар сирасига киритилган.

Таълим кластерини ташкил этиш ва таълим моделини яратиш бир нечта тамойилларга асосланади. Яъни буларга ҳудудийлик, ресурслардан оқилона фойдаланишни назарда тутувчи интеграция, битирувчиларнинг буюртмачи корхоналар талабларига мувофиқлиги, таълим самарадорлиги, индивидуал таълим ва касбий йўналишларни танлаш ҳуқуқини амалга ошириши, таълим дастурларининг ўзгарувчанлигини киритиш мумкин.

Шундай қилиб ҳудудий ёндашув нуқтаи назаридан ишлаб чиқилган модель ташқи муҳит шароитлари билан белгиланадиган ички ресурслар ва имкониятлардан фаол фойдаланиш орқали унинг ривожланишини таъминлайдиган яхлит тизимдир.

Таълим кластери талабанинг шахсияти билан боғлиқ ташқи ҳамда индивидуал ресурсларини эътиборга олади, таълим дастурлари инновацион тамойилларга кўра ташкил этилади. Энг муҳими, талабаларнинг шахсий ресурсларини ҳисобга олиш, ривожланиши учун шароитларни аниқлаш, бундан самарали фойдаланиш, ёшларнинг ички имкониятларини рўёбга чиқариш муаммолари илмий изланишларнинг асосини қамраб олади. Ва шу тариқа келгусида кластернинг меъёрий-ҳуқуқий талаблари, моделнинг моддий техника, кадрлар таъминоти янада такомиллашади.

Янада соддароқ айтсак, асосий эътибор — талабанинг ўқишни битиришини кутмасдан уни амалиётда ўз касбини пухта эгаллашига етарли шарт-шароит яратиш, у танлаган касбнинг, мутахассисликнинг ҳақиқий устасига айланишига туртки беришга қаратилади. Бу тамойиллар эса ҳар томонлама баркамол, малакали кадрлар тайёрлашни назарда тутиши билан янада аҳамиятлидир.

Ботир УСМОНОВ,

Тошкент кимё-технология институти ректори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?