Тадбиркорлар қуёш энергияси орқали даромад олмоқда

13:36 10 Июнь 2025 Жамият
69 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Тадбиркор инсонлар ҳар бир нарсадан омилкорлик билан фойдаланишга ҳаракат қилади. Жумладан, қуёш энергиясидан ҳам. «Ургут эркин иқтисодий зонаси»да жойлашган масъулияти чекланган жамият шаклидаги «Сам электро сервис» қўшма корхонаси ҳудудига 800 кВт/соат қувватли қуёш панеллари ўрнатилган. Ушбу қуёш электр панеллари бир кунда 4,5 минг кВт ва бир ойда 120 минг кВт электр энергияси ишлаб чиқармоқда. Бу корхонанинг электрга бўлган эҳтиёжини 75 фоизини қопламоқда.

— Самарқандда «яшил энергия»дан фойдаланиш кўламини кенгайтириш, мавжуд энергия ресурсларини тежаш, айниқса, қуёш панеллари ўрнатиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда, — дейди «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Самарқанд ҳудудий филиали бошлиғи Элдор Мамасолиев. — Ўтган йилларда 1014 та ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларига 17 МВт қуёш панеллари, 634,4 минг литр ҳажмдаги гелиоколлекторлар ўрнатилди. Шунингдек, 1036 та тадбиркорлик субъектида 46,6 МВт, 7614 аҳоли хонадонларида умумий қуввати 23,1 МВт бўлган қувватли қуёш панеллари ва гелиоколлекторлар жойлаштирилди. Жорий йилда 7614 та аҳоли хонадонида 23,12 МВт қувватли қуёш панеллари, 110,8 литр гелиоколлектор ўрнатиш режалаштирилган.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 2023 йил 1 апрелдан умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган жисмоний ва юридик шахслар улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан 3 йил муддатга, ўрнатилаётган қуёш панелларининг қувватига нисбатан 25 фоиздан кам бўлмаган қувватга эга электр энергиясини сақлаш тизими билан ўрнатилган бўлса – 10 йил муддатга ушбу қурилмалар бўйича мол-мулк солиғини, қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғини, юридик шахслар томонидан умумий тармоққа сотган электр энергияси учун олган фойдасидан ҳисобланадиган фойда солиғини тўлашдан озод этилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?