Сурхондарё ва Форс вилояти ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда

10:28 11 Декабрь 2025 Жамият
178 0

Сўнгги йилларда юртимизнинг ташқи иқтисодий алоқалари янги мазмун касб этмоқда. Айниқса, минтақалар кесимида йўлга қўйилаётган ҳамкорликлар амалий натижалар билан бойиб, ҳудудлар салоҳиятини оширишда муҳим омилга айланмоқда. Шу маънода, Сурхондарё вилояти билан Эрон Ислом Республикасининг Форс вилояти ўртасидаги алоқалар изчил ривожланиб бормоқда.

Сурхондарё вилояти ҳокимининг таклифига мувофиқ, жорий йил 7–8 ноябрь кунлари Форс вилояти ҳокими Хосен Али Амирий бошчилигидаги делегация вилоятга амалий ташриф уюштирди. Музокаралар чоғида икки вилоят ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Унда савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш устувор йўналишлар сифатида белгилаб олинди.

Имзоланган келишувларнинг амалий изчил ижроси сифатида Сурхондарё делегацияси Форс вилояти маъмурий маркази — Шираз шаҳрида ўтказилаётган Жанубий Эроннинг энг йирик саноат кўргазмасида иштирок этмоқда. Мазкур ташриф икки давлат ўртасида иқтисодий алоқаларни янги босқичга кўтариш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва қўшма лойиҳалар учун янги имкониятлар очишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Кўргазма доирасида сурхондарёлик делегация Шираз саноатининг салоҳияти, ишлаб чиқариш қувватлари ва замонавий технологиялари билан танишди. Томонлар саноат маҳсулотларини ўзаро айирбошлаш, қўшма корхоналар ташкил этиш, экспорт имкониятларини кенгайтириш ва Евросиё бозорларига биргаликда чиқиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Форс вилояти Саноат, маъдан ва савдо бошқармаси раҳбарияти ушбу ташрифни минтақавий иқтисодий дипломатияни ривожлантиришда муҳим қадам сифатида баҳолади. Уларга кўра, бу каби алоқалар келгусида ўзбекистонлик инвестор ва тадбиркорларни Форс вилоятига кенг жалб этиш учун мустаҳкам платформа яратади.

Мазкур кўргазмада Ўзбекистон, Ироқ ва Арманистондан келган делегацияларнинг иштирок этгани тадбирнинг халқаро саноат ҳамкорлиги майдонидаги аҳамиятини янада оширди.

Сурхондарё ва Форс вилоятлари ўртасидаги ҳамкорликнинг кейинги босқичда амалий натижалар билан янада бойиши, икки давлат иқтисодий муносабатларининг ривожига янги суръат бериши шубҳасиз.

Фарҳод ЭСОНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?