Сурхондарёда аёл ва чақалоғини молхонада сақлаганлар узоқ муддатга қамалди
Видеодан кадр
2025 йилнинг сентябрь ойида Сурхондарё вилояти Узун туманида аёл ва унинг янги туғилган фарзандига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик қилиб, бир неча ой давомида мажбуран молхонада сақлагани ҳақида хабар берилган эди. Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов аёл ва унинг боласига нисбатан ваҳшийларча муносабатда бўлганларга суд ҳукми ўқилганини маълум қилди.
Қайд этилишича, Жиноят ишлари бўйича Узун туман судининг ҳукми билан А. Ш. (эркак, 1981 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган) Жиноят кодексининг 126-1, 127, 25,135 ва 138-моддаларида, М. Ш. (аёл, 1975 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган), К. Ш. (аёл, 1978 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган) ва З. А. (аёл, 1951 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган) 104, 127, 25,135 ва 138-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.
Суднинг ҳукми билан А.Ш.га 13 йил, М.Ш. ва К.Ш.га 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, З.А.га 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Шунингдек, биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция/кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинди.
Узундаги ваҳшийлик
2025 йилнинг 26 август куни Сурхондарё вилояти Узун туманидаги маҳаллаларнинг бирида номаълум аёл киши антисанитария ҳолатида хонадон эгалари томонидан молхонада мажбурий ушлаб турилганлиги ҳақида Ички ишлар бошқармасига мурожаат келиб тушган.
Мазкур мурожаатга асосан маҳалла профилактика инспектори зудлик билан воқеа жойига етиб борган ҳамда хонадон эгаларини қаршилигига қарамасдан молхона эшигини бузиб кирган. Аниқланишича, хонадон эгаси 1981 йилда туғилган фуқаро Ш.А.нинг норасмий турмуш ўртоғи 1997 йилда туғилган фуқаро Х.Г. ва унинг 5 ойлик ўғил фарзандини оғир шароитда мажбурлаб сақлаб келаётгани маълум бўлган. Жабрланувчилар зудлик билан тиббиёт муассасасига жойлаштирилган.
Ҳолат ўрганилганда, хонадон эгаси фуқаро Ш.А., шу хонадонда яшовчи онаси ва яқин қариндошлари билан олдиндан тил бириктириб, норасмий турмуш ўртоғи фуқаро Х.Г.ни руҳий ҳолатидаги ўзгаришлари борлигидан (тилида нуқсони борлиги, фикрларини тўлиқ баён қилишга қийналиши) фойдаланиб бир неча ой давомида унга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ишлатиб, мажбурлаб, хонадон ичидаги молхонада яширин равишда сақлаб келишганлиги фош қилинган.
Ҳозирда жабрланувчи Х.Г. Узун тумани тиббиёт бирлашмаси жарроҳлик бўлимига, фарзанди эса туғруқ бўлимига даволаниш учун жойлаштирилиб, уларнинг соғлиғи билан боғлиқ вазият вилоят ижтимоий ҳимоя бошқармаси масъуллари томонидан алоҳида назоратга олинган.
Ушбу ҳолат юзасидан, Узун тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 126 прим 1-моддаси 7-қисми «а», «е» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар Ш.А. ва унинг ишга алоқадор бўлган уч нафар яқин қариндошлари процессуал тартибда қамоққа олинган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
- Президент прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади
- “Катта сакраш” ёхуд Ўзбекистон сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожида янги босқичга қадам қўйди
- Ўзбекистонда 2025 йилда 150 тоннадан ортиқ сифатли қон тайёрланган
- «Мен президентман. Мен ҳалол одамман. Мен айбсизман»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг