Суперлига. 20-турга тафсилий назар: Ҳакамлик устидан шикоят ва Ғузорда драматик дуранг

20–23 август кунлари Ўзбекистон Суперлигасининг 20-тур учрашувлари бўлиб ўтди.
Тур натижалари
«Шўртан» 3:3 «Навбаҳор»
«Сўғдиёна» 1:1 «Динамо»
«Нефтчи» 3:0 «Машъал»
«Бухоро» 1:0 «Қўқон-1912»
«Андижон» 2:6 «Пахтакор»
«Қизилқум» 1:1 «Бунёдкор»
«Сурхон» 1:2 «Насаф»
ОКМК 3:1 «Хоразм»
Шу тариқа 8 учрашувдан 3 тасида мезбонлар, 2 тасида меҳмонлар ғалаба қозонди, яна 3 баҳс дуранг билан якунланди.
Ҳакамлар баҳси: «Сўғдиёна» – «Динамо»
Жиззахда «Сўғдиёна» ва «Динамо» баҳси катта тортишувларга сабаб бўлди.
3-дақиқада самарқандликлар пеналти талаб қилишди, аммо ҳакам Илгиз Танташев ҳеч қандай қарор чиқармади. 29-дақиқада меҳмонлар ҳисобни очди ва ғалабани қўлга киритади деб турган пайтда, қўшиб берилган дақиқаларда VAR орқали мезбонлар учун пеналти белгиланди. «Сўғдиёна» гол урди ва ҳисоб 1:1 бўлди.
Ўйиндан кейин «Динамо» мураббийи Вадим Абрамов ҳакамликдан норозилик билдирди:
«Охирги дақиқада берилган пеналти сабаб ғалабани бой бердик. VARнинг ишини тушунмаяпман. Биздаги баҳсли вазиятда ҳакам видеотакрорга чақирилмади. Бу икки ёқлама ёндашув эмасми?»
Клуб расмийлари ПФЛга расмий шикоят йўллади. Маълумотларга кўра, учрашув назоратчиси ҳакамга «2» баҳосини қўйган.
«Ғузор трагедияси»: Шўртан – Навбаҳор
Ғузорда ўтган ўйин том маънода драмага айланди.
«Шўртан» иккинчи давра олдидан кучли таркиб йиғди ва бу ўз самарасини кўрсата бошлади. Учрашув 2-дақиқадаёқ Дониёр Нарзуллаев голи билан бошланди. Кейин Педро ва яна Нарзуллаев ҳисобни 2:1 қилди.
Иккинчи бўлимда Педро ҳисобни тенглаштирди, 79-дақиқада Аббос Ғуломов «Навбаҳор»ни олдинга олиб чиқди. Аммо асосий вақтга қўшиб берилган дақиқаларда Пўлатхўжа Холдархонов (собиқ «Навбаҳор» ўйинчиси) «Шўртан»ни қутқарди – 3:3.
«Навбаҳор» устози Сергей Лушан:
«Бундай ўйинлардан кейин инфаркт бўлиб қолиш ҳеч гап эмас. Голни ўзимизга урамиз, қизил оламиз, кейин олдинга чиқамиз ва яна гол ўтказамиз. Афсус».
«Пахтакор»дан йирик ғалаба
Андижондаги «Бобур Арена»да маҳаллий «Андижон» «Пахтакор»ни қабул қилди. Биринчи даврада андижонликлар Тошкентда ғалаба қозонган эди, бу сафар эса вазият тубдан бошқача кечди.
«Пахтакор» биринчи бўлимдаёқ 3 та гол урди. Иккинчи бўлимда бир ўйинчиси майдондан чиқарилганидан кейин «Андижон» 2 та гол қайтарди. Аммо сўнгги дақиқаларда тўлиқ куч билан ҳужумга ўтган «Пахтакор» яна 3 та тўп киритди ва 6:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
«Андижон» 5 йилдан кейин яна ўз дарвозасидан 6 та тўп олиб чиқди. Охирги марта бундай ҳолат 2020 йилда «Бунёдкор»га қарши қайд этилган эди.
Мухлислар ташрифи
20-турдаги баҳсларни жами 39 753 нафар мухлис стадионларда кузатди (ўртача 4 947 киши).
Энг кўп томошабин – Фарғонадаги «Нефтчи» – «Машъал» (11 935 нафар).
Энг кам томошабин – «Бухоро» – «Қўқон-1912» (217 нафар).
Кейинги тур
21-тур учрашувлари FIFA кунларидан кейин, 11–14 сентябрь кунлари бўлиб ўтади:
«Насаф» – «Бухоро»
«Динамо» – «Андижон»
«Навбаҳор» – «Сурхон»
«Сўғдиёна» – ОКМК
«Машъал» – «Шўртан»
«Пахтакор» – «Нефтчи»
«Қўқон-1912» – «Қизилқум»
«Бунёдкор» – «Хоразм»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг