Талабаларга таълим кредитларини ажратиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

17:39 29 Октябр 2020 Сиёсат
1248 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Ёшларнинг таълим олиши учун янада кенг имкониятлар яратиш мақсадида олий ўқув юртлари талабаларига таълим кредитларини ажратиш борасидаги ишлар тўғрисида»ги масала юзасидан юборилган Қонунчилик палатасининг парламент сўровига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Беҳзод Мусаевнинг жавоби атрофлича кўриб чиқилди.

Парламент сўровига жавобда қайд этилганидек, олий таълим муассасалари талабаларига таълим кредитлари бериш Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 26 июлдаги қарори, шунингдек, мазкур ҳужжат билан тасдиқланган Низомга кўра амалга оширилмоқда. Хусусан, таълим кредитлари чин етимларга, «Меҳрибонлик уйлари»да тарбияланганларга ҳамда болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлиги бор инсонларга — ноль фоиз ставкасида (фоизсиз кредит) берилмоқда.

Талабаларнинг қолган тоифаларига — 2020 йил 1 январдан бошлаб фоиз харажатларининг бир қисмини “Yoshlar — kelajagimiz” жамғармаси маблағлари ҳисобидан, кам таъминланган оилалардан бўлган талабалар учун эса кредит бўйича қўшилган фоизларнинг 50 фоизи туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан тўланиши белгиланган.

Депутатлар пандемия шароитида аҳолига енгиллик яратиш ҳамда талабаларга ўқиш жараёнида тўлов-контракт маблағларини тўлашда қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида қандай ишлар амалга оширилгани билан қизиқди.

Бош вазир ўринбосари жавобида қайд этишича, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб, республика олий таълим муассасалари талабаларига ўқув йили давомида тўлов-контракт маблағларини тенг улушларда бўлиб, камида тўрт маротаба тўлашга рухсат берилган. Жорий ўқув йилида кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабалар учун стипендиясиз базавий тўлов-контракт миқдорларига 10 фоизли чегирма берилган.

Пандемия шароити инобатга олиниб, табақалаштирилган тўлов- контракт асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентлар учун 2020/2021 ўқув йилида табақалаштирилган тўлов-контракт минимал миқдорларининг энг пастки чегараси 10 баравардан 8 бараваргача камайтирилган. Уларни олий таълим муассасалари томонидан оширмаслик ҳамда белгиланган стипендиясиз базавий тўлов-контракт миқдорларига 10 фоизли чегирмани қўллаган ҳолда табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорини ҳисоблаш белгиланган.

Ёшларнинг олий таълим муассасаларига қамровини ошириш бугунги кунда ҳаётий заруратга айланмоқда. Бунда, шубҳасиз, уларга имкониятлар яратиш мақсадга мувофиқ. Депутатлар ҳудудларда аҳоли билан мулоқотларида айнан ушбу масала кўпроқ кўтарилаётганини, шу боис мутасадди вазирлик ва идоралар билан бу борада қандай таклифлар ишлаб чиқилаётгани ҳақида сўрашди.

Парламент сўровига жавобда 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб тижорат банклари томонидан республика олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган талабалар учун таълим шаклидан қатъи назар (кундузги, сиртқи, кечки, иккинчи мутахассислик) таълим кредитлари ажратилишини жорий этиш ана шу таклифлардан бири экани таъкидланди.

Шунингдек, тижорат банклари томонидан бозор ставкасида олий таълим муассасалари талабаларига бериладиган таълим кредитларининг фоиз харажатларининг бир қисмини “Yoshlar-kelajagimiz” жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация қилиш механизмини Ёшлар ишлари агентлиги, Марказий банк ва Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқиш, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб, сиртқи таълим шаклига табақалаштирилган тўлов-контракт асосида тавсия этилиб таҳсил оладиган талабаларга, тўлов-контракт маблағларининг умумий миқдорини бутун ўқув даври мобайнида (5 йил ичида) тенг улушларга бўлиб тўлашга имконият яратиш кўзда тутилмоқда.

Қизғин муҳокамалар руҳида ўтган мажлисда парламент сўровига юборилган жавоб маълумот учун қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?