Сув сарфини камайтириш — энг долзарб вазифа

14:28 07 Февраль 2024 Жамият
219 0

Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилотида ўтказилган жамоатчилик эшитувида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б. Жузбаев Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ўтган 2023 йил давомида амалга оширилган тадбирлар бўйича ахборот берди.

Жамоатчилик эшитувида видеоконференсалоқа шаклида Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси А. Хамзаев ҳам иштирок этган бўлса, бевосита залнинг ўзидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Л. Сейтова ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, корхона ва ташкилот раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Жамоатчилик эшитуви давомида депутатлар ва бошқа фаоллар сув хўжалиги соҳасидаги кейинги ислоҳотлар ва амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам сўрадилар ва бу борада ҳам қўшимча ахборот берилди.

Таъкидланганидек, минтақамизда тобора кучайиб бораётган сув тақчиллиги туфайли Амударё ҳавзасидан Оролбўйи ҳудудларига етиб келаётган сув миқдорлари йилдан йилга камайиб бормоқда.

2023 йил 29 ноябрь кунги қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва сув йўқотишларининг камайтириш чоралари бўйича ўтган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан “каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил” эълон қилинган эди.

Шу нуқтаи назардан қараганда ўтган 2023 йил биз сувчилар, шу жумладан барча сув истеъмолчиларининг оғриқли муаммоси бўлган каналларимизда катта миқдордаги сув йўқотишларни камайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар бошлангани билан тарихий йил бўлмоқда.

Бу борада берилган топшириқлар асосида 2023-2024 йилларда кластер ва фермер хўжаликлари ҳисобидан 1000 км ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш ишларини амалга ошириш белгилаб олинди.

Бетонлаштириладиган ички ариқларнинг хўжаликлар кесимида карталар ишлаб чиқилиб, ҳар бир туманга масъул вакиллар ва лойиҳачи ташкилотлардан ходимлар бириктирилди. Бугунги кунда барча туманларда ички суғориш тармоқларини бетонлаш ишлари уюшқоқлик билан давом этаётгани айтиб ўтилди.

Шунингдек, тадбирда канал ва мелиорация объектларини реконструкция қилиш жараёнида уларнинг ҳимоя зоналарида ёввойи ҳолида ўсиб чиққан дарахтларни зарурат туғилганда кесиш масаласи ҳам муҳокама этилди. Бу борада сув хўжалиги ва Экология партияси ўзларининг таклифларини билдиришди.

Тадбир якунида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б. Жузбаев ва Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти раиси А. Бегимова ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандумни имзоладилар.

Ғайрат ОТАЖОНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?