Суперлига. 16-турга тафсилий назар: «Насаф» пешқадамлигини мустаҳкамлади, «Бунёдкор» сенсация яратди

Фото: Иллюстратив фото
1–3 август кунлари Ўзбекистон Суперлигасининг 16-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Ушбу тур доирасида 8 та ўйин ўтказилди, қуйидаги натижалар қайд этилди:
«Машъал» 0:1 «Пахтакор»
«Бухоро» 0:2 ОКМК
«Нефтчи» 1:2 «Бунёдкор»
«Сўғдиёна» 1:2 «Насаф»
«Динамо» 2:2 «Навбаҳор»
«Андижон» 3:0 «Қўқон-1912»
«Шўртан» 1:3 «Хоразм»
«Сурхон» 0:0 «Қизилқум»
Тур натижаларига кўра, 2 та ўйин дуранг билан якунланди, 5 та ўйинда меҳмонлар ғалаба қозонди. Фақат бир ўйинда мезбон жамоа — «Андижон» ғалаба қўлга киритди.
Сенсация: «Бунёдкор» «Нефтчи»ни Фарғонада мағлуб этди
«Нефтчи» – «Бунёдкор» учрашуви олдидан кўпчилик «фарғоналиклар»ни яққол фаворит сифатида кўрган эди. Бу бежиз эмас: «Бунёдкор» ёзги трансферлар пайтида Одил Ҳамробеков ва тўпурар Луиз Качорридан айрилган, уларнинг ўрни эса тўлиқ тўлдирилмаганди.
Аксинча, «Нефтчи» янги легионер ҳужумчилар — Жоэл Кожо ва Силванус Нимелини жалб этди, шунингдек, Алишер Одилов сингари муҳим футболчи жамоага қўшилди.
Шунга қарамай, «Нефтчи» учрашув давомида «Бунёдкор» дарвозасига 32 та зарба йўллаб, 50 дан зиёд ҳужум уюштирди, аммо реализация паст даражада бўлди. «Бунёдкор» эса ўз имкониятларидан унумли фойдаланиб, сенсацияли ғалабага эришди.
Томошабоп баҳс: «Динамо» – «Навбаҳор» 2:2
Самарқандда бўлиб ўтган «Динамо» ва «Навбаҳор» ўйини Суперлига мухлислари учун том маънода мазмунли шоуга айланди.
«Динамо» илк бўлимда 2:0 ҳисобида олдинга чиқди. Голлардан бирини янги келиб қўшилган Дмитрий Плетнёв киритди. Аммо иккинчи бўлимда «Навбаҳор» ўз ўйинини топди: 50-дақиқада Аббосбек Ғуломов, 54-дақиқада Сайдазамат Мирзаидов гол уриб, ҳисобни тенглаштиришди.
86-дақиқада «Динамо» пенальти қўлга киритди, аммо Журани Феррейра имкониятдан фойдалана олмади. Қизиғи, мавсумдаги илк ўзаро баҳсда ҳам «Динамо» сўнгги дақиқаларда пенальтидан гол ура олмаган эди.
Пешқадам яна ғалаба қозонди
«Насаф» ёзда Акмал Мозговой, Ислом Кенжабоев ва Рубен Хебай каби муҳим футболчилардан айрилди. Аммо бу жамоанинг ҳаракатларига салбий таъсир қилмади. Жиззахда «Сўғдиёна»га қарши кечган баҳсда «қаршиликлар» илк бўлимдаёқ 2 та гол киритиб, ўйин тақдирини ҳал қилиб қўйишди.
«Сўғдиёна» сафида айнан «Насаф»дан бориб қўшилган Рубен Хебай битта гол муаллифлик қилди, аммо бу етарли бўлмади. «Насаф» муваффақиятли сериясини давом эттирди.
Турнир жадвали: пешқадамдан узоқлашганлар кўпаймоқда
16-турдан сўнг «Насаф» 36 очко билан яққол етакчиликни сақлаб қолди. Қизиғи шундаки, кейинги 4 жамоа — «Пахтакор», «Навбаҳор», «ОКМК» ва «Динамо»да 30 тадан очко мавжуд.
Қуйи поғоналарда лига дебютантлари — «Машъал», «Шўртан», «Бухоро» ва «Қўқон-1912» клублари жойлашган. Улар ҳозирча омадли серия бошлашга улгуришмаяпти.
Мухлислар фаоллиги: энг кўп – Фарғонада
16-тур учрашувларини жами 43 517 нафар мухлис стадионларда томоша қилди. Бу ўртача ҳисобда ҳар бир ўйинни 5 440 нафардан ортиқ футбол шинавандалари кузатганини англатади.
— Энг кўп мухлис тўплаган ўйин: «Нефтчи» – «Бунёдкор» (15 240 киши, Фарғона)
— Энг кам мухлис қатнашган ўйин: «Бухоро» – ОКМК (452 киши, бетараф майдон
Кейинги тур: марказий ўйин — «Пахтакор» – ОКМК
Суперлигада 17-тур 5–8 август кунлари бўлиб ўтади. Унда қуйидаги учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган:
«Пахтакор» – ОКМК
«Навбаҳор» – «Сўғдиёна»
«Машъал» – «Динамо»
«Қўқон-1912» – «Нефтчи»
«Насаф» – «Андижон»
«Қизилқум» – «Бухоро»
«Бунёдкор» – «Шўртан»
«Хоразм» – «Сурхон»
Муҳаммадамин Зуҳриддинов тайёрлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг