Сурхондарёда Ватан ҳимоячилари куни нишонланди
14 январь, Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги Сурхондарё вилоятида юксак руҳ, катта тантана ва кўтаринки кайфият билан нишонланди.

Байрам тадбирлари Термиз шаҳридаги Хотира майдонида бошланди. Унда вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, офицер ва сержантлар, ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар фахрийлари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Ҳарбий оркестр садолари остида “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилиб, Ватанимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталиги йўлида жон фидо қилган мард ўғлонлар хотираси бир дақиқа сукут билан ёд этилди.

Шундан сўнг Термиз шаҳридаги “Санъат саройи” мажмуасида тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Сурхондарё вилояти ҳокими — Ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Улуғбек Қосимов иштирок этиб, йиғилганларни Қуролли Кучларимизнинг 34 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан самимий табриклади. Табрик нутқида мамлакатимизда мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар алоҳида таъкидланди.

Тадбир давомида Қуролли Кучлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда сидқидилдан хизмат қилаётган бир гуруҳ ходимлар вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимовга Миллий гвардия қўмондонининг “Намунали хизматлари учун” I даражали кўкрак нишони топширилди.

Байрам тадбирлари якунида Қуролли Кучлар оркестр ва ансамбллари ҳамда вилоят Маданият бошқармаси санъаткорлари иштирокида намойиш этилган ранг-баранг концерт дастури юрт посбонларига чинакам байрам кайфияти улашди.

Мардлик, садоқат ва ватанпарварлик тимсоли бўлган Ватан ҳимоячилари шарафига ўтказилган ушбу тантаналар Сурхондарё аҳли қалбида фахр ва ифтихор туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Фарҳод ЭСОНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди
- Тошкентда туннель девори ўпирилиб тушди
- Президент раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди
- Уюшган жиноятчилик ва кибержиноятларга қарши курашиш такомиллаштирилади
- АҚШ Ҳўрмуз бўғозида кемаларни кузатиб боришни бошлаши мумкин
- 14 март куни кузатиладиган об-ҳаво прогнози эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг