Табиий газнинг ҳам ҳисоб-китоби бор

13:56 25 Ноябрь 2021 Жамият
253 0

Куз-қиш мавсуми келиши билан аксар ҳолларда қишлоқ жойларда аҳолининг ташвиши ҳар қачонгидан ортади. Аксарият юртдошларимизни табиий газ таъминотидаги узилишлар масаласи қийнайди. Савол туғилади, хўш, нега кунлар совуши билан бизда газ босими пасайиб кетади?

Аслини олганда табиий газнинг ҳам ҳисоб-китоби бор. Агар меъёрда ва ўринли фойдаланилса, ҳамманинг уйида “зангори олов” ёниб туради. Бироқ, амалда бундай эмас. Айниқса, табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари кўпайиб, бу, албатта, таъминотга салбий таъсир кўрсатади.

 Республикамизда “Hududgazta'minot” АЖ томонидан шу каби ҳолатларнинг олдини олиш, таъминот сифатини янада яхшилаш мақсадида “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” (ASKUG) лойиҳаси ишга туширилган бўлиб, лойиҳа доирасида мамлакатимиз бўйлаб аҳоли хонадонларига 2 миллиондан ортиқ замонавий электрон газ ҳисоблаш ускуналари бепул етказиб берилди. Андижон вилоятидаги 190 мингдан ортиқ хонадонлар ҳам мана шундай “ақлли” газ ҳисоблагичлар билан таъминланди. Ушбу мосламаларнинг афзаллиги шундаки, бунда табиий газдан ўғринча фойдаланиш, ўзгалар ҳақини ўзлаштириб олиш имконияти мавжуд эмас. Демак, “ақлли” газ ҳисоблаш мосламаларининг ўрнатилиши газ таъминотидаги узилишларга барҳам беради.

– Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, ҳар қандай замонавий восита ҳам истеъмолчиларнинг унга бўлган муносабати туфайли ижобий натижасини беради,– дейди “Hududgaz Andijon” газ таъминоти етакчи мутахассиси Хасанбой Анорбоев. – Афсуски, ҳамюртларимиз орасида “Ақлли” ускуналардан фойдаланиш тартибларига риоя этмайдиганлар учраб турибди. Оддий мисол, ҳозирда вилоятимиз бўйлаб хатлов ишлари олиб борилмоқда. Унда табиий газдан тўғри фойдаланиш тартиблари ўрганиляпти. Ноябрь ойининг даслатбки 15 куни давомида 138 та хонадонда “ақлли” газ ҳисоблаш ускуналарини узиб қўйиб, газ қувурига шланг орқали уланиб олиш ҳолатларига гувоҳ бўлдик. Сиз бу ҳолатни газ таъминотидаги етишмовчилик туфайли бўлса керак, деб ўйлаётган бўлишингиз мумкин. Ҳамма гап шундаки, “ақлли” ҳисоблаш ускунасидан фойдаланилганда истеъмолчи газдан қарздорлиги  тўғрисида телефон рақами орқали олдиндан хабардор қилинади. Тўловни вақтида амалга оширмаган истеъмолчи автоматик равишда таъминотдан узиб қўйилади. Ҳамюртларимиз айнан шу вазиятдан қутулиб қолиш, яъни фойдаланилган газ таъминоти учун тўловни амалга оширмаслик учун ускунани узиб қўйишгача боришмоқда. Қарздорликдан қўрқмаган бу тоифа замондошларимиз, афсуски, тўлов миқдоридан ҳам ортиқча жарима тўловини амалга оширишларига тўғри келмоқда. Жумладан, юқоридаги 138 та ҳолатда 125 млн. 111 минг сўм миқдоридаги моддий жавобгарлик чораси қўлланилди.

Мутасадди идора вакиллари томонидан бу каби тадбирлар вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам давом эттирилмоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?